Таймураз Хажети (1945-1996)

Жанубий осетиялик Таймураз Хажети (1945—1996) “Тўққиз чавандоз”, “Тақдир ва қўшиқ”, “Чақмоқтош товуши”, “Йўллар бахти”, “Оқ тоғлар қўшиғи”, “Тўлиной” сингари шеърий тўпламлар муаллифидир. Т.Хажети (Жусоев)нинг рус тилида “Шамол товуши” номли тўплами чиққан. У Шекспир, Байрон, Китс, Ронсар, Петефи, Мицкевич, Ҳейне, Бодлер, Лорка, Блок, Есенин, Ахматова, Цветаева, Рубцов шеърларини осетин тилига таржима қилган.

ПОЙГАЧИ АРҒУМОҚ

Темир омоч билан ер ҳайдар тинмай,
Пойгалар шуҳратин қўяр хотирлаб.
Беихтиёр бошин силкир пайдар-пай,
Сезар бўйни, бели қотганин терлаб.

Лекин кўзи порлар офтоб тиғида,
Шудгорни оралаб яйрар туёғи.
Кишнаб ҳам қўяди гоҳи-гоҳида,
Томирда қон жўшиб гупирар чоғи.

Кўникиб қолгандир қамчи зарбига,
Узангидан из бор икки ёнида.
Қулоғида ҳамон жаранглаб турар,
Кумуш юганидан таралган нидо.

Оқшом бўйинтуриқ ечилган замон,
Ўйноқлаб қолади гўёки чақмоқ.
Текис дала узра пойга — оломон,
Даъватига кўнмас бирор арғумоқ.

Ўйноқлаб киради овулга ёлғиз,
Кўчани кўтармоқ бўлиб бошига.
Оғилда яширин аста чўкар тиз,
Суйканар пойгачи эгар қошига…

СИЙМО

Ю.Қўчиевага

Мен сенинг сиймонгни чизмоқ истайман,
Хилма-хил бўёқдан танлайман роса.
Илҳом парисидан мадад қистайман,
Қани энди омад кулиб қараса…
Биринчиси — икки марта еттитадан,
Иккинчиси — икки бор ўнта-ўнтадан.
Бошқалари икки марта қирқтадан
Икки марталабдан еттита бўёқ
Сенинг иродангни қилар ифода —
Шунақа эди-да, сенда ирода.
Икки маротаба ўнтадан бўёқ
Изоҳлаб беради ожизлигингни.
Икки мароталаб қирқтадан бўёқ
Акс эттириб турар сахий қалбингни —
Бу сенинг сиймонгдир, сенинг сийратинг.

ЧАҚИРИЛМАГАН МЕҲМОН

Бу кеча негадир қоронғи жуда,
Ёмғир ёғаётир қайдадир сим-сим.
Деразамни чертган ким бўлди шу дам,
Чиқиб мўралайман — кўринмас ҳеч ким.

“Ҳой, кимсан? Болалик дўстиммисан ё?
Соғиниб келдингми мени сўроқлаб?
Жоним сенга садқа, кирақол уйга,
Меҳмоним бўлақол, кўнглимни чоғлаб.

Ўсмирлик йилларим гувоҳими сен,
Ёки илк муҳаббат муждасимисан?
Кутилмаган меҳмон ким бўлди экан,
Зимистон кечада қандай ёсуман?

Меҳмон тушаётир девордан ошиб,
Бу — ўлим, мен сари ахтармоқда йўл!
Йўқол, ажал! Юрма бекор, адашиб…
Чалғинг ўтмас менга… Яхшиси, даф бўл!”

СЕНГА

Ю.Қўчиевага

Севмасдинг ва лекин меники эдинг!
Худди чиғаноқда тинмай шовуллаб —
Мангу тепиб турган денгиз юраги
Бу менинг ноламдир, оҳим — ловуллар.

Менинг номим сира бўлмайди унут,
Қолгум ботаётган қуёшдек тўлиб.
Барча ёмонлигим, ташвиш, гуноҳим
Сенга қайтажакдир яхшилик бўлиб.

Шунда балки мени эсга оларсан,
Ғамгин ҳаётимни сўйларсан бир-бир.
Менинг чала бахтли — чала ҳаётим
Сендан сўнгги қўшиқ бўлиб қоладир.

Сўнган палла менинг ҳаётим шами,
У сўниши тайин куппа-кундузи.
Тоғда ёз кечаси сени ёритгай.
“У севарди” деган фикр юлдузи.

* * *

Ўз ўлимим кўринар менга,
Ана келаётир у яқинлашиб…
Ахир мунча ошиқар, нега,
Нима қилар бунчалар шошиб?

Тун чулғади тоғлар бошини
Қишлоқ жимжит, итлар вовуллар.
Келтирганча кўнгил ғашини
Қора кийди дара, овуллар.

Пастқам томли кўримсиз уйнинг
Ҳовлисида тинмас қадамлар.
Йиғилишиб келдилар анча
Қора кийим кийган одамлар.

Кўп сўз бўлди менинг шаънимга,
Бири қўйиб, бири бошлайди.
Тақдиримдан нолиб даврада
Бир нечаси кўзин ёшлайди.

Кампирларнинг жағи очилди,
Оғзига келганин бирма-бир сўйлар.
Сен чеккада жим ёш тўкасан,
Ҳамма сени — “бека” деб ўйлар.

Ғаминг ҳеч ким аритолмайди,
Азобларинг сезмайди ҳеч ким.
Дилинг ўртаб сен бир чеккада,
Кўзингда ёш, кузатасан жим.

Мунгли-мунгли мўлтирашларинг,
Нигоҳларинг айтар ўз сўзин.
Ич-ичингдан “оҳ” уришларинг
Ёритади марҳумнинг юзин.

ЁЗ КЕЧАСИ

Ойдин ёз кечаси. Сукунат ҳоким.
Чинор тепасида ой сочади зар.
Бу кўҳна қайғули дунёда сокин
Фақат шивирлашар сассиз япроқлар.

Жуда ҳам серковак кекса оқ толлар,
Укки вишиллайди ковакда туриб.
Унинг қулоқлари кумуш тус олар,
Атрофдан кўз узмас, боқар ўй суриб.

Қурбақа қуруллар — ботқоқлик уни
Сеҳрлаб қўйганга ўхшайди бутун.
Майсазорга чўзил — мудраб ол бир оз
Юракларга таскин берар ёзги тун.

* * *

Эшикни очиқ қолдир — қайтиб келарман бир кун!
Йўл топиб чиққандай кўзин қум босган булоқ.
Балки кимдир ортингда пуфлаб ёндираётгандир,
Олови ўчиб қолган ўша ўчоғинг шу чоқ.

Иситиб қўлларини шул ўчоқнинг тафтида,
Қора мўйлавин аста бураб қўяётгандир.
Чирмовиқдай қўллари чирмашиб белинг узра,
Илондайин ўрмалаб, қучиб суяётгандир.

Болта теккач дарахтнинг узилгандай япроғи,
Кипригингдан узилиб тушар айрилиқ ёши.
Елкангдан оғир босиб турса-да ҳижрон тоғи,
Сен яна унутарсан тугаб қалбинг бардоши.

Узиб умидинг бутун, яшадинг кўзингда нам,
Ташвиш билан туну кун мени интизор кутдинг.
Бўридай кемирса-да сени чексиз дард, алам,
Азиз меҳмон кутгандай йўлларимга кўз тутдинг.

Эзгу тупроқ бағрида айрилмагай ҳеч қачон
Жисмимиз бир-биридан, майин табассум — иқрор.
Қадаҳ тўла май тутиб, аразларни унутиб,
Дейсан: — Қалбим сезарди қайтиб келишингни, ёр!

Файзи Шоҳисмоил таржимаси.