Бальдомеро Фернандес Морено (1886-1950)

Бальдомеро Фернандес Морено (Baldomero Fernández Moreno) – аргентиналик шоир. “Ҳабаш аёл ҳақида шеърлар”(1920), “Сонетлар”(1929), “Кўплик”(1949) каби йигирмага яқин шеърий тўпламлар муаллифи. Б.Ф.Морено ўз ижодида кундалик ҳаётни ортиқча оҳанжамасиз, борича тасвирлашга интилади.

ҚИРҚ САККИЗ БАЛКОН

Бу уйнинг қирқ саккиз балкони бордир,
Қирқ саккиз балконда бирорта гул йўқ.
Уйнинг эгалари анча кибордир, –
Нимага гул йўқ? – деб уролмассан дўқ.

Бу қандай одамлар, бу нечук қаср,
Остона ошмаса бирор гул, майса?!
Дераза ортида нечанчи аср,
Наҳотки, инсонда инсоф камайса?!

Наҳотки, шоирлар куйламас бунда,
Ишқ ўтида ёнмас, наҳотки, ёшлар?!
Наҳот, соғинмаса дафъатан тунда
Ёрларин сиймтан ул қаламқошлар?!

Яллами, аллами айтса келинчак,
Уйнинг деворига босганча бағир –
Ёсуман ё бошқа бирорта чечак
Бўй таратиб турса, яхши-ку, ахир!

Сизга на қуш ошна, на ёмғир ёрдир,
Туйғулар тумтароқ, лек, кўнглингиз тўқ…
Бу уйнинг қирқ саккиз балкони бордир,
Қирқ саккиз балконда бирорта гул йўқ.

ЎРТАЯШАР БИР ХОНИМГА

Йиллар билан олишмоққа дадил қадам қўярсиз,
Давлатингиз қуёш ҳамда тоза ҳаво – шу бори.
Мева, кўкат, сабзавотга – ибодатсиз – тўярсиз,
Гўшт емайсиз; шундан дилнинг ёзилмагай ғубори.
Сизга атаб либос тиксин, майли, чевар Рафаэль,
Кам-кўстингиз беркитсин, хўп, ипак, бахмал матолар.
Гул бадан ҳам энди қайта таранглашмас, билар эл,
Тавба қабул бўлар, бироқ, ўнгланмагай хатолар.
Бўйнингизга турфа мунчоқ осганингиз абасдир,
Ажинларни ёпа олмас қимматбаҳо зийнатлар.
Болаликка қайтмоқ энди орзуманд бир ҳавасдир,
Билиб қўйинг, шу ҳолда ҳам бор қандайдир ҳикматлар.
Бир санъат бор, яралгайдир ижодкорнинг теридан,
Фақат ўша сақлай олар таровату атрингиз.
Бу мусаввир мўйқалами, ёхуд шоир шеъридан
Сиз гўзаллик ҳақда топган тўртми, саккиз сатрингиз.
Мен бир камтар ижодкорман, иддаолар қилмасман,
Қариликдан сақланмоқнинг бошқа йўлин билмасман.
Бир шеър ила сизни гулдек асрагайман, хоним-эй,
Шунинг учун мени битта ўпиб қўйинг, жоним-эй-й…

МАРСИЯ

Л. Лугонес хотирасига

Баҳайбат эман ҳаққи,
Қушлар сайрар, эҳтимол?!
Тоғдаги харсанг ҳаққи,
Жўшар сойлар, эҳтимол?!
Сийлаган черков хочин
Насимдирмиз, эҳтимол?!
Эшитмаганинг учун,
Биз жимдирмиз, эҳтимол?!

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси