Геррит Каувенар (Gerrit Kouwenaar) шоир сифатидагина эмас, адиб ва Бертольд Брехт драмаларининг таржимони сифатида ҳам танилган. 1941 йилда “Баҳор тонги” номли шеърий тўплами билан адабиётга кириб келди. 1940-50 йилларда нидерланд шеъриятида “эксперименталистлар” деб аталган оқим асосчиси бўлиб ном қозонди. Унинг “Мен аскар эмасман” (1951) ҳикоялар тўплами ҳам адабий жамоатчилик ўртасида қизиқиш уйғотди. Кўплаб адабий мукофотлар лауреати бўлган. Г.Каувенар Нидерландияда китоблари энг кўп ўқиладиган муаллифлардан бири саналади.
БУГУН ЭРТА ТУШДИ ҚОРОНҒИ
Бугун эрта тушди қоронғи
Туғруқхонага айланди хонам;
Онам кўйлагининг жимжималарида
Қонлар қотиб қолмиш – худди безакдай.
Мен эса – йиғлоқи чақалоқ –
Тарозида ётибман чириллаб-йиғлаб.
Мен туғилдим, мана, дунёга келдим,
Нафас олмоқдаман, ҳақиқат-ку бу,
Йўргакда ухлайман пишиллаб,
Ноябрнинг узун кечаларида;
Туш кўраман:
Отам ва онам
Пайҳон бўлаёзган майсада ётиб,
Илоҳий ва метин қонунга кўра
“Нимадир” олишар бир-бири ила.
Учиб ўтар аллақандай қуш,
Устимда силкитар қанотларини;
Мен пайдо бўлишим мумкин
эртароқ
Кечиккан йўловчилар олдида
тонгги шаббодадай ҳузурбахш,
Боксчининг зарбасидай залворли!
Эртароқ қоронғи тушган хонада
Сукут сақлар менинг давру давроним.
Тилим танглайимда чалар қўнғироқ,
Янграб турар овозсиз бонг,
жаранг-журунглар.
ТИЛ
Тилни ўйлаб топган-ов қушлар,
Мен – замин ўйлаб топган
ва яратган одам,
ҳеч уча олмайман,
қанот йўқ, қанот,
ердан сағал кўтарилиб туравераман.
Деворлар остида яшириниб туриб,
Мен – нурнинг шуъласи,
уйнинг сояси,
деразадан ялт-юлт кўринаман сал.
Мен – қутида япроқ ёзган дарахтман,
қафасдаги қушман.
Тил ўйлаб топаман мен ҳам ўзимча.
Одамлар эса
ҳадиксираб сўз ичига яширинадилар.
Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси