Марио Вирц (Mario Wirz) 1956 йилда Марбург шаҳрида туғилган. Марио кўпроқ табиат гўзалликларини, митти жониворлар ҳаётини шеърда акс эттиради, бу шоирнинг севимли услубидир. М. Вирцнинг «Ҳафтада етти ҳаёт бор» (2003),”Ойпараст” (2003), «Бўрон арафасидаги сукунат» ( 2006) сингари шеърий китоблари адабий жамоатчилик тарафидан илиқ қаршиланган. Шунингдек, унинг 10 дан ортиқ насрий китоблари нашр этилган.Марио Вирц 2013 йил 30 май куни вафот этган.
УЙҚУ
Уйқудаги киши қайиғи
Тушга кирган оғочдан ясалган,
Шу боис тунги бўронда
Чирпирак бўлиб чўкиб кетди-ку.
Доду фиғон ҳам
Тўлқин устида
Узоқ сақлай олмади қайиқни.
То денгиз
Шаҳд ила
Уйқудаги киши юрагига
Бориб қуйилмаганига қадар.
ОЙПАРАСТ
Тушимда сояларим узра
Тез ва чаққон сакраб ўтаман.
Жавоб қайтараман мудроқлар нидосига,
Туннель охирида тўхтаб,
Паролни шивирлаб айтаман.
Тушимда ой нурида шалаббо бўлиб,
Дуч келганни ўзим билан олиб кетаман.
Даст суғуриб оламан юрагимни,
Шунда шаҳардаги барча соатларни
Заррин чанг қоплаган бўлади.
МУЖДА
Унутганларимнинг барчаси
Қайтиб келар яна
Ёруғ из соларак
Тун хотирасига.
Уларнинг номи янграр
Овлоқдаги кулбамда.
Бедор кимсага дахлдор
Ҳукм каби хотирот.
Кўланкаларнинг саслари
Қарзга олинган Вақтнинг
Дақиқаларин санаб биткарар.
Олов ва оташ аро,
Изсиз йўқолган ёз ва қиш
Буларга илова тарзида
Чинқираётган зим-зиёликлар аро
Мағзини чақади мужданинг
Ва берилиб тинглар
Ташна юрак овозларини.
ОИЛА
Барча ҳайрон
Бу йил қалдирғочлар
Уча солиб сочларимга ин қурганига.
Эҳтиёткорлик ила аста нафас оламан –
Чунки қўлтиғим остида тўр тўқимоқда
Ўргимчаклар.
Чап елкам узра тин олиб турар
Қанотлари сариқ митти капалак.
Халал бермаслик лозим буларга!
Янги оиламдан ҳамма ҳайратда,
Бахтимдан озуқа олмоқда, қаранг:
Асаларилар
Ва уларнинг қироличаси.
Немис тилидан Мирзаали Акбаров ва Баҳром Рўзимуҳаммад таржималари