Аҳмад Камол Абдуллоҳ (1941)

Аҳмад Камол Абдуллоҳ (Ahmad Kamal Abdullah) – малайзиялик шоир, новелланавис, драматург, адабий танқидчи. Камол тахаллуси билан танилган. 2000 йилдан Малайзия миллий университети фалсафа фанлари доктори. Фалсафий, лирик шеърлари машҳур. “Тафаккур” (1972), “Медитация” (1972), “Давр” (1975), “Кактуслар” (1976), “Соат кафгири” (1983), “Оқ бандаргоҳ” (1989) тўпламлари муаллифи.

МАРЖОН

Мен маржонни биламан –
Денгизда поёнсиз шодага тизилган маржон.
Биламан мен маржонни –
Жилваланган пичоқдай
Кескир, беомон,
Денгиз маликасин нозик сийнасига қадалган
Қилич тиғи каби қиррадор,
Сув парисин юрагин ёрган
Бўрон монанд
Кучли, шиддаткор.
Ажал каби ёприлса қуюн,
У денгизчининг оғир уйқусини
Олов ранглари ила асрайди.
У марварид изловчининг ғурурини парчалар.
Уни қирғоққа тортадилар,
Қайтишни истамайди у.
На изи бор,
На чандиғи бор қонсиз муҳаббат ярасининг –
Фақат кўзлар ва сийналар,
Фақат лаблар ва забон.
Маржонга бўроннинг қичқириғи,
Урҳоси ёпирилмоқда.
Гўё симфония
Осмон назмига ошуфта
Кекса мусиқачининг юзини изламоқда.
Заминнинг шивирлашини
ҳеч кимса англай олмайди.
Бу тўлқинлар йиғиси,
Бўроннинг ичкин увиллашидир.

Мен маржонни биламан –
Ичимда яширин маржонни.
Мен маржонни биламан –
шеърнинг сатрларига беркинган Маржон.
Ичимда яшаётган,
Ярасидан тоза қон сизиб чиқаётган
Оқ чағалайга ҳеч кимнинг ичи ачимас…

* * *

Раббим, Сендан миннатдорман,
Одамларнинг овози – шоири бўлмоқ учун
Сен мени танладинг.
Шоирлар сувларнинг тилини билар,
Қуёшнинг, осмоннинг, ойнинг,
Тоғларнинг, қорларнинг, тўлқинларнинг
Тилини билар шоирлар…
Миннатдорман Ўзингдан, менга мададкорсан
Бу сўз уммонида сузишда, тушда кезишда,
Ажиб муҳаббатингнинг
Ойдин кийимини кийиб юришда.
Мададкорсан йиғлашимда, азобларимда,
Тақиқланган мевани тотиб ёнишимда.
Томоғимда яра – қон оқади, сизади.
Оғриғим қичқирар ва илтижо қилар,
Санчилган тиканнинг тиғи – оташ ўқ.
Ғамлар титратадир, ишқ илоҳийдир,
Шеърият – сукутда, қоғозда сўз йўқ.

Раббим, Сендан миннатдорман,
Мени танладинг,
Ҳидоят айладинг, эрк бердинг менга,
Тўхтаб қолмасликка,
Тушкун бўлмасликка куч бердинг,
Кўҳна тилсимларнинг ғорини очдинг.
Мана, менинг занжирлардан қутулган ўзлигим
Асрларнинг тажрибасини эгалламоқда.
Ўзингга шукур, мен
Азалий кучни сезаман,
Тўлқинларнинг дилтортар нозланишларини илғайман,
Эртак тўқиётган чорлоқларнинг овозини эшитаман
Ва акс эттира оламан.

Раббим, мени танлаганинг учун миннатдорман.

Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржимаси