Леонард Коэн (1934-2016)

Леонард Коэн (Leonard Cohen) — Канаданинг Уэстмоунт шаҳрида туғилган. Шоир, ёзувчи, қўшиқчи (бард). 1951 йил Макчилла университетини тугатган. Ўзи ёзган шеърларни ижро этиш билан шуҳрат қозонган. “Гитлер учун гуллар” (1964), “Меҳрибонлик китоби” (1984), “Нотаниш одамнинг мусиқаси” шеърий тўпламларининг, “Севимли ўйин”, “Ажойиб омадсизлар” романларининг, қўшиқлари тўпланган бир неча дискларнинг муаллифи.
2011 йилда Астурия шаҳзодасининг адабий мукофоти билан тақдирланган.

ТИЛЛА СИМЗАНЖИР

Тунда хат ёзмоқдаман. Декабрь. Энг сўнгги кун.
Сен санғиб юргандирсан, манглайи қора акам.
Шаҳар совуқдир анча? Ўтин ёқишар дам-дам
Жаранглаб тўкилади деразадан оҳанг, ун…

Эшитдим, тубконларнинг тубида юрганмишсан.
Ташлаб барча ишингни.
Бахт кулиб боқса яхши – умидим шудир билсанг,
Топдингми, аллақачон дилга яқин кишингни.

Билиб қўй, Жейн кеннойим сен берган тилласимни
Ҳамон бўйнидан ечмай тақиб юрар тумордек.
Тилласим эсга солар сенинг илк ҳавасингни,
Сен-чи, “барча кўприкни ёқдим”… деб юрибсан, эҳ!..

Хўш, энди айт-чи, кўнглинг тинчидими оз-моз, сал?
Аканг кетиб қолдими? – деб сўрайди кўрса ким.
Ўзингни анчагина олдириб ҳам қўйибсан,
Ҳув бир кун учрашганда даҳватан пайқаб қолдим.

Ўша куни вокзалда тинмай роса изғидинг,
Йиртилиб тушди охир ёмғирпўшингнинг енги
Вокзалда юриб-юриб, бир ўзинг қайтиб келдинг,
Икковлон келарсан деб кутиб ётдим мен жинни.

Майса чайнаб турдинг сўнг эшикда беҳафсала
Худди саёқ жўгидай.
Жейн кеннойим тонгсаҳар йўллайди сенга салом,
Аёл десанг, вафодор ёрим десанг – дегудай.

Мен сенга нима ёзай бахтнинг жаллоди – акам,
Ҳаёт зериктирдими сени, ёки синади?!
Буларнинг бари балки яхшиликкадир, қайдам?
Хаёлга балки бир кун қайтиш фикри келади… –

Хаёлда бўлса агар, ака, уйингга келмоқ,
Кўр, кеннойим ётибди ўзни ташлаб тўшакка.
Бахтлими у, билмадим, уни бахтга ёр қилмоқ
Фақат сенинг қўлингдан келадиган иш, ака.

Билсанг, кеннойимдаги ўша тилласим занжир,
Доим сени эслатар қачон ўтирса-турса.
Сени қайтиб келар деб ҳамма умидвор ахир,
Сен-чи “барча кўприклар ёнди…” деб юргандирсан.

Санъат Жавоҳир таржимаси