Чон Чҳол (郑澈) – корейс шоири. У корейс тилида биринчи марта “Сонган каса” деб номланган шеърий тўпламни тузган. Унга каса – лирик шеърлар ва 80 дан ортиқ сижо киритилган. Унинг шеърлари корейс халқининг миллий қўшиқларига айланган. Шоир вафотидан сўнг, 1632 йили невараси унинг етти жилдли “Сонган асарлари”ни тўплаб нашр қилган. 1685 йилда Сонган Кореянинг бошқа машҳур шоир ва ёзувчилари қатори “Мунчхон” – “Ёрқин адиб” унвони билан тақдирланган. Бугунги кунда Чон Чхоль корейс миллий шеърияти асосчиларидан бири сифатида ҳурмат билан тилга олинади. Чон Чҳол туғилган кун бутун миллат томонидан кенг нишонланади.
* * *
Унинг вафодори бўлмоқлик учун,
Фақат вафо учун келдим жаҳонга;
Бизни тақдир ўзи қўшганди мангу,
Наҳот шундан фалак бехабар бўлса?
Фақат унга эди гул ёшлигим ҳам,
У ҳам ёлғиз мени севарди – ёлғиз,
Меҳру оқибати, дилдан севиши –
Жаҳонда ҳар недан қимматроқ эди!
Севганимдан асло жудо бўлмаслик –
Шу эди умримда биргина армон!
Ёшимиз қайтганда, не важдан ахир,
Биз ҳижрон доғида, мен азобдаман?
Дунёдан ҳам кечиб, ёр-ла кўшкларда,
Фароғатда ширин яшардим қандоқ!
Шарманда ҳаётга тутқунман ҳозир,
Шундан олдин сўнг бор тарагандим соч.
Уч йилки, сочларим кўрмайди тароқ,
Упа-элигим ҳам тайин турибди,
Лекин пардозга ҳам ортиқ хушим йўқ,
Нетайки, кўнглимда соғиниш дарди,
Бағримни эзади қайғум, ўз нолам,
Кўзларимда бўлса ёш оқин-оқин.
Одамзод умрининг бир чеки бор-ку,
Менинг қайғум чеки кўринай демас!
Кимсага тутқизмай, чопар экан вақт,
Дарёдай оқаркан, кетга бурилмай,
Кўз очиб-юмгунча айланаркан йил,
Кетиб улгурмайин, қайта келаркан;
Ниманики кўрсам, неки эшитсам –
Севгимни ёдимга солар ҳаммаси!
У ўз севгилисини кўкламда соғиниши мана қандоқ:
Баҳор шамоллари эсди ногаҳон,
Тўзғиди, ҳадемай, қор тепалар ҳам,
Ҳадемай, деразам тагида, қаранг,
Олхўри гуллабди, бирам хушбўйки!
Фақат нечун тиниқ кўклам гуллари,
Хуш бўй таратишар бунчалар нечун?!
Тун бўлди, ой келди менинг ёнимга,
Болишимда тушган ойнинг шуъласи –
Ёрим руҳи бўлиб кўринди гўё,
Бир нафасда шоду бахтиёр бўлдим.
Гуллаган бир шохни синдириб дарҳол,
Юбормоқ истадим ёримга совға.
Уни ўрар эди қандай туйғулар,
Сени кўрганида, олхўри шохи?
У ўз севгилисини ёзда соғиниши мана қандоқ:
Дарахтлар гул тўкди, лекин қайтадан
Қалин, яшил барглар қоплади барин;
Мен ётаман гуллик пашшахонада,
Шойилар кетида ҳеч ким кўринмас.
Нилуфаргул парда четин сал очиб,
Олтин товус гуллик парда осаман.
Кўнглимни эзғилар ҳасрату алам,
Кун узундан-узоқ, гўё сўнги йўқ,
Ўтириб бичаман ипак кийимлик,
Беш ранг ип танлайман нақш тикиш учун,
Олтин андозада чамалаб расо,
Ёр учун тикаман чиройли кўйлак,
Олтин қўллар – ахир менинг қўлларим,
Тикиб ҳам тугатдим, қандай соз ва боп!
Тахлаб, оппоқ қордай яшм қутичага
Соламан, ёримга юбормоқ учун.
Ёр турган томонга қарайман узоқ,
Лекин йўлда турар қоп-қора тоғлар.
Машаққатли йўл бу, хатарли йўл бу,
Икки ора – узоқ, неча минг фарсах.
Шундай йўлдан қўрқмас киши бормикан,
О, кимда бор экан шундай ўктамлик?
Қандай бахт, гар очса қутичани ёр,
Бу – дийдор кўришмоқ деган сўз ахир!
У ўз севгилисини кузда соғиниши мана қандоқ:
Бир кеча оламни қоплади қиров,
Ғағалаб ўтишди кўкдан ғозлар ҳам;
Бошпанамга чиқдим мен ғамгин, мунглуғ,
Биллурин пардани кўтариб қўйдим.
Ярқирарди шу пайт кўкда тўлин ой,
Юлдузлар чақнарди милт-милт шимолда.
Шодумон ўйладим: Бу – ўша, ўзи!
Истадимки, ойнинг ёруғин олиб,
Феникс гумбазида ёрга юборсам.
Токи менинг ёрим ой ёруғини
У гумбаз авжига қўндириб қўйсин,
Ёришсин коинотнинг бутун гўшаси,
Токи хилват тоғлар, тор далаларда
Доим ёруғ сочсин порлоқ бир кундуз.
У ўз севгилисини қишда соғиниши мана қандоқ:
Қалин қор оламни оққа ўради,
Ердаю осмонда музлади ҳаёт;
Одамзод изини излаш не ҳожат,
На дарранда, на қуш изи бор қордa!
Агар бу жанубда, Сяошуйда,
Хушбахт элда совуқ шунчалар бўлса,
У яшм саройда нақ қаҳратон денг?
Елпиғичда қуёш нурин елписам,
Илиқ эпкин берса ёрим юртига.
Қани, тепамдаги порлоқ шуълалар
Ёримни иситса яшм саройида!
Яхши кўйлак кийиб, жиндак бар уриб,
Зангори енгларим шимарган ҳолда –
Уй бўсағасида хаёлга толдим:
Қандай шармисорман ёрим олдида!
Қуюқ қоронғулик. Олам қоронғу.
Ипакка ўроғлиқ фонус ёнида
Ёлғиз ўтирдим мен бу қиш кечаси.
Ҳатто комунгода ўйнай ҳам дедим.
Дил сиёҳ! Ёримни кўрай деб тушда,
Тўшакка эгилдим секин умидвор,
Лекин бахмал кўрпа оғуши ҳам муз,
Қачон битар экан бу ёвуз кеча?!
Кун кетидан – кунлар ўтиб боради,
Ой кетидан – ойлар кетиб боради,
Қанчалар уринмай, лекин бир зум ҳам
Кўз ўнгимдан кетмас ёрим хаёли.
Ҳамиша, ҳамиша уни ўйлайман,
Бу ёлғиз дилимда ўчмас нақш гўё,
Менинг бу дардимнинг шифоси ҳам йўқ,
Юз Пянь Цяо ҳам кўмакдан ожиз.
Мени қийнаётган бу азобларда,
Азизим, эвоҳки, биров гуноҳкор.
Оҳ, тезроқ ўлсайдим, кейин дунёга
Шўх капалак бўлиб, қайта келсайдим!
Хушбўй чечакларга, гулларга қўниб,
Ширасини эмиб, учсам, чарх урсам,
Кейин секин қўнсам ёр елкасига –
Ёр мени танимай қолар эди-я!
Миртемир таржимаси
* * *
Денгиз тинди, соҳилда юрдим,
Сени кутдим – нега келмайсан?
Ой тоғ оша чиқди осмонга,
Сени кутдим – нега келмайсан?
Ахир сени қайда кутайин?
Сени қандай, айт, унутайин?
* * *
Юрагимдан ою юлдузни
Юлиб олиб осмонга отдим.
Ҳув, тўқсон лига чўзилган
Осмонда ой-юлдузим қотди…
Ойим ёнсин, юлдузим ёнсин,
Уни кўриб ёрим қувонсин…
* * *
Майли, гарчи битта оқ кўйлагим бор,
Мен уни яхшилаб ювиб оламан.
Қуёшнинг тиғида қуритиб як бор,
Дазмоллаб тонг пайти кийиб оламан.
Топ-тоза матонинг остидан бирдан
Кўтарилар қанот мисоли элкам…
* * *
Бир соя сирғалди сокин сув узра
Кўприкдан ўтарди қари руҳоний.
“Юрмаган йўлинг-ку қолмаган, айтгин,
Тақдир қайга элтар ушбу он сени?”
Йўлидан тўхтамай чол менга шу дам
Осмонни кўрсатди ҳассаси билан…
* * *
Коммунгонинг бир торин чертдим –
У куйлади,фароғат бор деб…
Яна битта торини чертдим –
Мунг янгради,дил ёрга зор деб…
Токи фироқ бор экан, ёрим,
Ким айтар: ғам,ҳасрат бекор деб?..
* * *
Ёрим билан хайрлашар он
Куз шамоли сочарди хазон.
Мана,эриб кетди музу қор,
Гулларини уйғотди баҳор.
Қайғурарман: ҳеч дарак бермас –
Наҳот, энди у менга ёрмас?!
Хуршид Даврон таржимаси
* * *
Комунгонинг* бир торин чертиб
Ором топди пажмурда кўнглим.
Бошқасини чертдим сўнг аста –
Андуҳ ила бўзлай кетди тор.
Ер юзида яшаркан ҳижрон,
Қандай қилиб йўқ бўлсин ҳасрат?!
___________
* Комунго – олти торли корейс халқ чолғу асбоби.
* * *
Нигоҳимда бир-бир акс этар
Шафақрангли осмон ва дарё.
Қамишзорлар узра ёлғиз ғоз
Фарёд тортиб сокин учмоқда.
Мана, куз ҳам охирлаб қолди…
Бироқ йўқдир дўстимдан хабар!
* * *
Бекорчи яшадим ва саёқ кездим,
Ҳавога совурдим кўп йилларимни.
Мақсадим йўқ эди ҳаётда чунон
Ва қила олмадим муносиб юмуш.
Демак, фурсатим ҳам қолмади энди,
Фақат ўйин бўлар қолган умрим ҳам!
* * *
Нилуфар барглари узра уззукун
Тинмай савалади кузак ёмғири.
Бироқ бирортаям из қолмас эди
Унинг камалакваш нафис сиртида…
Сен ҳам шундай гардсиз бўлиб қол,
Шу гулга ўхшагин, эй, менинг кўнглим!
* * *
Нега келиб қолдинг, хушқад қарағай,
Тоғ сўқмоғи узра жар ёқасига?
Инонмассан, вақту соатинг яқин,
Қачон айриласан ўз осмонингдан?
Балки сен одамлар тоғдан тушириб
Чопиб ташлашларин кутаётгандирсан?
* * *
Мен балки буюк Цзя И* учун
Эси паст бўлиб кўринармидим:
Бунда гўё ёлғиз – бир ўзим
Олам дардин олиб кетяпман.
Ёхуд инсон ҳақида тинсиз
Ҳасрат тўкиб йиғламоқдаман!
___________
* Цзя И (мил. авв. 201–169) Хитойда яшаб ўтган давлат арбоби, шоир ва олим. Императорнинг ўғли ҳалокат туфайли вафот этганида Цзя И бир йилгача мотам тутиб, ўзи ҳам қазо қилган экан. Шоир бу шеърида ўз кечинмаларини Цзя И тақдирига менгзашга ҳаракат қилган.
* * *
Эр қазо қилди – ҳасрат ёшлари
Оқиб келар кўкраклар узра.
Биламан, бугун она сутида
Аччиқ таъм бор – инграр чақалоқ.
Кичкинтой, аёл каби тутма ўзингни –
Чунки эркак бўлиб ўсишинг керак!
* * *
Ҳеч вақонг бўлмаса кийишга,
Тортиб олма яқинингдан қабосини.
Ҳеч вақонг бўлмаса ейишга,
Кун ўтказма зорланиб асло!
Булғаниш осондир ҳар бошга,
Сўнгида тозариш мушкулдир!
* * *
Токи тирик экан отанг ва онанг
Ҳурмат қил уларни, таомилдир шу.
Не наф надоматдан оламдан ўтгач –
Асло сўзларингни эшитмас улар!
Ота-онанг учун фарзандлик қарзин
Қайтариб бўлмас ҳеч кўз ёши билан!
* * *
Топилмас дўст у каби содиқ
Қариндошлар ичра ҳам ҳатто.
Ва фақат у менга айта олар
Номуносиб иш қилсам агар.
Мабодо у дунёга келмаганда,
Инсон бўлиб қолармидим мен?!
Рус тилидан Даврон Жаббор ўғли таржимаси