Лехнат Паудьял (1885-1966)

Лехнат Паудьял (लेखनाथ पौड्याल) – таниқли непал шоири. “Сати ва кали”, “Қафасдаги тўтиқуш”, “Ёш зоҳид”, “Фасллар ҳақида ўйлар”, “Доно ва қизиқчи суҳбати” каби достонлари ва тўртликлари билан машҳур. Шоир Непал шеъриятига янги шакллар, янги ўлчамларни олиб кирди. Шоир санскрит тилини болаликдан ўрганди, ўша давр Непалдаги ягона санскрит мактабида таҳсил олди. У мактаб давридаёқ шеърлар ёза бошлади, довруғи бутун мамлакатга ёйилди. Қатор дарсликлар, достонлар, афоризмлар унинг қаламига мансуб.

ҲАҚҚОНИЙ ҲИКМАТЛАР

1

Ганг суви бошидан лойқа. Марваридлар денгизда қора.
Зим-зиё самода яшин ярқирар. Ой шуъласи садпора.
Офтоб – ярқироқ гардиш ва тоғларимда оппоқ қор.
Оламда ҳамма нарса ғамгин ва оғир, то кўнгил бемор.

2

Оддий эплаш мумкин шиддатли фил ва уммон китини,
Машинани қамчи ила тўхтатиш, бир тунда уй бунёдини,
Дарёларни чаппа оқизиш, тоғларни елка билан суриш,
Магар астойдил қалб ила интилсанг – бу бошпана қуриш.

3

Учрашсанг қай бир тўра ё тожир билан
Турасан қўл қовуштириб эзгин – гўё бу чиндан.
Ночору йўқсилга хос, айнан тут шу йўлни,
Шунда улар теран англар ҳар дам ўнг-сўлни.

4

Сайёҳ зиёратчига меҳмонхона соз, кўрфаз кўрки бу,
Ажойиб обинон, газанда ўт шўрваси жуда тотли-ку.
Бўйра янчилгандан кўра юмшоқ ва ҳаёт лахтакдан енгил,
Магар очкўз зулук эмас сендаги кўнгил.

ТАНБАЛГА ТИЛАК

1

Кўзлар сўрар: қувонтирсин жаннат раққосалари ишваси!
Қулоқлар ўтинчи: шод қилсин худонинг мукаррам саси!
Бурун хоҳлар: мудом хушбўй ҳид анқисин теварак аро!
Тери истар: момиқ мисол узаниб ҳузур қилса то!

2

Тилнинг илтимоси: энг лаззатли мевалардан тотсам!
Юрак дер: менга бахт бер шунча – денгиздаги сувдай жам!
Кўнгил кўнар: майли, нажот ила йоглар банд бўлсин,
Лекин нима қилай? Мен ялқов. Ором истар вужуд бетин.

ҲАЁТДАГИ БАЁТЛАР

Ожиз илдизларга илашиб, эмар, бир текис интилар,
Дарахтни шохлар ила ёпар, тусу шаклин ўзгартар.
Юзлаб шохчаларни ўраб бақувват сумбатга,
Ўйноқлаб, ярқирар, мовий лианага тирмашар қайта.

ҚАФАСДАГИ ЧУҒУРЧИҚ

Вужуд – суяклар қафаси, ундаги чуғурчиқ – “мен” мендаги.
У ҳазин чийиллашни истар, қай дам озиқ келмас эртанги.
Ҳатто дунё ичимлигин ичиб кўп синаб кўрсин,
Ҳайҳот, асло қондиролмас эди мечкай чанқоғин.

КИМ?

Тери, суяклар, мускуллар, қон дарахт пўстлоғига хос,
Ботинидаги ундан юпқа қатлам эса ниқоб тарҳига мос.
Чуқур кетсанг, кўнгил зириллар барг куртагидек…
Ким, ким айтар бу пўстлоқ ичи бўш қоп каби турар тек?

СУПУРГИ

У ҳовлига ва уйга керак, ҳатто гадой хотинга, ажаб,
Супурги эзгулик келтирар бизга уй-жойни тозалаб.
Бироқ қизиқ: тозалик ила кўзларни хушнуд этар,
Гоҳ сергак супурги олмосни ахлатга олиб кетар.

Рус тилидан Сафар Оллоёр таржимаси