Андрес Элой Бланко (Andrés Eloy Blanco) Венесуэлада давлат арбоби ва шоир сифатида танилган. Ташқи ишлар вазири ва бошқа лавозимларда фаолият юритган. Бадиий ижодини 1918 йилдан бошлаган. 1921 йилда “Она тупроғим” илк шеърий китоби дунё юзини кўрган. Сўнгра “Испания оҳанглари” (1923), “Дарахтларни ардоқлаш вақти” (1928) ва бошқа китоблари нашр қилинган.
ЎРМОНДАГИ ЁВВОЙИ
Аввал ўрмонга
дарахт кесувчилар келишди,
Сўнгра – темир йўл қурувчилари.
Улар тоғнинг мускулларига
санчилган игнадек
ўрмон баданига кириб
оғритди ёмон.
Дарахт кесувчилар
дарахтларни беаёв кесиб
ўрмоннинг қаърига киришди теран,
дафъатан
уларга дуч келди
минг йиллик дарахт.
Ғалати келгиндиларнинг
бераҳм нигоҳларидан
жунжикиб
шовуллаган япроқлари билан
титради улкан дарахт,
мағрур тоғлик оғоч
уларга гул қорачиқлари билан
ташвишланиб боқди.
Дарахтнинг йўғон танасига
Ёппасига ҳамла қилди
гала-гала ойболталар.
Бағри чопилганида,
пайраҳа-пайраҳа бўлиб
учганида вужуди
кучли томирлари билан
тобора маҳкамроқ
тирмашди ерга.
Минг йиллик танаси оғирлашди минг бора,
дарахт оға бошлади бир ёнбошга тобора,
тирноқлари
она тупроқ баданига санчилди чуқур.
Ниҳоят, қарсиллаб қулади
улкан дарахт –
ҳалок бўлди
ям-яшил олам.
ТЕЛЕСКОП
Бир кун оқшом
Улкан телескопнинг қувури бўйлаб
Марсдан учиб тушди бизга сўз.
Марсда нурдан пайдо бўлган сўз.
Томчи-томчи бўлиб нур
Оқиб тушди най-қувур ичидан.
Ирмоқ бўлиб,
Ҳимолайдан ошиб тушди,
Дарё бўлиб,
Ҳиндистондан тошиб тушди,
Осиёни, Ер юзини босиб тушди.
Сўнг ҳар уй,
ҳар хонадонда
одамлар
нур забонли оғасининг
туғилганин нишонлашди.
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси