Раймонд Саустер (1921-2012)

Раймонд Саустер (Raymond Souster) – Канадаликлар энг кўп ўқийдиган шоир. 1921 йил Торонто шаҳрида туғилган. Уруш йилларида ҳарбий ҳаво кучлари сафида, кейинчалик банк соҳасида хизмат қилган. Шеъриятга 40-йилларнинг охирида кириб келди. “Ёшлигимизда” (1946), “Уни, дунё” (1947), “Танланган шеърлар” (1956), “Вақт гуллари” (1964), “Ёмғир муносабати билан” (1975) каби тўпламлари халқ орасида жуда машҳур. Шунингдек, у икки роман муаллифи, кўплаб шеърий антологияларнинг тузувчиси ва муаллифи ҳисобланади. Унинг шеъриятида юмшоқ юмор, халқона фалсафа, жонли сўзлашувга хос бўлган оҳанглар ўқувчи диққатини тортади. Урушга, расизмга қарши руҳда ёзилган шеърлари, мақолалари ҳам халқ орасида шуҳрат қозонган.

ЭЗГУ ОРЗУ

Шаҳарга тун чўкди – яна тун.
Одам оқимига тўлди кўчалар,
Оқиб келаётир,
Оқиб кетаётир
Мавж урган оқим.
Қай томонга боқсанг – табассум балқир,
фаровонлик балқир, балқийди қувонч.
Ҳолбуки биргина лаҳзадан кейин
Мана шу юзларни,
Миллион чеҳрани
Изтироб сиркаси
итқитиб, тўзғитиб юборса – мумкин.
Дунё сукунатга қорилса – мумкин.

Худойим, худойим, бор-йўқ қаҳрингни
Бор-йўқ лаънатингни сукунатга соч!
Парчала сукутни, тарқатиб юбор
Баҳорни осмоннинг кенгликларига!
Кераксиз, нозарур, манфур оғриқни
Резалаб, майдалаб, талқон қилиб от
Сингиб кетсин чексиз йўқликка мангу!
Муҳаббат, меҳр-шафқат, мурувват, тинчлик
– Ҳар бир уйга кириб борсин бостириб!
Шаҳарларни боссин шодлик саслари!
Ракета, бомба, тўп, портлаш овозин
Шодон ҳайқириқлар кўмиб юборсин!!!

КЎЧАДАГИ МАШШОҚЛАР

Мана сизга томошаи икром мурувват
Икки занжи йигит
Йўлакчада ўтириб олиб
бири гитарани тиринглатади,
бири бўғиқ овозда
унга жўровозлик қилар
мадад бўлсин деб.
Чор атрофда сонсиз ҳайбаракаллачилар.
“фиръавнлар” учун тайёр тузоқ –
“лаҳм” дейсиз.

Занжилар куй чалар,
шундай куй чалар:
ғаройиб мусиқа янграр дамба-дам.
Бунақасини сиз на бир дансингда
на қовоқхонада эшитмагансиз:
бу куйлар худди
заминнинг ўз нафасидай ёқимли,
заминнинг ўз оҳангларидай ширин,
заминнинг ўз эҳтироси каби қудратли.

Йигитлар пул ишлаш учун чаляпти, десанг,
йўқ, пул ишлаш учун эмас, улар чалмоқда
чор атрофда тинглаб турган ҳеч кимса йўқдай,
кўзин юмиб, ўзларини унутиб қўйиб,
бахш айлабон бор-йўқ маҳоратин шу куйга.
Мана ҳозир тунд, хўмрайган фиръавн келиб
Сомеъларни – ҳайбаракаллачиларни ҳайдаб солади,
олиб кетар икки улуғ машшоқ йигитни.
аммо энди улар чалган эзгу мусиқа
ўлмайдиган сўлмайдиган тирик оҳанглар
юракларда, юракларда янграйверади.

КЎР ҚИЗ

Кўз қиз ёғоч панжарани
силаган эди –
бирдан унинг қўли остида
дарахт гуллай бошлади!
Осмонга бўй чўзиб бораётган шох
бўйчан ниҳол бўлди,
барг ёзди, куртак.
Ҳозир қушлар учиб келиб қўнар бу шохга,
Қуйлаб-куйлаб юборади бу дарахт ҳозир.

МУШУК

Яқин атрофдами, майли, қайдадир
эшитилса совуқ қотган мушук ноласи, –
Билинг, ёнингизда, анов жойдадир
Совқотмоқда демак одам боласи.

ҚОҚИЎТ

Қоқиўт, қоқиўт, тихирлик қилиб
Агар сен ҳам ўсмасайдинг буёқ томонда,
Манов ҳиссиз темир бетон палахсаларнинг
Умри ўтиб кетарди-я буткул армонда.

ШОКОЛАДНИНГ КЎЙЛАГИ

Шоколаднинг қизил-сариқ кўйлаги
йўлакчага ёпишиб ётар,
уни сира-сира қўзғаб бўлмайди,
супурги билан ҳам қўзғатолмайсиз.
Бу ўжар
“мен шу ерда туғилганман” дегандай
ёпишиб ётибди йўлакка маҳкам.

ҚОРАЯЛОҚ

Қуйруғини тикрайтириб осмонга,
қораялоқ сайрар сиз – оломонга.
Нима, ёқмаяптими?
Ундай бўлса, энди, худди шу ерда
Бошқа бир қуш сайраб берар эртага.

УНИНГ ФИКРИ

Эллик олтинчи стритда,
бир томон –
ётар тўп-тўп газеталар ёнма-ён.
Булар – газеталар эмас эканлар –
Булар – газета ўранган одамлар!
Газетани ўранганча, тўп бўлиб
Кўринаркан кўзга улар кўп бўлиб.
Юринг, қани, оралаб ҳам ўтайлик,
Фикрларига қулоғимиз тутайлик.

Улар ичра бир саёғи гап этди:
– Мен ёпиниб кўрганман кўп газетни.
Айтаверсам барини мен бирма-бир –
Энг иссиғи – бу “Нью Йорк таймс”дир.
Очиқ суҳбат қурар бўлсам сиз билан,
Фақат газета айтадиган сўз билан –
Ачомлашиб ётмоқ қанча роҳатдир,
Газетадан бўлган уй ҳам зўр
бахтдир!

ТАЪСИР ВА АКС ТАЪСИР

Эркаланиб ириллади манов ит менга,
Ирилладим мен ҳам аста жавобан унга.
Шундай қилиб биримизга биримиз
Душман бўлиб кўриндик-ов сал ерда эссиз…
Ким билади, эркаланиб келган бу жонзод
Ҳув… йўқолган дўстин балки қилганмиди ёд?!

ХИЁБОНДА

Жингалаксоч, қора тўрт яшар бола
бир яшарлик, оппоқ қизалоқнинг шод
қўлларидан тутиб ўйнайди, ана
Орадан ўн беш йил ё йигирма йил
ўтсин-чи, мана шу одамизодлар
Бар-бирин овутиб, қўлидан тутиб,
шод-хуррам, кулишиб турармиканлар?

Санъат Жавоҳир таржимаси