Акбар Мирзо. Қоядаги чақалоқ (ҳикоя)

Қуёш тоғ ортига ўтди. Қурбон ака отнинг белига ташланган хуржундан қалин латтага ўралган қўнғироқ олиб, боши баробар кўтарганича қаттиқ чалди. Адирни бирдан қўй-қўзиларнинг баъраган овози тутди. Қўзичоқлар диконглаб чопишдан тўхтаб, оналарини қидириб қолишди.
– Қани, ўтовга, қайту қайт!
Қурбон аканинг ҳайқириғидан сўнг адирни яна жимлик қоплади. Серка буйруқни тушунгандай йўл бошлади, пода аста адир ёқалаб пастга йўрғалади.
Тоғнинг сояси чор-атрофни қоплай бошлади. Узоқдаги қорамтир булутларга кўзи тушган Қурбон ота тоғ ҳавосига ишониб бўлмаслигини яхши билади, кўнглига келган хавотир ичида: “Олапар!” – деди қўнғироқни жигарранг хуржунга жойларкан. Олапар эгасига бир қараб қўйди-да, лапанглаб подани бироз тезлатди. Сурув қоронғи тушмасдан ўтовга етиб келди. Қурбон ака қўра олдида пешвоз чиққан ўғлини кўриб ҳайрон бўлди. Йўлда Олапар бежиз ҳуримаганини, ўтовга етар-етмас чопиб кетганининг боисини энди анг­лади.
– Тинчликми, Эргашали, эрта қайтибсан? – Хавотирини яширолмай сўради Қурбон ака Олапарни силаб эркалаётган ўғлига тикиларкан.
– Тинчлик, дада, тинчлик, – деди Эргашали қаддини тутиб, дадасига салом бергач.
– Биратўла имтиҳонларни топшириб келаман, дегандинг-ку? – отдан тушишга шошилмаган ота ҳамон ўғлига синчков назар ташлаб турарди.
– Ўтган йили ижара турган уйимизда одам бор экан. Яна ўн кунларда бўшармиш. Шаҳарда тентираб юраманми, деб келавердим. Унгача сизга қарашиб турарман, дада, – деди Эргашали энди отнинг жиловини қўлга олиб, унинг кенг пешонасини силаркан.
– Шунақа дегин? – Қурбон ака бу ғамхўрликнинг боисини тушунолмай яна ажабланди. Эргашали эртароқ бормасам бўлмайди, деб туриб олганди-да. Ахир имтиҳонга яқин кетарсан, унгача яхшилаб тайёргарлигингни кўр, яна ўтган йилга ўхшаб киролмай қайтиб келмагин, демаганмиди? Хўш, ким ҳақ бўлиб чиқди? Наҳот бу қайсар бола хато иш қилганини энди тушунган бўлса? Балки шунинг учун отанинг кўзларига тик қарай олмаяптимикан? Ҳа, пушаймон бўлганга ўхшайди. Бўлмаса бунчалар меҳрибончилик қаёқда эди. Қурбон ака ҳамон виқор билан ўтираркан, бошини тебратиб қўйди. Эргашали дадасига қаради: “Тушасизми?” Буни ўзича тушунган ота, ниҳоят, узангига оёғини тиради, пастга тушгач, отининг кетига аста-аста уриб, бугунги хизматига миннатдорчилик билдирди. Толмас бунга жавобан бўйнидаги узун ёлларини силкитди.
Ота-бола қучоқлашиб кўришишди. Эргашали дадасининг соғинганини сезди. “Ота барибир ота-да”, – деди ичида, сўнг чаққонлик билан ишга киришди: отни боғлаб, қўранинг оғзини беркитди. Қурбон ака ўтов четидаги ўчоқ бошида куймаланиб юрган келинига, тарвақайлаб кетган қари тутнинг тагидаги супачада қўлларини йўргакдан чиқариб олганча оғзидаги сўрғични тинимсиз сўраётган неварасига бир-бир қараб чиқди. Тийрак нигоҳлари яна кимнидир қидирди. Ўтов ичидан қўлида дастурхон билан чиқиб келган хотинига кўзи тушгач, вужудини хотиржамлик эгаллади.
Ишини тамомлаган Эргашали супа томон юрди. Тут шохига илинган чироқни бураб ёқди. Кейин бугун роса уч ойлик бўлган фарзандининг устига энгашди. Гўдак дадасини танигандай митти қўлчаларини ўйнатиб талпинди, оғзидан сўрғични чиқариб юборди.
– Сени соғинибди, – деди хонтахта устига дастурхон ёзаётган Тошхон ая жилмайиб. Аммо кейин бирдан ўзгарди: йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тийди, дилини ўртаган гапни эса пичирлабгина айтди: – Буларни опкетиб қолсанг… қандай чидарканман?
– Ҳали кетаётганим йўқ-ку. Аввал ўқишга кирай-чи.
– Барибирам-да, – деди Тошхон ая неварасини қўлга олиб, жажжи бармоқчаларидан кетма-кет ўпаркан.
– Бўлди, она, – Эргашали дадаси томон кўз қири ташлади. – Илтимос, бошламай туринг. Дадам эшитса…
Итининг феъли эгасига маълум, дейдилар. Тошхон ая дарров ўзини қўлга олди: ҳеч нарсадан хабари йўқдай, эрига: “Келдингизми, чарчамай”, – дедию келини томон юриб намиққан кўзларини яширган бўлди.
Оила дастурхон атрофида тўпланганда адир тагидаги ўтовга яна файз кирди. Қурбон аканинг наздида ўғли бироз сермулозамат эди, ўзини анча эркин тутиши, ўқишга киришига ишонч билан гапириши ҳам эътиборини тортган, ҳатто таажжубланишига сабаб бўлаётганди. “Қизиқ, – хаёлидан кечиради ота ошни иштаҳа билан паққос тушираётган фарзандига зимдан назар ташлаб. – Нега бунчалар ичи қизияптийкин?”
Дастурхонга дуо қилингач, Қурбон ака неварасини бағрига олди. “Данагидан мағзи ширин-да”, – деди негадир мўлтираб турган хотинига кўз қирини ташлаб. Кейин болакайни эркалай бошлади. Эргашали бу ҳолни узоқ кузатиб ўтиролмади, ниманидир баҳона қилиб ўрнидан турди. Мазали палов учун раҳмат эшитган келин аввал идиш-товоқларни, кейин дастурхонни йиғиштирди. Каттагина суяк билан сийланган Олапар қўра томон кетди.

* * *

Эргашали барвақт туриб, сурувни олдига солди. Отаси ҳамроҳ бўлай деганди, унамади.
– Чарчагансиз, дам олинг.
Бу ғамхўрликни ўзича тушунган Қурбон ака ноилож ўтовда қолди. “Мендан кейин боқаверасиз, подайизни, дегани-да бу”, – дея хаёлидан ўтказди қўлига кетмон оларкан.
Ўғли шаҳарга кетгандан буён экин-тикинга қарай олгани йўқ эди. Ишлашга фурсат топилгани учун бошқа гапларга қўл силтади. Тепадан сизиб келаётган сув йўлини тўсиб, помидор экилган эгатларга тўғрилади. Кейин сал пастроқдаги теракзор томон юрди. Анча кўзга кўриниб қолган дарахтлар унинг кўзини қувонтирди. Энди уларнинг ёнидан чиққан майда шохларни кесиб, шакл бериш кераклигини ўйлаб ўтовда анча ишлар йиғилиб қолганини пайқади. Эргашалига рухсат берганига ачинди. Шу ишларни у бажарганда яхши эди-да. Олтмишга кирганда дарахтма-дарахт чиқиб юрмайди-ку ахир. Яхшиси, эртага ўғлини ўтовда қолдиради. Ростдан ҳам кетиб қоладиган бўлса, барча қийин ишларни тугатиб кетсин. Қишдан бир амаллаб чиқиб олишса, у ёғи бир гап бўлар.
Гўдак йиғиси эшитилди. Қурбон ака невараси уйғонганини англаб, чайлага қайтди. Қуёшнинг тафти танга ёқа бошлади. Тут соясига келиб ўтиргач, келинига: “Қани, полвонни опчиқинг-чи!” – деди меҳри товланиб.
Зурриёд! Қурбон ака гўдакни қўлга олиб пешонасидан ўпганда юрагида қандайдир ўзи дарров англаб етмаган ҳислар жўш урганини сезди. Насл давомчиси туғилганида бир қувонган бўлса, ҳозир у қучоғини тўлдириб турганидан, бобосига қараб жилмайиб қўяётганидан минг қувонди. Қани эди, Йўлдошали юриб қолган бўлсаю, қадами етган бутун ерларни кўрсатиб чиқса! От миндириб, атрофдаги борлиқ жониворларни бир-бир таништирса, уларга ошно қилиб, меҳр уйғотса… балки шаҳарга кетишни истамаган бўлармиди?
Хотинининг кечаси алламаҳалда айтган гапи эсига тушиб, кўнгли ғашланди. Нима эмиш, агар ўқишга кирса, бола-чақасини олиб кетармиш. Ёпирай, бу нарса унинг хаёлига қаердан келди? Ёки келин шунақа шарт қўйдимикин? Тавба, бу бола шаҳарга ўқиш учун кетяптими ёки оиласини боқишгами?
Уйқуси қочган Қурбон ака кечки овқат устидаги гап-сўзларнинг моҳиятини эндигина англагандай бўлди. Ҳм, ўзини сал баланд тутиши бекорга эмас экан-да. Ҳали институтга кира оладими, йўқми? Яна ўтган йилга ўхшаб… лекин имтиҳонлардан ўтса-чи? Унда нима бўлади?
Қурбон ака беихтиёр қўлидаги гўдакка термилди. Яна бир неча кундан кейин невараси кетиб қоладигандай уни маҳкамроқ қучди. Дадасига йўлдош бўлсин деб, исмини Йўлдошали қўйгани-чи? Энди афсус чекишга ҳожат йўқ: чақалоққа исм қўйилган, қулоғига азон айтилган. Балки ақлини танигач, бобосининг олдига қайтар? Қариган чоғида белига қувват, кўзига нур бўлар. Яна ким билади? Ахир ўғлига ҳам не умидлар билан Эргашали деб исм қўйганди менга эргашсин, ўрнимни боссин деб. Аммо оқибати нима бўлди? Беш-олти кун шаҳарда юриб: “Бирор ҳафтада кетаман”, – деб ўтирибдию, бу гўдак у ернинг нонини еб, ҳавосидан нафас олса, қайтиб келармиди?
Қурбон ака биринчи марта ўзини ожиз сезди. Бироқ тезда фикрини жамлади: ҳозирданоқ умидсизликка тушишни эп кўрмади. Чақалоқни кўтариб ўтов атрофини айлантирди. Келинининг иссиққа олиб чиқманг, деб куйинганига эътибор қилиб ўтирмади. Тоғнинг тоза ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олсин, дея соя-салқин жойларда анча юрди. Ҳатто қорни очқаб йиғига тушганда ҳам онасининг қўлига тутқазишга шошилмади.
“Даданг менданам қайсар чиқибди. Эсини таниганда “Сени ўқитаман”, деган битта гапимни маҳкам ушлаб олганини қара. Ростдан ҳам чин кўнгилдан айтганманми ёки отдан қулаб касал ётганимда жаҳл устида гапириб юборганманми, билмадиму аммо оғзимдан чиққани ҳақиқат. Шунинг учун лафзимдан қайтолмай, ўқишига қаршилик қилмадим. Негаки, киролмаслигига кўзим етади-да. Чўпоннинг ўғли институтга кира олардими? Эртаю кеч қўйнинг ортидан таёқ кўтариб юрган бўлса, қанақа билим бўлсин унда? Ойда бир-икки марта мактабга бориб қўйса, ҳисобга ўтарканми? Ёки мактабни тамомлагани ҳақидаги гувоҳнома нима учун ёзиб берилганини билмайманми? Эҳ, Эргашали-я, Эргашали, гапимга қулоқ тутмади. Ана, ўтган йили нима бўлди? Йиқилган курашга тўймаслигини биламан. Нега сал кунда қайтиб кетаман, деб гапирдийкин? Бу эси паст даданг нимага бунақа дедийкин? Ё мени синаш учун атай айтдимикин? Гапир, гапирсанг-чи, миттивой! Ғала-ғовур шаҳарга кетасанми ёки мана шу тинч, осуда адирда мен билан қоласанми? Мана бу боғни кўряпсанми? Ҳов, анави баланд тоғларни-чи? Ҳа, баракалла. Энди буларнинг ҳаммаси ўзимизники, болам. Уларга кўз-қулоқ бўлмасак, асраб-авайламасак, нима бўлади? Ие, Бургутвой ҳавога кўтарилибдими? Қара, кўряпсанми? Ана, ҳув, ана. Лекин… сал безовтами, дейман. И-и, шеригиям чиқиб олибди-ку. Нега боласини ёлғиз қолдирди экан? Ё сенга ўхшаб уларнинг ҳам қорни очдимикин? Онангни чидолмай олдимизга келаётганига қараганда уям сенинг очиққанингни сезганга ўхшайди. Бўпти, қани, юр-чи, бўлмаса”.
Райҳон ўғлини олиб ўзларига ажратилган чайлага кириб кетди. Қурбон ака дастурхон ёзилган супага келиб ўтирди. Иштаҳаси йўқлигидан, биқинига ёстиқ тиради. Кейин неча йиллардан буён Боботоғни макон қилган Бургутойга термилди. Унинг гоҳ пастлаб, гоҳ баландлаб учишини, баъзида таниш овоз чиқариб қўйишини сал хавотирланиб кузата бошлади. Бояқиш ўтган йили боласидан айрилиб, аламзада бўлиб анча учиб юрди. Бир жойда қўним тополмай ўзини тоғдан тоққа ургани-чи? Тинчлангунча атрофдаги жонзотларни анча ҳалак қилди. Ҳартугул бу йил полапон очиб, яна хотиржам парвоз қила бошлади. Нечта очдийкин? Боласи қанот чиқариб қолгандир?
Дастурхонга нигоҳи тушиб, бир пиёла чой қуйди. Бироқ хаёли ўғлига кўчиб, иштаҳаси йўқолди. “Бу ерда кўп қолмасмиш. Шаҳарда яшаса, худди ўқишга кириб кетадигандай гапирди-я. Нимасига ишоняпти бу бола? Ишлаб қорнига, ижарасига пул топадими ёки ўқишга тайёргарлик кўрадими? Ростданам тушунолмай қолдим. Ҳали келса, жиддийроқ гаплашаман шекилли”.

* * *

Кечқурун суҳбат учун умуман имкон бўлмади. Кийимларини апил-тапил алмаштирган Эргашали қишлоққа тушиб кетди. Синфдоши уйланаётган экан, бормаса бўлмасмиш. Ўғлининг ортидан қараб қолган Қурбон ака балки тўй учун қайтиб келгандир деган ўйга борди. Ижара бандлигини баҳона фаҳмлаб, бошини сарак-сарак қилганича телевизор кўриш учун ёнбошлади.
Эрталаб ўғлини эгарланган от устида кўриб гапиришга яна ботинолмади. Эркаклик туси ураётган Эргашалига от жуда ярашиб турарди. Уларга қараган одам “От – йигитнинг қаноти” деган мақол нақадар тўғри айтилганига яна бир бор амин бўлиши аниқ. Шундоқ ўктам йигитнинг раъйига қарши боргинг ҳам келмайди. Бунинг устига адирма-адир қўй боқиш узоқ сафарга чиқиш билан баробар. Йўлга отланган одамнинг дилини билиб-билмай оғритиб қўйсанг, иши юришмаслиги мумкин. Худо кўрсатмасину мабодо бирор хатарга йўлиқса, бир умр афсус-надоматдан қутулолмайсан. “Кейинги пушаймон – ўзингга душман”, деб бекорга айтилмаган ахир. Марҳум дадасидан эшитган панд-насиҳатлар хаёлидан ўтиб, ортиқча гап қилиб ўтирмади: “Бўпти, яхши бориб ке. Омадингни берсин”.
Тушдан кейин осмонда яна таниш қушлар пайдо бўлди. Диққати бўлинган Қурбон аканинг қўли ишга бормай қолди. Бургутларнинг шиддатли парвози кўнглини хижил қилди. Нима бўлдийкин уларга? Кечаям бунчалик бе­зовта эмасди-ку? Ёки инига бирортаси таҳдид солдимикин-а? Бироқ қояга чиқиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас. Балки илондир дейишга одамнинг тили бормайди. Чунки бургут тоғу тошдаги ҳар қандай тажовузкор илондан қўрқмайди. Унда бургутларнинг тинчини бузишга ким журъат қилдийкин? Бу қадрдон қўшнисининг ҳаловати йўқолиб, нега чир айланиб учяпти?
Қурбон ака отга миниб Боботоғ томон борсаммикин, деб тараддудга тушиб қолди. Эгар-жабдуқни энди қўлига олганди, бирдан хотини юз очдига кетгани миясига урилди: аттанг! Чор-атрофга нажот билан термилди. Анчагача ҳам ҳеч кимдан дарак бўлмади. Шундай пайтда Олапари ёнида бўлмаганига афсусланди. Уни бемалол қоровул қилиб ташлаб кетиши мумкин эди. Тарвузи қўлтиғидан тушган одамдай ҳафсаласи пир бўлди. Қўлидаги нарсаларни жойига ташлади. Кечадан бери бир жойда туриб қолган Толмас бу ҳолатдан жаҳли чиққандай ер депсинди. Қурбон ака: “Нима қилай, чорасизман” – дегандай қўлларини ёнига шапиллатиб урди.
Боботоғ тепасида бир жуфт бургут ҳамон чарх уриб учарди. Келиннинг ўзини қолдиришга кўнгли бўлмаган Қурбон ака жойида ўтиролмай қолди. Хотини ҳали-бери келмаслигини билиб, баттар аччиқланди. “Шу хотинларга ҳам ҳайронман, – деди ўз-ўзи билан гаплашиб. – Бир гапга тушиб кетишса уйи борлигини ҳам унутиб қўйишади”. Тер босган пешонасини артаркан, бирдан бекорга жаҳл қилаётганини англаб қолди. Бу тоғу тошда, ўтовда ҳаёт кечиришнинг ўзими? Хотини бечора шунақа пайтларда бир яйраб олмаса, қачон яйрайди? Худога шукрки, келин олиб, айниқса, невара кўриб бағри-дили очилган, баъзида шу кенгликларга ҳам сиғмай кетади. Майли, тўйга бормаганга яраша, юз очдида бемалол ўтириб келсин. Анов гаплар чин бўлиб, келин ҳам шаҳарга кетиб қолса… юраги яна яримта бўлиб қолади. Худди анави безовта бургутлар мисоли ўзини қаерга қўйишни билмай қолса керак. Бояқишга қийин бўлади-да.
Қушлар ўтовга анча яқин келиб учиши Қурбон аканинг хаёлини бўлди. Одатда улар ўтов тепасига камдан-кам келишарди. Ҳа, охирги марта қачон келганини эслади. Чақалоқ овози қир-адирларда акс-садо берганда уларни шу яқин-атрофда кўрганди. Гўё қутлагани келишгандай анча парвоз қилиб қайтиб кетишганди. Қурбон ака янглишмаса, ўша кунлари уларнинг полапонлари ҳам кўз очганди. Бургутларнинг ҳозирги хатти-ҳаракати ўша пайтдаги сокин парвозга сира ўхшамас эди. Овоз чиқаришлари ҳам бўлакча. Гўё бошларига хатар тушгандай, ундан огоҳ этмоқда. Ёки тоғда қандайдир ёв ўрмалаб юрибди…
Қурбон ака қўл-оёғи ипсиз боғланган одам деган нақлнинг моҳиятини ана энди тўлиқ тушунганди. Ўзидай ночор аҳволга тушиб кўзлаган манзилга кета олмаган одам айтган экан-да, деб фикр юритди қўрғон атрофини айланар экан. У шу зайлда бот-бот тулпорининг ёнига келиб қолар ва эгарга кўз ташлаб қўярди.
Бургутлар бу ерда ҳеч қандай нажот йўқдай бирдан ғойиб бўлишди. Аммо кечга яқин негадир поданинг устида айланиб учиб ўтовга яқинлашишди. Улардаги бу журъатни кўриб Қурбон ака яна таажжубга тушди. Улар энди безовталаниб қанот қоқишмас, бир-бирини таъқиб ҳам қилмас эди. Тинч ва сокин парвоз Қурбон аканинг кўнглидаги ғашликни бироз аритса-да, неча йиллардан буён қадрдон бўлиб қолган бу қушларнинг жимгина ўтовни кузатишлари алланечук ғалати туюлаётганди.
Ўғлига разм солди. Эргашали одатдагидай сипо эди, аммо қаттиқ толиққани билиниб турарди. Қурбон ака отга нигоҳ ташлади. Жонивор яхшигина дам олган чоғи, чарчоқ аломатлари сезилмасди.
– Бургутлар бугун жуда безовта бўлишди-да, ини атрофида бегона одамга кўзинг тушмадими?
Эргашали бу саволни кутган шекилли: “Йўқ, кўрмадим”, – дея хотиржамлик билан жавоб қилди. Бироқ қўй-қўзиларни қўрага қамаркан, кўз қирини отасидан узмади.
– Қоронғи тушиб қолди, қайтишса бўларди.
– Ҳайдаб юборайми?
– Улар одамзоднинг гапига қулоқ солмайди, ўғлим.
– Милтиғингиз бор-ку.
– Нима, уларга ўқ узмоқчимисан?
– Қўрқитсак, қайтиб кетишармиди, дейман-да.
– Ана, кетишяпти.
Дарҳақиқат, бу пайтда бир жуфт бургут ўтовдан узоқлаша бошлаган эди.

* * *

– Хўп десангиз, бугун экин-тикинга қарасам, – деди Эргашали юз-қўлини шошилмасдан ювиб келгач.
– Ҳм, чарчадингми?
– Онамга ҳам қарашай-да. Тошкентга кетиб қолсам…
– Шунақами? – дея хотинининг юз-кўзида пайдо бўлаётган маъноли ифодалардан бир нималарни уққан Қурбон ака белини маҳкамроқ боғлади. – Майли, онангга қараш, экин-тикинларни эпақага келтир. Ишқилиб, бугун-эрта кетиб қолмайсанми?
– Ўтовдаги ишларни тугатай-чи.
– Бўпти, мен кетдим. Ийи, полвоним билан хайрлашмадим-ку. Бор, олиб чиқ!
Қурбон ака набирасини қўлга олиб эркалатди. Шоп мўйловини жажжи қўлларига ишқаб кулдирди. Бу орада ўғлига юзланиб, шу қувончни биздан олиб кетмоқчимисан, дегандай бошини сарак-сарак қилди. Кейин нари кетаркан, ичидагини барибир гапирди.
– Бу полвон шаҳарнинг боласи эмас. Анави эркин бургутлардек шу кенг қир-адирларнинг, осмонўпар тоғларинг шунқори бўлади. Сенинг йўлингни тўсмайману аммо бу паҳлавонни олиб кетиб қолма. Ўқишни битирсанг, у ёғи бир гап бўлар.
Эргашали гап орасида бургутлар деган сўздан кейин хаёли чалғиб, паҳлавонни полапон деб эшитгандай бўлди, тезда бошини эгаркан, ер остидан тоққа қараб қўйди. Дадаси сал узоқлашгандан кейингина енгил нафас олди.
Тушга яқин Сарвихон ая: “Дадангга овқат ташлаб келай”, – деган баҳонада ёшларни холи қолдирди. Она фарзандининг дилини сезади, келиннинг ҳаракатларидан ниятини билади. Ахир у она-да.
Эмин-эркин қолган ёшлар бир-бирининг дийдорига тўйишди. Кейин озроқ тамадди қилган бўлишди-да, яна ўтовга ошиқишди. Ичкари иссиқ ва дим бўлгани боис, чақалоқ инжиқлик қила бошлади. Райҳон болани тутнинг соясидаги беланчакка солиш учун ташқарига олиб чиқди. Нимадир ёдига тушиб, ўғилчасини супачага ётқизди-да, яна ичкарига ошиқди. Гўдагининг оёқ-қўлларини яхшилаб йўргаклаб қўймаса, қимирлаб уйғониб кетиши мумкин. Маҳкам йўргакда бола тинч ва узоқ ухлайди.
Эргашали дарров қайтган хотинини бағрига тортди.
– Болани ҳали ётқизмадим.
– Бўлақол, жоним.
Райҳон кўзлари юмилиб кетаётган чақалоғини юзларидан ўпиб-ўпиб йўргаклади, энди беланчакка ётқизмоқчийди, белидан боғлайдиган боғични олмагани ёдига тушди. Беланчакни ўртасидан боғламаса бўладими?
– Келдингми, асалим.
– Бирпас сабр қилсайиз-чи. Хаёлимни ўғирлайсиз-а.
– Ҳм, яна нима?
– Боғични олмабман-ку. Беланчакни боғлашим керак.
– Бўпти, бўпти. Борақол. Ҳа, тўхта, биласан-а, яқин кунларда сени шаҳарга олиб кетишимни. Яхши бир жойни ижарага олиб маза қилиб яшаймиз, – деди Эргашали хотинининг елкасидан қучиб. – Бу тоғу тошларда тентираб юрмаймиз. Биз бошқача яшаймиз!
– Аввал ўқишга кириб олинг-чи.
– Мана кўрасан, бу йил албатта, кираман.
– Бўпти, ҳозир келаман.
– Шошма, бир ўпиб олай.
– Бола ташқарида қолди.
– Ке, келсанг-чи!
Эргашалининг бақувват қўлларидан чиқиб кетиш осон бўлмади. Эрининг иссиқ бағрида Райҳоннинг кўз ўнгидан ҳамма шароитлари бор шинам хонадон ўтди. Қандай яхши! Кирни машина ювса, гиламни чанг ютгич тозаласа, сув иситмаса, ёзилгани ташқарига чиқмаса. Биргина юмуш – овқат тайёрлашгина қоларкан-да унга. Эриб кетди. Эргашалининг оташ бўсалари унга порлоқ келажак ҳадя қиларди…
Бир пайт Райҳоннинг чинқириғи бутун борлиқни тутди. Тоғнинг баланд қояларига урилиб акс-садо берди. Нафаси ичига тушиб кетган Эргашали ташқарига отилиб чиққанида хотини дод солганича қандайдир баҳайбат қушнинг ортидан чопиб борарди. Бир пайт бошидан рўмоли учди, сочлари тўзиди, қадамлари тезлашди. Бақириқ борган сари ҳам кучаяр, ҳам пасаяр эди.
“Бу урғочи бургут-ку! Нима, у ўғлимни олиб қочдими?”
Эргашали Райҳоннинг: “Боламни қайтар! Қайтар деяпман сенга!” – деган нидосини энди англади. Мудҳиш ҳодиса рўй бергани миясига урганда тамом бўлди. “Қасос!” У кечирилмас хатога йўл қўйганини тушуниб етганида бўғзидан ана шу биргина сўз отилиб чиқди.
– Ўлдираман! Ўлдираман, боламни жойига қўй! – дея бақирди Эргашали. Унинг ҳам ғазаб, ҳам ўкинчга тўла овози узоқ-узоқларга етиб борди.
Райҳон бирдан тўхтаб, орқасига ўгирилди. Эрининг таҳликали бақириғи уни шунга мажбур қилганди. Эргашали гандираклаб ўтовга кириб кетди. Бағрини тиғлаётган ёш онанинг кўнгли яна бир даҳшатли ҳодиса рўй бериши мумкинлигини сезди чоғи, энди ортига қараб чопди. Йиқилиб тушди, аммо бунга эъти­бор қилмади. Оёқлари қийшайиб кетса-да, чопди, унинг бирдан-бир мақсади тезроқ ўтовга етиб келиш эди. Бу пайтда кўзлари қонга тўлган Эргашали қўлида қўшотар билан ўтовдан чиқди. Вақтни бой беришни хоҳламади, отмаса, бургут унинг ўғлини қоядаги инига олиб кетади. Типирчилаган бола у ердан тушиб кетиши мумкин. Шунча баланддан қулаган чақалоқнинг тирик қолиши… йўқ, у тошларга урилиб, нобуд бўлади. Ундан кўра қушни яралагани маъқул. Ўлжадан айрилишни истамаган бургут гўдакни ташлаб юбормайди. Аста бирор ерга қўнади. Хаёлидан яшин тезлигида ўтаётган бу фикр унинг назарида тўғри эди. Мўлжалга олди. Отди, аммо шу он кимдир қўлларига тирмашди: ўқ хато кетди.
– Отманг! Асло ота кўрманг! Ўқ боламга тегса нима бўлади? Уни ўз қўлларингиз билан ўлдирмоқчимисиз?
– Нари тур!
– Отмайсиз!
– Ўлдираман бу газандаларни! Тухумини қуритаман!
Эр-хотин тортишар, бургут эса шиддат билан қоядаги ини томон учиб борарди.
– Милтиқни менга беринг! Боринг орқасидан, боламни олиб келинг!
– Болани қоядан олиб тушиб бўлмайди.
– Мен билмайман, боринг, боринг дедим сизга!
– Э-э.
– Бўлмаса, ўзим бораман! Қаердалигини айтсангиз, бас.
Эргашали нима қиларини билмай қолди. Бургут ундан қасос олганди. У икки кун тоққа қандай чираниб чиқиб, унинг боласини ўғирлаган бўлса, қушчанинг онаси ҳам шундай йўл тутганди. Жонга жон бўлди: ўч олинди. Бундан бехабар Райҳон йиртқич қушларни қарғашга тушди. Бу ерга келин бўлиб тушганига афсус-надомат чека бошлади. Боласига бир нарса бўлса, ҳаммаёқни остин-устун қилиб ташлашини айтганда Эргашали чидаб туролмади, милтиқни ўтов томонга улоқтирди-да, қоя сари йўлга тушди.
– Ҳой, отга минмайсизми?
Эргашали хаёлини йиғди, дарвоқе, тулпори бор-ку. У отга эгар уриб ўтирмади. Бир сакраб устига минди-да, энди оёқлари билан биқинига ниқтаган эди, дадасига кўзи тушди. Райҳон қайнотасини кўриб, ўкириб йиғлаб юборди.
Нима ҳодиса юз берганини кўрган Қурбон ака ўғлининг йўлига ғов бўлди. Эргашали отни аранг тўхтатиб қолди. Дадасининг ғазаб тўла нигоҳларига чидай олмай бошини хам қилди.
– Боласига тегиндингми?
Эргашалининг тили айланмади.
– Сендан сўраяпман, ярамас!
Эргашали зўрға бошини қимирлатди. Шу ишорани кутиб турган Қурбон ака ўғлига яқин келди-да, қарсиллатиб шапалоқ тортиб юборди. От ҳуркиб кетди, Эргашали ўмбалоқ ошиб ерга қулади.
– Кўрнамак! Кимга сотмоқчи бўлдинг? Нега катта гапириб қолди десам, гап бу ёқда экан-да.
– Ота, кечиринг мени, пулга қизиқиб… – Эргашали ўрнидан туриб дадасининг оёқларига ёпишди.
– Пул деса виждонингни ҳам сотасанми?
– Жон ота, билмай қолдим, сиздан ёлвориб сўрайман, боламни қайтаринг!
– Сен менга эмас, анави бургутларга ёлвор, аҳмоқ!
Эргашали бундай қараса, хотини тепасида турибди. Қўлида қўшотар. Кўзлари қинидан чиқиб кетган эр бир отасига, бир нафрат билан тикилиб турган Райҳонга қаради.
– Нима қиляпсан? Э-э-эсинг жойидами?
– Агар боламни тириклайин олиб келмасангиз… сизни ҳам, ўзимни ҳам отиб ташлайман!
Қурбон ака хотинини сурув олдида қолдириб келиб тўғри қилганини тушунди. Бу кўргиликларга гувоҳ бўлганида чидармиди, бояқиш. Келинида пайдо бўлган журъат Қурбон акани сергаклантирди.
– Полапонни қаерга яширдинг?
– Тепалик ортидаги дарахт ковагига.
– Бор, опке!
Эргашали отга қамчи босди. Қурбон ака мулойим гапириб, келиннинг қўлидаги қуролни олди. Қаердадир чақалоқ овози эшитилгандай бўлди. Райҳон бошини чангаллаб яна дод солди. Кейин йўлга тушган қайнотасига эргашди.
– Йўқ, сиз шу ерда кутинг.
– Бормасам бўлмайди. Бургутлар боламни тилка-пора қилиб ташлаган бўлса-чи? – тиззаларига муштлади келин.
– Улар ваҳший эмас, қизим. Полапонини кўришса… қайтиб келади. Мана кўрасиз, набирамга зиён етказишмайди.
– Хўп, ота. Боринг, борақолинг, бўлмаса.

* * *

Эргашали полапонни қояга олиб чиқмоқчи бўлди. Қурбон ака унамади. Баланд тепаликка кўтарилиб, ерга оқ чойшаб ёйди ва унинг ўртасига бориб қанот чиқариб қолган қушчани икки қўллаб учириб юбормоқчидай боши узра бир неча марта ҳаволатди, лекин эркига қўймади. Очиққан қушча ота-онасини қидиргандай нолий бошлади. Унинг ғазабкор овози аста кучайди. Қурбон ака қоялардан кўз узмас, бир зум жим қолган полапонни юқорига кўтариб, жаҳлини чиқаришда давом этарди.
Ана, ҳавода бир эмас, икки бургут кўринди. Қурбон ака вақт бўлганини анг­лади ва полапонни чойшаб устида қолдириб, пастга туша бошлади. Қушлар овозни таниган эди, шундай бўлса-да, тепаликка қўнишга шошилмади. Обдон айланишди, ҳеч қандай хавф йўқлигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина эркак бургут биринчи бўлиб боласининг олдига тушди. Лекин чойшаб устига чиқмади. Полапон қанот силкиб жойида тураверди. Шунда қандайдир овоз чиқарди, афтидан боласини ёнига чорлади. Бу ҳолдан она бургут хавотирланди чоғи, пастлаб учиб келди-да, қанотлари билан полапонни нари сурди. Чойшабдан тушган қушча икки-уч қадам ташлади. Худди шу пайтни пойлаб эркак бургут панжаларини ишга солди: боласини чангаллаб осмонга кўтарилди.
Қурбон ака енгил нафас олди.
Эргашали қояга тикилганича донг қотиб тураверди.
– Кетдик!
– Қаерга?
– Ўтовга.
– Ўғлим-чи?
– Ўғлинг ишончли жойда.
– Дада! Ҳазилнинг вақтими, ҳозир?
– Бола ўғирлатиш қалай бўларкан?
– Дада! Мазах қилманг, илтимос. Мен ҳозир…
– Қаёққа?
– Қояга чиқиб…
– Бургутларнинг учта ини бор, қайси бирига чиқасан?
– Ҳозир қорни очиб йиғлай бошлайди. Шунга қараб, қаердалигини билиб оламан.
– Шу ердан қимир этма. Кут! Мен сурувнинг олдига кетдим. Онанг таъзирини егандир.
– Нимани кутаман? Қачонгача кутаман? – сўради Эргашали отга минаётган дадасидан жаҳли чиқиб.
– Бургутлар болангни олиб тушгунгача.
– Олиб тушмаса-чи?
– Улар сенчалик бағритош эмас.
– Дада!
– Нима, дада? Шаҳарга кетганидан кўра… қояда униб-ўсганиям маъқул менга.
– Йўқ, уни олиб тушмасам бўлмайди. Мана кўрасиз, ҳали замон келинингиз ҳам етиб келади. Мен чиқмасам… у ўзини қояга отади. Бу ерда қўл қовуштириб ўтираверсам, икковидан ҳам айрилиб қоламан.
Эргашали шундай деб йиғлаб юборди.
– Майли, йиғла-сиқта. Аммо ярим соат жойингдан қимирлама. Мен тезда қайтиб келаман.
Қурбон ака сурув томон от чоптириб кетди. Ўғлининг ўкириб йиғлашига юраги эзилса-да, ортига қарамади.

* * *

Анчадан кейин осмонда таниш бургут кўринди. Бироқ унинг чангалида йўргакланган бола кўринмади. Эргашалининг кўзлари тиниб, боши гир айлана бошлади. Томоғи қуриб, оғир-оғир ютинди. Тиззалаб олганича қояга тикилди, тикилаверди. Энди унда биргина илинж қолганди: ҳадемай инида қолган урғочи бургут парвоз қилади ва унинг ўткир панжаларида йўргак бўлади…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 10-сон