Ян Райнис (1865-1929)

Буюк латиш шоири Ян Плиекшан Райнис (Rainis – Jānis Pliekšāns) собиқ Курлянд губернасига қарашли Варславани хуторида туғилди. Немис мактабида ва гимназияда ўқиган. А. С. Пушкиннинг «Борис Годунов» драмасини латиш тилига таржима қилган.
Ян Райнис 15 ёшидан шеърлар ёза бошлади.
Ян Райнис «Диенас лапа» номли латиш демократик газетасида муҳаррирлик қилиб, унда инқилобий ғояларни тарғиб қилди. Тез орада у чор охранкаси томонидан қамоққа олинди. Қамоқда Ян Райнис Пушкин ва Гёте асарларини латиш тилига таржима қилди. Революцион фаолияти учун Ян Райнис 1898 йилда аввал Псковга, сўнг Ляпск губернасига сургун қилинди.
1905 йилда Швейцарияга кўчиб кетишга мажбур бўлган Ян Райнис ватанини соғиниб бир қанча шеърлар яратди.

СИНГАН ҚАРАҒАЙЛАР

Денгизнинг соҳилида ўсарди омон-омон,
Баланд қарағайларни бўрон синдирди ёмон.
Узоқ бир уфқларга улар ташларди назар,
Эгилиш, бекинишдан улар қиларди ҳазар.
«Сен бизларни синдирдинг аямасдан, ёвуз куч,
Сенга қарши дилларда синмас аммо кураш, ўч.
Умид, истиқбол билан тўла фарёд, оҳимиз,
Зўравонликка қарши қўзғалар ҳар шохимиз…»
Синган ҳар бир қарағай худди бир кема монанд,
Денгиз долғаларида бошни кўтарди баланд.
Уларнинг мағрур кўксин синдиролмас пўртана,
Бўронга қарши кураш билан боришар яна.
«Эй ёвуз куч, майлига, бор шиддатингни кўрсат,
Биз бахтиёр соҳилга борурмиз, етиб фурсат!
Сен бизларни, майлига, аямасдан эз, синдир,
Нурли, мовий соҳилга етажакмиз барибир!»

Ж. Жабборов таржимаси

ЭНГ УЛУҒ ВАТАН

Нега азиз бўлса орқада қолди?
Тиғ тегиб йиқилган сув ўтларини
Тўлқин оқизгандай, оқиб кетдик биз.
Энди сув ўтлари узундан-узун,
Тор янглиғ эшилган илдизи билан
На силлиқ тошларга, на қамишларга,
На жонажон соҳил қумлоқларига
Илина олади,—
Сузар тўхтамай.
Биз туғилган ирмоқ қолди йироқда,
Энди беватанмиз,
Не қилмоқ керак?
Бошпана излаймиз мйҳнат қилмоқ-чун,
Ахир қад тикламоқ даркор янгидан.
Лекин у бизларга ватан бўлолмас,
Ҳеч қаер ўхшамас ўз ватанингга.
Бошпана… Енгилроқ олсанг-да нафас,
Офтоби ёрқинроқ, ери яшилроқ,
Одамлари эса оқибатлироқ
Бўлса-да,
«Ватан» деб атолмас тилинг.
Бизни қониқтирмас ҳеч ўзга диёр,
Мабодо уйғонса дилда қаноат,
Қарғаб ўтар эдик ўз-ўзимизни,
Аммо қониқсак ўз- ватанимиздан,
Мудратса бизларни ҳозир қаноат,
Бўлмасди бундан ҳам бахти қаролик.
Биздан бу серқуёш, жажжи ўлкани
Юлиб олгандингиз,
Унинг ўрнига
Сизнинг қўлингиздан ер куррасини
Тортиб олажакмиз энди бутунлай.
Бугун ўз юртимиз ўзимизга тор,
Ватан уфқлироқ бўлмоғи даркор.
Унда жой йўқ ҳозир тафаккур учун,
Бағрида ҳиссиёт ёзолмас қанот,
Қалашган деворлар қисар нафасни.
Кенгликда етилган бирорта ҳисни
Жо этмоқчи бўлса ўзига юрак,
Ерилиб кетиши мумкин бемалол.
Мунча тор бўлмасанг, азиз ватаним.
У юлиб олинган ватан ўрнига
Дунёдаги барча мамлакатлардан
Гўзал ва улканроқ диёр қурамиз.
Биз уни албатта олам аҳлининг
Улуғвор порлаган пок шууридан,
Одамзод юраги забт эта олган
Юксаклар, кенгликлар, теранликлардан,
Барча халқлар, тиллар ҳамда ирқларнинг
Биродарлигидан яратажакмиз.
Уни меҳнат ипи билан боғланган
Қўллар ва миялар этажак бунёд.
Фақат бор-будидан ажраб тамоман,
Усган ирмоғидан бадарға бўлиб,
Ер узра ватансиз қолганларгина
Жаҳонга баланддан боқа олади.
Улуғ ғояларнинг соф уруғини
Сепиш ҳам мумкиндир фақат қувғинда.
Келгуси авлодга бахт бағишловчи
Даврон туғилиши мумкиндир фақат
Саргардон оқиллар дард, хаёлидан.
Фақат қувғинларда, юртдан йироқда
Заррин кашта каби порлоқ фикрлар,
Яшил умидларнинг мсвий парвози,
Қалбнинг қайноқ қони, шаффоф кўз ёши,
Тубсиз фиғонларнинг қора дудидан
Бунёд этилажак иккинчи ватан,
Энг улуғ, энг улуғ ватан ҳақида
Уйлар етилиши-пишиши мумкин.
Ватанки, камалак каби товланиб,
Кўкка юксалмоқда,
Бутун дунёни —
Ягона бахт билан пайванд этар у.

ЯНГИ ЗАМОН

Елдай жилоланган янги, соз дамлар
Келмас, келтирмаса уни одамлар.

Кимки боссин деса улкан иш олға,
Бугунча дам бериб ўлтирмас қўлга.

Ҳар одам ўт қалаб таратсин зиё,
Тафтида исиниб яйрасин дунё.

Бир уй қурайликки ёнма-ён туриб,
Унда инсон бахти кулсин барқ уриб.

Ҳар киши офтобнинг нурига қонсин,
Улаб қувончига элнинг қувончин.

Аммо жилоланган янги, соз дамлар
Келмас, келтирмаса уни одамлар.

МАНГУ ҲАМОҲАНГ

Ваҳималар ётдир менга,
Юрагим метин.
Бир кун мен ҳам ўларман-ку,
Йўқолмам лекин.
Уммонларни, ўрмонларни
Чайқатган бўрон
Овози-ла менинг созим
Янграр ёнма-ён.
Соҳил ўпган оппоқ тўлқин,
Момақалдироқ.
Кўчкин булут билан созим
Ҳамоҳанг ҳар чоқ.
Шафақ билан бирга кўчса
Тонг шабадаси,
Саломимни элтар сизга
Унинг нафаси.
Қуёш ғарбга, уйга эса
Чўкканди тинчлик,
Шафақ яна бошим узра
Ёяр ёпинчиқ.
Ваҳималар ётдир менга,
Юрагим метин.
Бир кун мен ҳам ўларман-ку,
Йўқолмам лекин.

Ҳ. Шарипов таржималари