Азиз Дераман (1948)

Азиз Дераман (Aziz Deraman) – замонавий Малайзия шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири. Пасир-Путих (Келантан штати)да туғилган. Кўп йиллар мобайнида Тил ва адабиёт кенгаши руҳбари сифатида фаолият юритган. “Сен ва мен” (1994), “Ҳаёт қуввати” (2001) сингари тўпламлари нашр этилган.

СЕНИНГ ЧЕҲРАНГ

Оқшом тушар. Тушимда – пари,
Нотаниш ва лекин гўзалдир.
Уфқнинг алвон шафағи ичра
Мен билан сўзлашмоқ истайдир.

Мен чўкарман унинг кўзида,
Хазинамни этарман тортиқ.
Унинг нозиклигин этиб ҳис,
Ҳаяжондан туярман оғриқ.

Шафақ куйлар қўшиқларини
Бу дунёнинг бор лисонида.
Кўрдим, оқиб борарди сароб
Турфа ранг уфқнинг шомида.

У яна ҳам бўлди мубтало.
Умид чертар кўнгил торимни.
Куйларди у, биларди гўё
Менинг дарду армонларимни.

Уфқ бадтар алвон, қаршимда
Қизарарди бадтар ул жонон.
Куйларди у ичкин, баралла
Илк муҳаббат ҳақида нолон.

Умидларин куйлар эди у,
Ёндирарди руҳ, жонларимни.
Гўё билар менинг ғамиму
Юракдаги армонларимни.

Тонг… Кетади уфққа ботиб.

Мен эса ҳали кўп эслаб юрарман,
Унинг чеҳрасини,
Нолаларини.

ХОТИННИНГ МИНҒИРЛАШИ

“Ақлдан оздингизми?” – деган жумла
Бехос тилларидан учди севимли хотинимнинг.
Бу икки сўз учди иттифоқо,
Ҳазиллашиб айтилди,
Аммо юрагимга тушди оғриниб.
Ҳа, ҳокимият ақлдан оздирганлар бор,
Бойлик ақлдан оздирганлар ҳам кўп,
Аёллардан ақлин йўқотганлар бор,
Кийим, ҳашам ақлин олиб қўйганлар ҳам кўп.
Бу дунёда ақлни оладиган нарсалар бисёр,
Гарчанд бу одамларни “телба” демаслар.
Бу сўзларни турлича тушуниш мумкин.
Мен ҳам маълум маънода озганман ақлдан.
Юрагимни ҳаприқтирган ишқдан ақлимни йўқотганман.
Ҳижрон, айрилиқ онларида ақлдан озаёзгандим.
Кўпинча ишдан ҳам шошади ақлим.
Болаларимни ва набираларимни телбадай қучарман.
Аммо, хотин,
Сендан ўзгасига қарайдиган даражада ақлдан озмадим.

ЎҒЛИМ

Ўғлим
Санашни ўрганди:
Бир,
Икки,
Уч,
Тўрт,
Беш…
Мен кейин унинг
Сўзларни ўрганишини
Истайман,
Маъносини
Саноқда,
Ҳатто жуда улкан
Сонларда ифодалаб бўлмас
Сўзларни:
Иймон,
Ватан, Миллат,
Шавкат, Номус ва Қадр.

Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржимаси