Бесте Сакалли Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятида туғилган. Ғозимағуса Турк Маориф коллежини тугатгач, Шарқий Оқденгиз университети Таълим факултетининг инглиз тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган. 2001-2006 йилларда аспирантурада ўқиб, докторлик илмий ишини ёқлаган.
Шоира ўзининг “İhlal” (2009), “Bir Sen Vakti” (2006), “İnadına Sevdalı” (2003), “Kar Yanığı” (2002), “Papatya Seferleri” (2001), “Barış Tüten Mavilik” (2000) номли шеърий китоблари билан шеърият мухлислари эътирофига сазовор бўлди.
***
ва
ёза бошладим
“бундай бошланмайди” дедилар
“ва икки гапни боғлар” дедилар
“ва деб бошлаб бўлмас” дедилар
бошладим
тингламадим уларни
“ва” ила бошладим
аслида сўнгсиз бўшлиқ бор аввалида
улар кўра олмадилар
улар фақат уқтирилганни билишар
мени асло тушунмаслар
***
“ва” билан бошладим
чунки давом этиш овозимдир “ва”
“ва” дедим ўзимга
“ва” дедим ақлимга
“ва” дедим қалбимга
уйғотдим уларни
силтадим
суғуриб олдим мудроқ
кўзларидаги аллаларини
***
уйқуда ҳам тушларимда ҳам
“ва” деб айтдим тинмадим
“ва” бақирдим
“ва” сўзладим
“ва” басталадим
ҳам бир марта эмас
юз марта айтдим
ҳатто охирига бир “а”ни қўшиб
“ваа” дедим
ҳаяжонга солмоқ истадим
ҳаяжонингдан
қониб қониб ичмоқ истадим
***
чунки ёзмасам
унутардик барча барчасин
унутардик орзуларни ҳам
умид бермоқ учун
қилдим атайин
***
боғда тошни ёриб унган зариф ўт ишонтирди мени
қояларни тешиб оққан сув
Эрнст Хеменгуейнинг “Чол ва Денгиз”
асаридаги кубалик балиқчи
“12 йиллик асорат” филмидаги Соломон Нортуп
ҳар доим шу ерда тургувчи уйим
бу стол
бу қалам
менга дарддош бўлган эски ўйинчоғим ишонтирди
бўлмаса мен ҳам йўқ эдим
бўлмаса мен ҳам бўлмасдим
***
аммо ёздим
“ва” дедим
***
топдим “ва”ни
ҳатто топганим он бўлдим “ва”ни
кўпайсин деб бошланғичлар
кўпайсин деб давом этиш эҳтимоли бўлган ҳаётлар
нафас олсин дея жой очдим
“ва” дедим
***
қоронғу тунларни ёритдим “ва” билан бирга
вақтлар оқди тун ва кун ила
дунёдаги ҳамма қумни оқиттим пастга
умр бир йўлдир дедим
умид бир уйдир
давом эт.
ЖАЗО
сен ҳам биласан
ҳар кун бошқа бир кундир
ҳар кун бошқа бир умид
қуёш чиқар
уйғонади маҳалланинг мушуклари
ва ёға бошлар оқчарлоқлар қийқириғи
кўчалар ўша-ўша, инсонлар бошқа бўлса ҳам
бошқа булутлардан ҳайқирса ҳам ёмғирлар ўша-ўша
тонг оқарар ўша-ўша
ҳаммаси давом этар
яна қолган жойи бир
мен унутдим дерман аммо
эслатгувчи ҳаётдир…
айб менда эмас.
Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси