Энрике Банчс (1888-1968)

Энрике Банчс (Enrique Banchs) — аргентиналик шоир, таржимон ва журналист. Э.Банчс мумтоз ва замонавий услубдаги шеърларида шакл ва мазмун ўртасидаги маромни бекаму кўст сақлаб, жўшқин туйғулар эпкинини жиловлай олади. Адиб “Қайиқ”(1907), “Мадҳлар китоби”(1908), “Лочин қўнғироғи”(1909), “Қути”(1911) каби шеърий тўпламлар билан танилган.

ЖАЛА МАДҲИ ЁХУД МЕҲР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Қадим қаср тоқида
Учта санам ўлтирар.
Гоҳ ийнага, гоҳида
Каштасига мўлтирар.

Учта гўзал қаламқош
Кашта тикар, тортар чок.
Кенжатойи сал ғамнок,
Кенжатойи тўкар ёш.

– Бунча ғамгинсан нечун,
Недир оҳлар сабаби?..
Сўроққа тутар қизин,
Тошиб шоҳнинг ғазаби.

– Ипак ила бир шиор
Битгандим мен, бузруквор.
– Яна қанақа шиор? –
Сергак тортди шаҳриёр.

Имконсиз ва чорасиз
Зўрға тилга кирди қиз.
– “Биби Венера нечун
Мени айламиш тутқун?” –

Подшоҳ сал ўсал бўлди,
Сабр косаси тўлди.
– Воҳ, ношукур қизалоқ,
Сенинг жазоинг – қамоқ.

Сабоқ бўлсин нодонга,
Олиб боринг зиндонга.
Бир ҳафта захда ётсин,
Совуқ еб, мумдай қотсин.

Ҳукми подшо вожибдир,
Оширилар амалга.
Титраганича дир-дир,
Қиз олинар “қамал”га.

Уч-тўрт кун кўпми, озми,
Малика чанқаб кетди.
Кўкда кўриб бир ғозни,
Кўзлари чақнаб кетди.

Бир мерган ўшал қушни,
Уриб туширди ерга.
– Кўрганим ўнгми, тушми,
Бир карам кўрсат, мерган.

Пичоқ суякка етди,
Жоним садаға сенга.
Танглайим қуриб кетди,
Бир қултум сув бер менга.

– Шу ишни қилсам агар,
Айриламан бошимдан.
Қўллаёлмас дўст, дигар,
Наф бўлмас кўзёшимдан.

Таланаман битларга,
Ем бўламан итларга.
Қўйинг, мени этманг хор,
Маликам, узр минг бор.

Мерган аста чекинди,
Қир ортига бекинди.

Кимдир эшитса зора,
Ув тортар қиз бечора.
– Она, чанқаб кетдим-ув-в,
Опажонларим, сув, сув-в…

Бир юртнинг маликаси
Бир томчи сувга муштоқ.
На она, на опаси
Унга осарлар қулоқ.

Кутилмаганда шу дам
Жала қуйиб қолди-ку.

Сувга етишди олам,
Орти сувдир, олди сув.
Малика чўзар қўлин,
Мерган садоғин тутар.

Сел очар ҳаёт йўлин,
Одамлар меҳр кутар.
Ҳеч ким қолиб қайғуда,
Ташна ва хор бўлмасин.
Кимса бир қултум сувга,
Меҳрга зор бўлмасин.

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси