Маҳмат Али Оқинчи (1901-1992)

ОҚДЕНГИЗ СОҲИЛЛАРИДА

Улуғ онам, менинг руҳим сенинг руҳинг-ла қайноқ,
Юрагим ҳам фақат сенинг ишқинг билан урадир.
Билки менинг соф қалбимда сўнмагай ишқинг ҳар чоқ,
Юз йил аввал қандай бўлса, яна шундай турадир.
Чунки менинг қонимда ҳам бир Усмонли шони бор.
Томиримда оқаётган бир Туронли қони бор.

Етсам дейман қучоғингга, чопсам дейман ёнингга,
Не чораки, асир каби умрим ўтар бу ерда,
Мумкин бўлса ва сиғинсам оғушингга, шонингга,
Бўлмасайди ораликда Оқденгиздан бир парда…
Онам билан кўришайин, қўйвор мени, Оқденгиз,
Жайхон каби кечиб ўтай, жўш кун-туни, Оқденгиз!

Эй ватаним, Тангрим шоҳид, яшаркан унутмасдан,
Ишончим бор, бир кун тағин борадирман қўйнингга,
Гулларингни термоқ учун бўлмасайди шу тикан,
Онатопган етим каби осилардим бўйнингга…
Эй Оқденгиз! Йўл бер менга, тўхта, сувинг оқмасин,
Тўлқинларинг шу ҳижронли юрагимни йиқмасин…

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси