Чо Чжи-Хун (1920)

РОҲИБА РАҚСИ

Оппоқ ёпинчиғи майин шоҳидан,
Қўниб турган капалакдир нақ.
Тақир боши ҳарир мато остидан
Ялтиллаб кўринар.
Ол ёноғи шундоқ масъумки,
Кўнглинг оҳларга тўлар.
Бўм-бўш кат устида шам нури милт-милт.
Нокнинг шохларига қўниб ўтар ой.
Ҳаволанар узун енглар осмонга.
Чиройли, мўъжаз пайпоқларда
Енгил учар унинг оёқчалари.
Кўтаргач у қобоғин майин,
Ёндиргувчи кўзлар нигоҳи
Тўқнашар юлдуз-ла энг олисдаги.
Майин ёноқларда икки томчи ёш —
Юлдуз кўз ёшлари — дунёга муштоқ,
Гарчи бисёр унда ҳали ғам-ғусса.
Дам тўлғанган вужуд, дам яна кўкка
Узатилган қўллар
Кафтларини майин сиқимлаб,
Юракнинг тубидан чиқиб боргувчи
Илоҳий ҳаяжон титроғин берар.
Ушбу тун ҳаттоки чирилдоқлар ҳам
Кўз юммади, ухламадилар.
Оппоқ ёпинчиғи майин шоҳидан,
Қўниб турган капалакдир нақ.

ҚАҚНУС

Забардаст устунлар, қўнғизларга ем,
қўнғироқлар саси таралган
бўғотлар остида унниққан ёзув,
тартибсиз уялар қуриб ташлаган
қалдирғочлар ҳамда ўрмон қушлари.
Бутун мамлакат таъзим қилган қирол тахти
ўргимчак тўрлари билан чулғанган,
устида жамики эзгу тилакни
ижобат қилгувчи ёқут кўзли жуфт
аждаҳо ўрнига иккита қақнус
бураб қадалган.
Қачондир куйлаган бунда қақнуслар.
Соям мовий гумбаз остидан ўтар,
тошли деворлари узра қудуқнинг.
Яшил тошли шокилалар саслари тинган.
Бирдан ўн саккизинчи даражага қадар
амалдорлар йиғилар манзилни кўрсатувчи
тош устунчалар ёнида вужудимга менинг
жой топилмади умуман.
Агар билганида эди
ортиқча кўз ёшлар бачканалигини,
қақнус улкан, чўнг осмонга қараб
аччиқ нолалар қилган бўларди.

АЛАФ ЯПРОҚЛАРИ

Қорли изғиринлар тинмай ялаган
Вайроналари остида кўҳна қалъанинг,
Мана, асрларким ётар улкан тош.
Устидан булутлар сузиб ўтгувчи
Тепаликка ғамгин чиқиб бораркан,
Қорли шамолларга кўксини очган
Алаф япроқларин ҳолин англайман.
Чулғайди эпкинлар мени-да шу дам.
Ҳаёт ниҳоллари гул очган айём
Изтиробга тўла юзларимизни
Бир-бирига яқин келтирган кўйи,
Ҳорғин жилмайганча қурамиз суҳбат.
О, мангу руҳ япроқлари, улар
Вақт оқими сокин оқувчи
Маъволарда фақат гулларлар пинҳон.

Мирпўлат Мирзо таржимаси.