Асл исми Амина Хозим Рамзий бўлган Энгил Кўнгил (Engin Gönül) 1926 йили Кипрда туғилган. Эмина Ўтан тахаллусида ҳам шеърлар битган. “Сенга тўғри” номли шеърий китоби 1952 йили чоп этилган.
ҚИБРИС
Кўлкалар ўпаркан тупроқларингни,
Еллар ўзин кўкка чорлайдир, Қибрис.
Тарих ёзиб олтин япроқларингни,
Сени юлдузларга боғлайдир, Қибрис.
Зумрад бир ёғдусан, рангин чечаксан,
Оқденгиз безаги, қайноқ юраксан,
Яна юксакларга юксалажаксан,
Келажак кечмишинг оқлайдир, Қибрис.
Бу чирой, бу шараф ярашар сенга,
Кулумсар кўзларинг ҳар кулганингга,
Ёлғиз бир яранг бор — куяман шунга,
Шу учун сувларинг йиғлайдир, Қибрис.
Кўкларни ёқса-да айрилиқ, душман,
Сен ўз кўксингдаги Иймонга суян,
Янги Кун отажак эрта тонг билан,
Бу ёвлар кўнглини доғлайдир, Қибрис.
ҚИЗИМ ОЙШАГА
Хонамга ложувард шарпалар тўлди,
Маъсум ой нурлари товланар, кулар.
Илоҳий бир мужда келгандай бўлди,
Деразам кўзида биллур ёғдулар…
Бир он ҳаяжонда титради ичим,
Ёнимда малаклар турганин билдим,
Ўзгарган ҳар неда бошқа бир бичим,
Шафқат-ла дунёга янгидан келдим.
Тангрим ҳузурида дуолар ўқиб,
Шукр айтиб, юкуниб, ерга бош қўйдим.
Ичимда илоҳий завқлар тошиқиб,
Бизга товуш берган товушинг туйдим…
ЁМҒИР
Сувлар ҳаяжонли, кўлкалар намли,
Ҳузурли боқиш-ла йўл олдим боққа.
Бутоқдан айрилган япроқ аламли,
Минг йилнинг азоби юкланмиш тоққа.
Уйлар хаёл сурар. Қайғулар ёвуқ.
Гўё дуо ўқир сарви оғочи.
Бўлса-да қиш юзи туманли, совуқ
Эслашга арзирми ёзнинг қувончи?..
Минорлар узанмиш каби Оллоҳга,
Кўкларни қопламиш илоҳий бир нур.
Дуом шу: ботмангиз энди гуноҳга,
Ёғсин, ичимизни ювсин бу ёмғир…
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси