Жеймс Крюс (1926-1997)

Жеймс Якоб Ҳайнрих Крюс (James Jacob Hinrich Krüss, 31 май 1926 — 2 август 1997) — келиб чиқиши инглиз бўлган немис болалар ёзувчиси.

МУШУК БИЛАН САРДИНА БАЛИҚ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Бир куни соҳилга келганда мушук
Уни гапга солди сардина балиқ:
“Биласан хуриллаб сичқон қувишни,
Уй ичра эплардим мен ҳам бу ишни!

Кел, ҳозир иккимиз алмашамиз жой:
Сен сувда балиқ бўл, яйра, мушуквой,
Мен эса қирғоқда яшай бугундан,
“Пиш-пиш-пиш”, “Пишт!” деган буйруқлар билан”.

Жиддий кўз ташлади балиққа мушук,
Жавоб ҳам бермади гапига тузук.
Индамай орқасин ўгириб шу чоқ
Жўнади, чунки у эмасди аҳмоқ!

СИЧҚОНЛАР ҲАҚИДА

Соат каби чиқ-чиқ сичқон
Бурчакда ов овлайди.
Бароқ мушук эпчил, чаққон,
Ҳурпайиб ин пойлайди.

Куйган ноннинг бурдасини
Кўриб битта Чапани
Шартта бурнин чиқарганди
Тайёр бўлди кафани:

Бир лаҳзада босди таппа –
Мушук қорни бўлди тўқ.
Бурда нон деб ем бўлишда
Ҳеч ҳам қаҳрамонлик йўқ.

ТАКАББУРЛАР ҲАҚИДА

Ким мақтаса болаларини,
Ўзини ва холаларини,
Бошқаларни оми деб билса,
Бемаъни деб илмоққа илса,

Дидсизсан деб қалбини тилса,
Қўполсан деб масхара қилса –
Хабар олсин аввал ўзидан:
Нодонлиги аён кўзидан.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси

ЧАЙКАЛАР ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Болалар қўл силтаб, шодон олқишлар,
Елдек чарх уради оппоқ оқ қушлар.
Балиқчалар нотинч, ана чайкалар!
Фақат сув кўпирар, тўлқин чайқалар.

Чайкалар, чайкалар – сиз қандайсизлар –
Ҳамиша меҳрга ё ундайсизлар?
Олиб келмайсиз-ку, бизга ёмонлик,
Бемалол чарх уринг, бўлсин омонлик!

“Чайкалар, чайкалар, келдилар учиб!”
Макреллар, гулмоҳлар боришар қочиб.
Силташар сузгичу – қанотларини,
Сақлаб қолмоқ чун ҳаётларини!

Рус тилидан Равшан Исоқов таржимаси