Микойил Мушфиқ (1908-1939)

Асли исми Мирзо Абдул қодир ўғли Исмоилзода бўлган Мушфиқ (Mikayıl Müşfiq) Боку шаҳрида зиёли оиласида туғилган. Отаси шеърлар ёзган. Мушфиқ бир ярим ойлигида онасидан, олти яшарлигида отасидан етим қолади. Ҳаёт машаққатларини кичиклигидан тортади. Бувиси Қизҳайит бибидан эртак, қўшиқ ва баётлар эшитиб, кичиклигидан шеър ёзишни машқ қила бошлайди.
Ўрта мактабни битиргач, университетга киради ва уни 1931 йилда тамомлайди. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди, айни вақтда матбуотда фаол қатнашади. Шоир ватанпарварлик, мардлик, муҳаббат туйғуларини маҳорат билан тараннум этди.
“Уллар”, “Кун товушлари”, “Жанглар”, “Шангул, Шунгул, Мангул”, “Шаршара” сингари 11 китоби, жаҳон классик адабиёти намуналаридан беш жилдлик таржималари нашр қилинган. Шоир 1939 йил 12 мартда фожиали ҳалок бўлган.

КИЙИК

Беҳосдан сакрама қоя тошларда,
Тошлар оёғингни эзар, кийигим!
Кел, сени кўзларим устида тутай,
Этма ошиғингдан хазар, кийигим!

Нозланиб-нозланиб қиё боққанда,
Маъсума кўнглимни ўтга ёққанда,
У кўз чашмасидан нурлар оққанда
Қайнар булоқларга ўхшар кийигим!

Юлдузлар ҳуснингдан айлайди сўроқ,
Бадназар кўзлардан бўл, эркам, огоҳ,
Кўксимда сайр айла, кетма кўп йироқ,
Ҳижрон тоғларини кезар кийигим!

Шуҳрат таржимаси

ИШҚИМ

Отаю онасиз Офелия каби
Сочлари паришон бир қиздир ишқим.
Қалбимнинг булутли самоларида
Титраган бир ғариб юлдуздир ишқим.

Эҳ ошкор бўлароқ бу она ердан,
Буюк тангри каби тушиб назардан,
Чеҳраси кулмаган харобалардан
Ғамлироқ, бўмбўшроқ, бахтсиздир ишқим.

Ҳаётга боқмагай телбасар каби,
Ҳар бир ҳодисадан бехабар каби,
Ёт элларда қолган етимлар каби
Боши балолидир, ёлғиздир ишқим.
1929 йил

ЯША КЎНГИЛ

Оҳ, бу узун ишқим йўли
Етарми ҳеч бошга, кўнгил?!
Мўлжал олдим, камон тортдим,
Тегди ўқим тошга, кўнгил!

Олов тушди булутига,
Дучор бўлдинг ишқ ўтига,
Қолдинг ҳижрон умидига,
Аё синган шиша кўнгил!

Тарлонсан, ерга қўнмайсан,
Бу тупроқда қувонмайсан,
Мен тўнгдиму, сен тўнгмайсан,
Яша кўнгил, яша кўнгил!

ОҚИМ

Баланд тоғнинг мовий кўзидан балқиб —
Қуйилган ул севинч ёшлари мисол —
Оқаркансан, дилим қинидан чиқиб,
Вужудим учгайдир гўёки шамол.

Эй буюк оқим, эй покиза юрак,
Йўқми орамизда бир кўнгил боғи?
Сасингга сасдош бир бастакор керак,
Эй қувват булоғи, эй нур булоғи!

Сен ҳам шалоласан табъи ўйимда.
Юраклар, ақллар, руҳлар шарқирар,
Сенинг қўшиғингда, ўлмас куйингда.

Фикрлар тупроғи, ҳислар тупроғи,
Обиҳаётинг-ла чечаклар очар,
Эй ҳавас булоғи, қўшиқ булоғи!
1937 йил

БИР ҚУЁШУ, БИР НИГОҲ

Ҳаммаёқда совуқ, қору қаҳратон,
Чилланинг жони ҳам келмиш бўғзига.
Кечки изғирину шомги бу бўрон
Тушмиш нақл бўлиб халқнинг оғзига.

Борлиқ сокин, борлиқ гўё лол,
Ва лекин яқиндир фасли гулистон.
Яшил манзаралар худди бир хаёл,
Ҳалитдан ўнгимда бўлур намоён.

Қорга тегиб субҳий Куёшнинг қўли,
Шарқираркан сўлим сувларнинг йўли,
Ҳар ёндан баҳорга ёғди олқишлар.

Сен ҳам ўт нигоҳ-ла менга боққан он
Эриб дилда ҳижрон, бу қиш, гуландом,
Сенга қучоқ-қучоқ гул этар инъом.
1936-1937 йиллар

Ғулом Исмоилов таржималари

ЯША, КЎНГИЛ!

Оҳ, бу узун савдо йўли
Қачон тушди бошга, кўнгил?!
Нишон олдим, камон отдим,
Тегди ўқим тошга, кўнгил!

Бир ўт тушди булутина,
Ёнди кўнгил ишқ ўтина,
Қолдинг ҳижрон умидина,
Айт, нетарсан, шиша кўнгил?

Тарлонсан, кўкдан энмассан,
Бу тупроқда севинмассан.
Мен кўнарам, сен кўнмассан,
Яша, кўнгил, яша, кўнгил!

СEНИНГ КУЛИШЛАРИНГ

Қаршимда нозланиб яна кулурсан,
Билсанг кулгуларинг нимага ўхшар?
Мен десам ортиқдур, ўзинг билурсан –
Лола япроғида шабнамга ўхшар.

Сенинг кулгуларинг бир эпкин каби
Эсаркан,орзумда гуллар очилур.
Кулса дудоқларинг – юлдузлар каби
Руҳимга бир сарин нурлар сочилур.

Сўйла, гўзалларнинг дудоқларинда
Бу янгроқ кулгулар пинҳон тушмидур?
Сенинг ҳар қаҳқаҳанг – ой қанориндан
Кечган булутмидур,учган қушмидур?

Сенинг кулгуларинг ёз саҳариндан
Ҳиссимга, фикримга гўё ранг олур.
Кулгин! Шоирларинг кулишларингдан
Ўлишни билмаган бир оҳанг олур.

Сен кулар экансан бу шод кунимда,
Қаршимда очилур, жонланур баҳор.
Баъзан тушларимда, баъзан ўнгимда
Чақмоқларим чақар, тошади анҳор.

Жаҳонким, сўлмаган бир боғча-боғдур,
Бунда раво эрур кулгудан ўлмак!
Бечорадир, кимки қароқабоқдур,
Нақадар ярашар инсонга кулмак!

ИШҚИМ

Онасиз, отасиз Офелия каби
Сочлари паришон бир қиздир ишқим.
Қалбимнинг булутли самоларинда
Титраган бир ғариб юлдуздир ишқим.

Бир меҳр кутганча ул шан кўзлардан,
Буюк Тангри каби тушиб назардан,
Чеҳраси дилдаги харобалардан
Яна ғамли, яна ҳиссиздир ишқим.

Ҳаётга боқмаган дарбадар каби,
Ҳар бир ҳодисадан бехабар каби,
Ёт элларда қолган етимлар каби
Бошида минг савдо, тенгсиздир ишқим.

Озарбайжончадан Хуршид Даврон табдил этган

ЯНА У БОҒ БЎЛАРДИ

Яна у боғ бўларди, яна йиғиниброқ сиз у боққа кўчардингиз.
Биз ҳам тилагимизча фалакдан кам олардик,
Сизга қўшни бўлардик.
Яна у боғ бўларди, сени тез-тез кўрардим,
Қаламга сўз берардим.
Ҳар куни бир янги нағма, ҳар кун бир янги илҳом,
Ёзардим саҳар оқшом.
Орзуга боқ севгилим, қанотингдан инжами?
Сўйла, юрагинг жоми?
Яна у боғ бўларди, яна сизга келардик,
Танишардик, кулардик.
Ҳуркак боқишларинг, руҳимни тиндирардинг,
Мани севинтирардинг.
Қизиқ суҳбат очардик, руҳинг эҳтиёжидан,
Қариндошинг, опангдан.
Чекиниброқ кўп замон суҳбатингни аярдинг,
Ман билан алишардинг.
Яна бир юрарди, қалбимиз қизил-қизил,
Сен, эй асмар Тамизли.
Бу ёз бир бошқа ёздир, бу ёз янада хушдир,
Воҳ у қалбаки, бўшдир.
Ҳар уфқда бир ҳавас, ҳар тарафда бир умид,
инсонлар яна масъуд.
Туйғулар яна инжа, фикрлар яна заррин,
Юраклар яна саррин.
Инсонларнинг виқори, талаби яна юксак,
Йўлимизда тош, кессак,
Таъмирланган бир озда. Элларнинг кайфи создир,
Бу ёз, бир бошқа ёздир!
Яна бир боғ бўларди, яна у қумли соҳил,
Сувлар отарди дил-дил.
Сочинг каби товланиб қуёшда товланардим,
Толиб илҳом олардим.
Этагингни ҳавасда қучоқларкан долғалар,
Қалбимда қасирғалар,
Пўртаналар кўчарди, қизғонч, рашк уйғотарди,
Мани ҳирсим бўғарди.
Юлиб олардим сани, долғаларнинг қўлидан,
Ва қучардим белингдан.
Ҳаёлимиз узайди савдо денгизларида,
Қувончлар узорида.
Илҳомимнинг елкани, заррин сочинг бўларди,
Сувлар ҳирсим оларди.
Бу на гўзал шеърдир, бу на гўзал манзара,
Келинг боқинг Хазара.
Чиқайлик Бузовнага кичик қияликларга,
Сайра дилим бир қара. .
Кечалар сайр этаркан, юлдузлар лола каби,
Ишқлар жола каби.
Ҳайратларга ботаркан, атрофга қара-қара,
Энг яқин бир одам-ла.
На гўзалдир тингламоқ сувларнинг нағмасини,
Табиатнинг сасини!
На гўзалдир бўлишмоқ, усти ёй фасилларни,
Бу саррин соҳилларни!
На гўзалдир саҳарлар бизнинг буюк руҳимиз,
Ошиб-тошган туйғумиз.
Шакиндаги гулларга, боқаркан лаззат олмоқ,
Бу мовий шеърга солмоқ.
Долғалар каби қалқмоқ, долғалар каби енгмоқ,
Баъзан ҳуркиб чекинмоқ.
Ҳар долға бир кишнаган оппоқ ёлли от каби,
Бизнинг бу ҳаёт каби!
Яна у боғ бўларди савдолар ўлкасида,
У совуқ кўлкасида.
Инжиқ қумлар устида яна қўйиб бошни-бошга,
Ёйни бурардик бошга.
Кунларимиз ўтарди қизғин фараҳлар каби,
Тўла қадаҳлар каби.
Япроқлар орасидан узатилган қўлини,
Қанот каби қўлини.
Кечалар тарар эди сочларингни эй, гўзал!
Сан гўзалми, ой гўзал?
Қўлларингда қўлларим, кўзларингда кўзларим…
Тўкиларди сўзларим,
Кўнглингнинг қулоғидан бир қизил тана каби,
Қуёш дугона каби.
Бу ёз дўстларим бир оз бахтиёр бўлажаклар,
Жон-жигар бўлажаклар.
Бир озда узоқларга очажаклар елканни,
Руҳ янги, роҳат янги…
Чиқадилар фалак ҳам қучоқ очар,
Булутларнинг шовқини.
Учадилар сабоҳга, учадилар эртага,
Эфир бўшлиқларига.
Вақтида бир кўлкадек ҳур яшамоқ истаган,
Бу инсон ўғли билсанг.
Озодлик ўлкасида яна шод бўлажакдир,
Дунё дод олажакдир.
Яна у боғ бўларди, яна йиғинганча сўз,
У боққа кўчардингиз.
Биз ҳам муродимизга етиб ҳам олардик,
Сизга қўшни бўлардик.
Яна у боғ бўларди, сани тез-тез кўрардим.
Қаламга сўз берардим.
Ҳар куни янги нағма, ҳар кун бир янги илҳом,
Ёзардим саҳар-оқшом.
Орзуга боқ севгилим, қанотингдан инжами?
Сўйла, юрагинг жоми?

РАССОМ

Рассом, севгилимнинг расмини кел чиз,
Севгилим гўзалдир, сен ҳам гўзал чиз.
Нозидан азобда, нози азал чиз,
Қўй унинг нозини ман ўзим чизай.

Чиз унинг қорадан-қора қошини,
Чиз,рассом чиз унинг инжа белини,
Кўзига боқолмай, ушла қўлини,
Жон олар кўзини мен ўзим чизай.

Чиз Тангри бергани гўзал қулини,
Чиз тўрт тарафини,ўнгу-сўлини,
Чиз унинг кечирган ҳаёт йўлини,
Қўй оёқ изини мен ўзим чизай…

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси