Мадина Гулгун (1926-1992)

Мадина Гулгун (Mədinə Gülgün) Бокуда туғилган. Озарбойжонда хизмат кўрсатган санъат ходими. 1938 йилда унинг оиласи Жанубий Озарбойжоннинг Ардабил шаҳрига кўчган, кейин Табризда яшаган. Бўлғуси шоира Табриз драма театрида, “Озарбойжон” газетасида ишлаган. Озарбойжон Педагогика институтини битирган.
Илк шеърлари Табризда эканида газеталарда чоп этила бошлаган. Кўплаб қўшиқлар муаллифи сифатида танилган бу шоиранинг “Савалан бўйларида” (1950), “Дунё овози” (1951), “Муқаддас узук” (1953), “Парвона” (1955), “Табриз қизи” (1956), “Умр ҳам бир орзудир” (1976) шеърий тўпламлари эълон қилинган. Шоира 1992 йил 17 февралда Бокуда вафот этган.

ҲАЁТДАН ИСТАГИМ

Бир қултум сув, бир ҳовуч тупроқ,
Бир чинор сояси кифоя менга.
Бир сулув бинафша, бир яшил япроқ,
Ҳазин бир най саси кифоя менга.

Бир бошоқ донаси, бир ёруғ осмон,
Тугамас хотирот кифоя менга.
Фироқсиз инсону вафо тўла жон,
Бир умрлик ҳаёт кифоя менга.

Бир гўдак кулгиси, бир тўй садоси,
Бир дўст садоқати кифоя менга.
Қалдирғоч чуғури, баҳор нафаси
Ҳамда эл шафқати кифоя менга.

* * *

Бир ҳовуч дон бўлсайдим,
Мен бу жонбахш тупроқда
Кўкарардим, яйрардим.

Қанотли қуш бўлсайдим
Ватаним осмонида
Учиб, яйраб, сайрардим.

ВИСОЛ КЕЛ ДЕДИ

Денгиз соҳилида турардим танҳо,
Оний танҳоликдан юрагим адо.
Самодан, сувлардан келди бир садо,
Булут йиғла деди, денгиз кул деди.

Гоҳ жўшқин сой бўлдим, гоҳ тилсиз оқдим,
Гоҳо чақмоқ бўлиб кўк узра чақдим.
Мен висол ҳажрида йўлларга боқдим,
Ҳижрон келма деди, висол кел деди.

Ҳалол меҳнат билан мен ёздим қанот,
Маъносиз ўтмади умрим бир соат.
Ҳикматли китобга ўхшайди ҳаёт,
Биров билма деди, биров бил деди.

Ҳар кимга очмайман юрак сўзимни,
Гулгунман, тўфонлар букмас тизимни.
Кўкда чақмоқ чақди, босган изимни.
Қуёш силма* деди, ёмғир сил деди.
Ҳижрон келма деди, висол кел деди.
_____________
Силма — артма, ўчирма.

* * *

Ари минг гул-чечакдан
Шира йиғар бол учун.
Булбул сайрар бетиним
Бир ширин висол учун.
Ари тўплаган шарбат
Инсонга насиб бўлар.
Булбулнинг навосидан
Чаман кулар, боғ кулар.
Меҳнат қиламан мен ҳам
Мисралар манглай терим.
Инсонга, табиатга
Туҳфадир ҳар бир шеърим.

ТАНҲОЛИК

Яна ёмғир ёғди, яшин чақнади,
Жўшиб, тўлқин бағрин тиғлади денгиз.
Соҳилни бўш кўриб роса биқнади,
Танҳолик дардидан йиғлади денгиз.

Тундлашди самодек, ўзгарди ранги.
Бир пасда денгизнинг сочи оқарди.
Тўлқинлар чирқираб гўдаклар янглиғ
Орқадан гўёки бизни чақирди.

Товушлар қояга урилиб қайтди,
Денгиз ҳўнг-ҳўнг йиғлади ишон.
Қулоғимга синиқ бир садо айтди
Мени танҳо ташлаб кетма, эй инсон!

БИЛГАЙ

Ҳасрат аламини, висол ғамини
Айрилиқда ёнган кўп жонлар билгай.
Денгизда ғарқ бўлган ёлғиз кеманинг
Чеккан фарёдини уммонлар билгай.

Менга айтманг дея: “кам ловуллаб ён”,
Ишонинг тошни ҳам йиғлатар ҳижрон,
Тоғларнинг оҳидир туман бегумон,
Тоғу тош дардини туманлар билгай.

Мени сўроқларга тутманг, етар, бас,
Орзу юрагимда яшар ҳар нафас.
Кўнглим асрорини тушунмас ҳар кас,
Уни дунё кўрган инсонлар билгай.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси

ТУРНАЛАР ҚАЙТДИ…

Дер эдинг баҳорда кўришамиз биз,
Баҳор келиб, кетди сан келмас бўлдинг.
Бардошларим синди, синди аҳдимиз,
Ойлар келиб- кетди, сен келмас бўлдинг.

Дединг, мен қайтаман турналар билан,
Турналар ҳам қайтди, сан келмас бўлдинг.
Сарғайди яптоқлар, чўлда, чаманда,
Куз фасли ҳам бунда сен келмас бўлдинг.

Дердинг остонангга қўнурман қушдек,
Қушлар чаҳ- чаҳ урди, сан келмас бўлдинг.

Дединг нағма билан дўнаман ярим,
Минг нағма ўч олди, сан келмас бўлдинг.
Тугади умримнинг баҳор кунлари,
Кўнглим сансиз қолди, сан келмас бўлдинг.

Сансиз совуқларда йўлларга боқдим,
Кўзларим қорайди, сан келмас бўлдинг.
О, манинг толейим, о менинг бахтим,
Сўзла, бу не ҳолдир сан келмас бўлдинг.

Дардимни оҳиста, чалдим севгилим,
Софлар ҳам суст оқар, сен келмас бўлдинг.
Ахир қандай айтай, ҳеч кулмас дилим,
Айт бўш қолдинг қайда сен келмас бўлдинг?

Сан узоқ дегандин, узоқ дейсанми,
Яқин, эҳ на дейин, сан келмас бўлдинг.
Тўзимли бўлсам ҳам, чарчайди қайдан,
Юрагим кўнмайди, сан келмас бўлдинг.

Фақат инонаман, бир кун бўлади,
Мен айтмайман унда келмас бўлдинг деб.
Ғамим у ҳасратли кунда қолади,
Ким айтар сен хаёл, ё бир сас бўлдинг.
Кун келар, демасман, сен келмас бўлдинг.

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси