ҚУЁШ
Чиққин, қуёш, чиққин!
Нурли, мусаффо юзинг билан ярқира,
эрка қуёш!
Кўтарил тоғ чўққилари узра
Ва ёрит туннинг зулматини.
Кўтарил тоғ чўққилари узра,
Ёндир, абас айла қоронғиликни.
Мен нафратланаман ойдин тундан,
Хуш кўрмайман ойдин тунни —
Ой дарёларни кўз ёшлари мисол ёритган палла.
Қуёш, эрка қуёш,
Сен чиққанда яшил тоғлар
Менга гўзал кўринар.
Унинг қулоч отган силсилалари
Кўзим яйратар,
Мен хуш кўраман яшил тоғларда ёлғиз қолмоқни.
Мен оҳуни кузатаман, кўздан қочирмайман
Қуёш остидаги серхол оҳуни.
Оҳунинг изидан эргашаман қуёш тиғида,
Агар тутиб олсам,
Мен ўйнашаман у оҳу билан.
Мен изидан эргашаман йўлбарснинг,
Йўл-йўл йўлбарснинг,
Агар тутиб олсам,
Ўйнашаман мен йўлбарс билан…
Қуёш, эрка қуёш,
Чиққин!
Сени мен кўрганим дамда илк тонг,
Гулларни, йиртқичларни ва қушларни
Чақираман баланд овоз-ла.
Баланд овозда хитоб қиламан,
“Тўхтанг бир лаҳзага” дейман
Ва ёнимга чорлаб барчани,
Янги кун шукуҳидан туяман сурур.
ҚАБРИСТОН МАДҲИЯСИ
Тепачалар — қабристондаги
Яшил майсалар-ла безанган дамда
Унча қайғули ва ёлғиз кўринмас.
Оқарган чаноқлар қоронғиликда
Таратар мурдалар ҳидин.
Тириклигида кўп оҳлар чеккан мурда
Заминга қуёш нури тушган лаҳзада
Бирдан хўрсинишдан тўхтади.
Гиёҳлар аро гуллар айиқтовонлар,
Чиройли сайрар бунда қушчалар.
Ётар мурдалар юмшоқ қабрларида
Баҳорнинг қуёшида исиниб.
ТОБОНГ ТОҒИ
Тоғ қушчаси энди ҳеч қачон
Сайраш учун қайтмайди.
Булутлар сузиб борар экан,
Яйдоқ саҳроларга
Қайтмайди энди ҳеч қачон.
Инсон руҳидан асар йўқдир бунда —
Бу тоғларда фақат шомнинг изи бор.
Мен чақираман баланд овоз-ла
Йўқ кимсани.
Фақат акс-садо даралар аро беҳуда санғиб,
Қайтар ўзимга.
Шафақдаги қизил қуёш
Тоғлар соясини узайтар,
Шом ўрнини олар серюлдуз кеча.
Вақт ўтиши билан
Ҳаёт совуқлашиб борар,
Муҳаббат эса изтиробга тўлар тобора.
Фақат сени деб қалбимни очаман мен
Бу ғуссага, бу узун кечага.
Сен қайси мен билмас қишлоқда
Ҳордиқ чиқараётирсан –
Ўтказаётирсан бу кечани?
Мирпўлат Мирзо таржимаси.