Полин Жонсон (1861-1913)

Эмили Полин Жонсон (Emily Pauline Johnson, Текахионваке (Tekahionwake) ҳиндуча номи билан ҳам машҳур (10 март 1861, Чифсвуд — 7 март 1913) — канада ёзувчиси, театр артисти. Келиб чиқиши канадалик туб халқлардан. Отаси – могаук қабиласининг сардори бўлган, онаси – инглиз аёли. Полин ўқув ва ёзувни мустақил равишда ўрганган. Расмий анжуманларга ҳам у асосан ҳинду аёллари кийимида келарди. Ижодида ва ижтимоий фаолиятида асосан ҳинду қабилаларининг ҳуқуқлари учун кураш руҳи акс этиши билан шуҳрат қозонган. Унинг бир қатор шеърлари Канада, АҚШ, Англияда жуда машҳур бўлиб, адабий давраларда ифодали (декламация сифатида) ўқилган. Ижод намуналари “Чақмоқтош ва қалам”, “Шогейнапли” , “Мокасиндўзлар”, “Ванкувер афсоналари” китобида нашр қилинган.

КЕКСА ҲИНДУ КАМПИР

Ўрмон йўли ўтган қишлоқдан ошиб,
Атрофни куз, сукут босган бир чоқда,
Яланг оёқларин мажбурлаб босиб
Чўкиртак даладан юриб келмоқда.

Елкалар майишган очлик-оғриқдан,
Ерга боқавериб кўзлар толади.
У ҳар кун далага чиқиб, бўғриққан
Макказорда макка ситиб олади.

Хаёлида эса бошқа бир давр:
Ёвга бош эгмасдан ўтган ҳур халқи!
Ҳозир халқин ҳамма унутворгандир,
Манов тупроқдаги чўкиртак каби…

“КУРАШ! КУРАШ!”

“Қуролингни ташла! – дер менга йиллар, –
Қаршилик нега?
Сўнгги навкаринг ҳам ҳозир ер тишлар,
Нажот йўқ сенга!”
Мен-чи, ёлғизман-у мағрурман бу он:
“Мен шафқат сўрайми?
Асло, ҳеч қачон!”

Лашкарим қирилди, ер билан яксон,
Душман аямасдан қирди беомон.
Ҳамон босиб келар, ғазабкор, тажанг
Кемалар чўкмоқда, давом этар жанг,
Лек мен тик турибман, қутқарайми жон?
Жонимни асрайми?
Асло! Ҳеч қачон!

Ўқдан ғалвир бўлиб кетган байроғим
Тутунда ҳилпираб турибди яккаш.
То тирикман, уриб турса юрагим
Эркимни ҳимоя қилажакман, бас!
Бош эгмасман қаттол тақдирга ҳатто!
Қуролим ташлайми?
Ҳеч қачон! Асло!

ҲИНДУ ДЕҲҚОНИ

Чакалакзорда у ов қурмас энди,
Жонворларни тутиб етказмас озор.
У ибодат қилар ўпиб заминни,
Ов маъбудига ҳам ишонмас зинҳор.

Гулханлар тутунин, ором-роҳатни,
Қизлар кулгисини, кўк юлдузларин,
Ҳатто келар кунни, орзу-ниятни,
Парча нонга бадал қилмоқчи барин.

Эрта баҳор ерга уруғлар сочди,
Боқди кўкдан ёмғир тилаб нечалар.
Дунёга соддадил сирларин очди,
Алмашгани каби кундуз-кечалар.

Қишин-ёз тиним йўқ, суғорар, экар,
Уруғлар ниш берса қанийди кўклам.
Ҳар битта бошоқнинг, ҳар битта доннинг
Бошини силашни истар у бирам…

Санъат Жавоҳир таржимаси