Ҳерта Мюллер (1953)

Ҳерта Мюллер (Herta Müller) «Инсон – баҳайбат қирғовул», «Тулки ўша даврлардаям овчи эди» сингари ғаройиб романлари билан жаҳонга танилган немис адибаси. Хусусан, 2009 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлганидан сўнг дунё миқёсида довруқ қозонди. Ҳерта Мюллер 1953 йилда Руминиянинг Ницкидорф қишлоғида туғилган. Ҳозирги даврда Берлин шаҳрида истиқомат қилади. «Соч тугунида бир хоним яшар»,
«Ўлдирилган дўст», «Кумуш қўнғироқ сочли автомобил қаёққа боради» номли шеърий тўпламлари машҳур.

* * *

Кўйлак остига кўмилиб мен,
Сичқонларнинг толесига эврилишим мумкин.
Ҳа, стол атрофида жимирлаяпти жимлик,
Чолни қоғоздан ясаб қўйишибди.
Катдаги каттакон очликми,
Тиззадан сачраяптими юраккача отқулоқ
Ёхуд булар тамомила ўзгача мавжудотмилар.
Яна сени ўзига тортар давлат иплари,
Бир соат чамаси уйма-уй юрмасдан,
Кумуш ва қўрқувдан иборат калавани кўрасан.

ОЛМА

Устахонасида
Порлоқ пўст
Картошкагул устахонасида
Киндик бурамаси
Пашша устахонасида
Хода ютган каби озғин тан мусиқаси
Лаблар устахонасида қор
Паға-паға ватан соғинчини деб
Кўмирга қарши исён қилиб турибди

***

Эй, кумуш қўнғироқ сочли автомобил қайга боради?
Чинниданмикан, чин иякмикан ҳайдовчи ияги,
Деди: чивинлар кун ўтиб, қора кларнетга ҳамда орзудаги
Жўнгина қўшиққа эга бўлишар экан.
Тафовут шу. У сочларини олдирди.
Қулоқларига ёпишмиш тола-тола соч.
Деди: кўча марҳум ишвагар хоним номида экан,
Бир куни қўрқув ўша хонимга ўхшаб гумбур-гумбур қилди.
Пальто киссасида турган гугурт қутиси эмасман,
Бир куни йўлда кетаётиб йўқолиб қолдим.
Бир куни ломакон зиналарини кўрдим.

***

Ўт-ўланлар маконида ўлдирилган дўст
Бепул тунаш ҳуқуқини қўлга киритди.
Кўча мушуги қорнида
Иссиққина сутни олиб юрибди.
Бош суягида яшил мудҳиш чўғ учқунламоқда
Шамол ўзи ғувиллаб кираётган
Япроқлар сокинлигини билмайди
Тун ҳам билмас ўзи тиккан овозни
Кўтараётган кўйлакни
Бугун барвақтроқ оқшом чўкдими

Немис тилидан Мирзаали Акбаров ва Баҳром Рўзимуҳаммад таржималари

* * *

Овқат еймиз туну кун
дунё ишқи юзларда
қошиқ ва лаблар аро
қон каби бир тўп малина.
Беҳушлик яширингай тунга
соатлар аро
бунда ўрмалайди битта қурт,
еб битирар циферблатни
теваракда бир ўзинг
бошқасини унут…

* * *

Санчқи ерга тушди, воҳ.
Онам айтди: “Ол уни!”
Стол остига кирдим
Кўрдимки унда –
Иссиқ эди – олма пўчоғи каби
Нафис қайишли онамнинг оёқ кийими
Ва оёқларининг ўн иккита бармоғи
Менинг эса икки жимжилоғим йўқ эди…
Сўрашга етмас журъат
Онам эса санчқини кўрсатиб дер:
“Бошқасини келтиринг, официант!”

* * *

Тамаки даласида
Электрчи симга осилиб қолди.
Полиция келди
Кўк рангли чироғи билан.
Бечоранинг кийимидан
Уч ё тўрт ёввойи ўрдак
Майсага қуларкан
Эшитилар хизматчилар қаҳ-қаҳи.
Бахтсиз ҳодисами бу, афсус, нима ўзи.

* * *

Офтоб осмон остидан ўтар
Сим каби узун қовурғалари аро
Ва кундуз куни ҳеч бир дарахт ўсмаган ўша қояда
Теракларнинг сояси қалқар хиёбон каби
Фақат бу кўп йиллик йўнғичқа хиёбони
Уй олдида тўхтар машина ва
Ундан қути кўтарган одам тушар
Отам рад этади, чунки
Машинада бошқа қути бор эди
Ва орқа қаторда
Учта қовун, ўриндиқ, ёстиқ ва адёл
Отам сўрадики, нега айнан биз?
Қутида сизлар ўйлаган нарса эмас,
Шунчаки бу бурчакда кўпми-озми яшаяпсизлар…
деганда отам йиғлаб юборай деди.

Рус тилидан Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси