Элчин Мирзабейли (1967)

Элчин Мирзабейли (Elçin Mirzəbəyli) 1967 йил Озарбайжоннинг Ленкоран шаҳрида туғилган. Таниқли журналист, шоир, сиёсий эксперт. “Бир кечанинг танҳолиги”, “Севги мактублари” сингари қатор китоблари чоп этилган. Шоирнинг шеърлари, эсселари, публицистик мақолалари Озарбайжрн, Туркия, Италия, Ўзбекистон ва Россия сингари мамлакатларда нашр этилган.
Озарбайжон ёзувчилар бирлиги аъзоси.

* * *

Демагил йўқ эрур ҳасратнинг сўнгги,
Фақат сен танҳосан, мен эса ёлғиз.
Не чиздинг, не чиздим,
Биларман буни.
Сен ишқни, мен ишқинг суратин чиздим…
Янгитдан ўчир…
Сўнгги сўз не бўлди?
Узоқми йўллар?..
Бунга келма… сира бунга келма ёз…
Санга на юбордим, кузми, ёки ёз?..
Менингчун фарқи йўқ, аъло хазондир!
Яна ичимдаги олов алишмас,
Сен ўз кўзингдаги чироқни ёндир.
Тушдинг, айрилиқнинг измига яна,
Йўлингдан қайтиблар кела оласан.
Дардингни чизасан ичингга яна,
Менинг фарёдимда ўзинг бўласан.

ОЙ ИШҚИ

Кеча қор устида сузилар,
Сабрнинг тунги ноласи.
Сўнг нуқтасидан бўйлаган,
Хотин гавдасининг
Шеваларида…
Тинч Ой…
Севинчнинг…
Қадрнинг…
Айрилиқнинг,
Нафратни,
Бир одимдаёқ
Тинчликка тўкилмиш
Ва хотиржамлик
Сукутига бурилган
Озодлик ҳайкали…
Тинч Ой…
Кўзга сачрамаган
Бир ҳовуч ишқ.

* * *

Ой ишқи?
Бошим осмон бўлди
Бошим осмон бўлди дедилар,
Рангги туманларга, булутга ботар.
Бир парча умид бор оёғим ерда,
Оёғим бир парча умидга ботар.

Бир парча умр бор кўзим ўнгида –
Бокира…
Сўнгида бир фасл ғолиб,
Ўтган йўлларимдан на бир эътироф.
Қайда…
Айтарларим маҳфий сир қолиб.
Бошимнинг устида осмон дедилар,
Оёғим олдинда ёрқин саҳарим.
Энди гуллаётган ғунча лабиман –
Ичимга йиқилган минораларим…

Ёмғирлар тўкилар кипригимизга,
Яна қисматимиз кўз ёши бўлур.
Дардини тангрига сўзлаганларнинг,
Хотира дафтари бош тоши бўлур.

Сингир қулоғимга азон садоси,
Кўзим…
Пичирлашдан бошлар саҳарин.
Мен сени самога бериб кетаман,
Осмони поёнсиз бўлган шаҳарим.

Дилафрўз Акрам қизи таржимаси

ЭНГ ХУШБАХТ ЎЛИМ…

Гар бошинг ёстиққа ётгани дамда,
Қошингга бир одам келмаса оғир.
Умидинг сўнгинчи мартага қолар,
Сўнгинчи умидинг азият чекар.

Хабар бор юрагинг оғриқларидан,
Янги оғриқдан ёнар юрагинг.
Порох ҳидларига тўлар юрагим,
Ичида савдолар пилигин чекар.

Совурган умрингнинг сўнг баҳоридан,
Бир ёдим кўрарсан орзуларингда,
Ўзингни осарсан…
Орзуларинг ҳам
Оёғинг олтиндан курсини босар.

Синар асабларинг – синар тўзимин,
Ейди кўз ёшларинг, ейди ўзингни.
Севган хотининг ҳам юмар кўзини,
Устига севгининг ўртови чекар…

СЕНИ КУТАЯПМАН

Бир кун кўзларингни очиб кўрасан,
Само юзи яқиндан яқинроқ сенга.
Сўнгги нафас каби сўнгги даъфа,
Сўнгги даъфа тегинди сенга.

Бир кун қўлларингни очиб кўрасан…
Дуолар ҳовчинг ичига қўнган.
Бутун орзуларинг болалигингдан,
Бутун умидларинг гўдакка дўнган.

… Бир кун яшарасан…
Аъло бир кун ишон,
Сен учун юз йилнинг савоби келар,
Сўнггида…
Ўлимга мактуб ёзасан,
“Сани кутаяпман жавоби келар”.

МИНОРА СОЯСИ

Дуоларинг ерга дўнар,
Бир мазлумнинг саси каби.
Қулоғингга куй чалинар,
Хотира нағмаси каби.

Бир ҳужрага чекинасан,
Зумрад каби йиғиласан.
Кўкдан ерга йиқиласан,
Минора сояси каби…

УМР ПОРТРЕТИ

Бир девор қурасан хотиралардан,
Юксалар, училар, чўкур ичинда.
Қайга ўз юкини йиғиб оборур,
Қайга ўз уйига тикар ичинда.

Баъзан яқининг ҳам узоққа дўнар,
Руҳинг ўз жисмида қўноққа дўнар…
Бутун умидларинг емоққа дўнар,
Дард тутиб ипини тикар ичингда.

Умр бир отимлик оқлик кабидир,
Тез ўтар, тез битар – афсун кабидир…
Ҳар киши ичида қўшин кабидир,
Ҳар киши аъзодек тақдир ичинда…

ОҒРИҚ

Бир кун озиб қоласан умрнинг айвонида,
Қай туни уйингга оборарлар, билмайсан…
Йиғлай ҳам олмайсан, кула билмайсан…
Йиғлай олмайсан, севина билмайсан…

Тикилиб боқишларинг,
Умр йўлин ярмидан –
Сўнгра…
Кўз ёшларинг ҳам
Сизар
майин – майин…

Кимсасиз чўққиларнинг музлаган қори билан,
Ўртайсан изларини юз йиллик яраларин…
Ўртайсан изларини юз йиллик азобларин…
Ичларини безайсан,
Девор қоғозларида…

АЛЛОҲНИНГ ОЛДИДА

Бир кун асир тушсанг…
Асир кунларинг
Умринг хазон бўлар
Япроқлар каби.

Бир назар ташлайсан хотираларга,
Умрингни қўясан тош эвазига.
Қўлингдан тош тушар умр йўлига,
Кўзингдан тоғ тушар ёш эвазига.

Сўнгра…
Умидларинг сепасан йўлга
Устунниннг тўзини силаб шошасан
Аллоҳнинг олдида битта жард бўлар,
Уни ҳам ярмига бўлиб шошасан.

СОВУҚ СУКУТ

Кетдим, умидларинг йўлда айрилар,
Бир ғариб кўринди бу шаҳар сенсиз…
Совуқ кечаларнинг танҳолигида,
Қишга таслим бўлди бу саҳар сенсиз…
Совуди ҳаволар. .
Юрагим каби,
Чўллар бўз боғлади боқишларимда…
Титраган нафасим чизди расмини,
Чизди ёлғон ишқинг нақшларида…

* * *

Бир альбом ҳозирла расмларимдан,
Ичида кўз ёши бўлмасин аммо.
На оғриқ, на аччиқ, на дард, на азоб,
Унда мозор тоши бўлмасин аммо.

Ғунчалар ичида, гуллар ичида,
Чечак кулишини тотини чиздир.
Чиздир қўлларингнинг ҳароратини,
Титроқ бўсаларнинг суратин чиздир.

Сенинг кўп савдоли боқишларингни,
Сочинг толасида бир бора юбор.
Бу телба савдонинг ишқ шарбатини,
Гулнинг япроғига суз, манга юбор.

Ич-исингдан нозли боқишинг ила,
Қалбингла томошо суратин чиздир.
Самоларда учган турна севгимга,
Кел, ўзинг осмоннинг суратин чиздир.

Аста пичирлагин, севаман сўзин,
Сўнгра чиз, сасингнинг суратин юбор.
Манга сочларингнинг атрини йўлла,
Манга гул нафасинг суратин юбор.

БУ КЕЧА ИСТАМБУЛ КАБИМАН…

Бу кеча Истамбул
Дўстим, на савдолар бошлар,
Сўқоқларингда,
На савдолар битар…
Кўчаларингда…
Шаҳрисан орзу-умидларимнинг,
Бўзумтул кўлкалари…
Бу кеча истамбул кабиман,
Дўстим…
Баландлик дунёсида,
Учади минорларим…
Бу кеча Истамбул кабиман,
Дўстим…
Бир-биридан ўзга суянчиғи бўлмаган,
Қирқ қанотли орзулар кабидир.
Кечга қолганларим…
Бир даъфа учолмаслар…
Ва ҳеч қачон тўймаслар,
Дунёнинг тонгларига…
Эл солланиб
Қоришиқ туйғуларнинг сўнг баҳорига,
Севинч-ла,
Севги-ла,
Нафрат-ла,
Юза-юза,
Ич-ича,
Бу кеча
Бу кеча Истамбул кабиман, дўстим.
Бир саҳар
Фотиҳ бўлган хотин каби юзларим кулади
Хотираларим…
Бу саҳар
Туганмас умидларга овуниб,
Ҳорғин савдолар билан тонгни кутган
Саҳарлар…
Ишқ ва айрилиқ қўрқувчи
Тахта айвонлардан бўйлаган чечаклар,
Ишқ ва айрилиқ қўрқувчи
Бўлинган хаёлларнинг
Елканига узалган қўллар…
Қанотлилар
Қанот қоқиб
Яшарлар умрин.
Кўпикка айланган
Тўлқинлар билан.
Видолар айтади
Умримизнинг сўнг баҳорига…
Тонг ҳали узоқ, дўстим,
Биламан…
Тўғриси…
Бу кеча Истамбул кабиман…

Дилбар Ҳайдарова таржимаси