Гербранд Адриансон Бредеро (1585-1618)

Голланд шоири ва драматурги Гербранд Адриансон Бредеро (Gerbrand Adriaensz. Bredero) Амстердамда тасвирий санъат мактабида ўқиган. Аммо 1608 йилдан бошлаб ўзини бутунлай адабиётга бағишлади. Унинг ижодида Нидерланд халқининг ҳаёти ҳар тарафлама акс эттирилди. Бредеро антик адабиёт ва итальян уйғониш адабиётининг таъсирига тушиб қолмаслик учун қаттиқ курашиб, голланд адабий тили тараққиётига ҳам улкан улуш қўшди. Ўз ижодида ҳеч ҳайиқмасдан оддий маҳаллий сўзлар ва халқ ибораларини кўплаб ишлатди. Шу тариқа голланд реалистик шеъриятининг асосчиси бўлиб қолди.

ХАЙРЛАШУВ ҚЎШИҒИ

Хайр энди, севгилим,
Шу оғир ажрашув лаҳзаларида
Тангри берсин тўзим –
Қўлласин тақдирнинг ларзаларида.
Қалбу жисмимизни асра доимо,
Ўзинг қўлла, Худо,
Қара севгим улканлигига
Сахий ел ато қил
Севгилимнинг елканларига;
Кетаётган ери – кўп узоқ манзил,
Яхши шамолларни унга ҳамроҳ қил!

Қўрқитмасин сирли тўлқинлар
Қоронғида гувиллаб қаҳҳор,
Илтижо қиламан, ёғинлар
Мокисига бермасин озор…
Денгиз туби,
Авайла уни!
Ёвуз Норд шамоли, унга жанг очма,
Унга меҳрибон бўл, қаҳрингни сочма!
Мумкин бўлса агар,
Ўкирма, довул!

Амстердам кемалар туроғида
Бир кема турар жуда ҳам ғамгин,
Бунда бир пул экан маъбуда…
Кир ўрада зўрға топилди ўрин.
Фақат ифлос ўра,
Ёқимсиз шовқин;
Тўлқинлар, кўпиклар тинмайди бир дам.
Хавотирим ортди,
Юрагим ортга тортди:
Йўлда унга беролмам ёрдам!

Пахмоқ булутларни қуёш тилкалаб
Тарқатди ҳаммасин.
Шу кемада кетар менинг маликам –
Гирдобга тушмасин.
Менинг юрагим – лот
Силкинар бот-бот
Денгизнинг тубида – хавфли ҳолатда.

Эсдан айриляпман
Ёлғон эмас, чиндан
Чидолмас шиддатга.

Биласан-ку, ахир, яхши биласан,
Сен менга азизсан, жуда ҳам азиз.
Нега кетаяпсан?
Нечун юраккинанг шу қадарли муз?!
Илҳом қудуғисан,
Нозик дидлисан,
Мен шоҳидман: сенда кўпдир фазилат,
Ҳар гапингдан
Ҳайратга тушади одам,
Айласа диққат.

Сен эса тўлқинлар аро ваҳшатли
Боқаркан, кўзингдан ўтлар сачратма,
Бир ўйлаб кўр
Недир офатлар.
Сен бундай кемалар билан ўйнашма.
Қайиқни сур,
Ёмғирларсиз эллар сари юр.
Балки у ёқларда “тўлқин сардори,
Маъбудалар” яшар, қолмай хумори,
Одамларга беришар фақат
Қувонч ва бахт.

Ажрашув олдидан сенга қараб
очарканман қалбим оғриғин
Улгурмайман барини санаб,
Бари сеники бўлар, гапнинг очиғи.
Оғир-енгил гапларни унут,
Бу ҳижроннинг охирини кут,
Меники бўлиб қол,
Ахир
Айрилиқдай оғир
Юк йўқ, билиб ол.

АСАЛАРИ

Ал-кимёгар, уял: болари сирин
Э-воҳки, бандаси билиши қийин!
Ҳар гул ўртасини ҳидлаб, ҳўп-ҳўплаб
Жон суви, ширасин йиғади тўплаб.
Хартумчаси эса шу билан бирга
Гул ранги, атрини қўймас зарарга.
Улардан йилтиллаб тўкилган иллат
Қўйлар, сигирларга бўлади овқат.

Ал-кимёгар эса ўтга сал тегса,
Ўнгган сомон бўлиб қолади майса.
Ёвуз санъатини қўллаб усталар
Гуллаб турган жойни ювунди айлар.
Болари гул сувин олиб кетган дам
Қолган гул бол берар яна қайтадан.
Ранги порлаб турар, яшнар тобора,
Топ-тоза, ёқимли, нафис ва барра.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси