Роберто Фернандес Ретамар (Roberto Fernández Retamar) 1930 йили Кубанинг пойтахти Гаванада туғилган. Гавана, Париж ва Лондон университетларида таҳсил олган, дастлаб Англиянинг Йель, кейинчалик Гавана университетларида муаллимлик қилган. Санъат ва меъморчилик йўналишида таълим олган бўлса-да, кейинчалик бадиий ижод ва адабиётшунослик билан шуғулланган. Роберто Фернандес Ретамар фалсафа фанлари доктори, мамлакат миллий ансамблеяси ва тил академияси аъзоси 1961 йили Кубанинг Париждаги элчихонасида ишлаган. 1961-63 йиллар Куба ёзувчилар ва санъаткорлар иттифоқи котиби бўлган. «Casa de las Américas» («Америка уйи») журнали бош муҳаррири сифатида фаолият юритган. 70 дан ортиқ шеърий, насрий ва илмий китоблари нашр этилган. Рубен Дарио, Никола Вапцаров, Беналдо Перес номида халқаро ва бошқа кўплаб мукофотлар билан тақдирланган.
ЎША ПАЙТДА, ОЛИСЛАРДА…
(1944)
Етилиб қолган эди қарийб у машъум уруш,
олақуроқ харитадан
йирик мамлакатларни изларди бармоқ.
Унинг қашшоқ мавзеда кечган
ғуссали ўн уч ёши борарди ўтиб.
Бир неча дўст, китоблар, рад этилган
муҳаббат (ўша пайтдаёқ!) илк ваҳима, умидлар.
Уфқлар ёнарди аллақайдадир,
аммо у ҳали буни билмайди,
ҳали бир неча йил билмайди…
ҚИЗЛАРИМНИНГ ЁШИ
Тўнғичимиз —
инқилобий сафлар тенгдоши,
Плайя—Хирондаги зафаримизга
Тенгдир кенжа қизимиз ёши.
Вақтни бошқачароқ ўлчаш ҳам мумкин,
Аммо қалбнинг ўз ҳукми бор, тарози-тоши.
УЛАРНИНГ УЙИ БОР ЭДИ…
Уйи бор эди уларнинг — шинам ҳамда кенг.
Уруш бошланганда эвакуация қилишди,
Бўм-бўш хоналарда меҳнат қилишга,
жанг қилишга яроқли
одамларгина қолди.
Кейин «Б-52»лар ер юзидан супуриб ташлади
вилоятдаги барча уйларни.
Омон қолмади ҳатто бирорта бута.
Эвакуация қилинганлар қайтиб келишди
уч ҳафта бурун.
Ҳажми худди ўз уйларидек
келадиган чоҳ ёқасида —
омонат купбаларда яшашади энди улар.
Бананлар шовуллайди бу чоҳ тубида,
товуқлар қо-қолайди…
БУНИ УНУТМАСЛИК КЕРАК…
Нацистлар Парижда
кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган
қирғинбарот уюштирганда,
«Герника»син чизди Пикассо
ва нацист генералига деди:
«Бу сизларнинг ишингиз!»
Ўша нацистлардан бир нечасини
Ўтқазишди кейин кора курсига,
Кейин эса осиб юборишди.
«Бу сизларнинг ишингиз!»
Унутмаслик керак буни ҳеч қачон.
ЙИГИРМА ЙИЛ ЎТГАЧ
Йигирма йил муқаддам
«Қайлиғим бўл!» дейишим керак эди сенга.
Эслолмайман, бугун, ёдимда ҳам йўк.
Алламбалолар дедим ўшанда талмовсираб.
Аммо бугун фахрланаман топа олганимдан ўша сўзларни.
Мени сенга етказган ҳам ўша сўзлар аслида.
(У сўзларни эсламоқ, айниқса, ҳозир жоиз.)
ТОВУШЛАР
Сукунат, бу ерда сенга нима бор?
Бомбаларнинг ёрилишига кўз,
қулок кўникиб колган бу юртга
қаерлардан келиб қолдинг эй, ёмғир?
Ғалати жаранглаши мумкин,
ҳатто тоқат қилиб бўлмас даражада
ёмғир ҳам, сукунат ҳам.
ҚУТЛОВ
Дарахтларнинг яқин дўстиман.
Умр бўйи ҳамсуҳбатимдир ям-яшил,
серсоя биродарларим.
Ассалом, самбиттол,
шамол парпиратган ипилқиларин,
улоқча, заҳматкаш чумолига ҳам
бирдай азиз,
самбиттолим, омон, бормисан!
Шохи қуюқ,
шу қадар қуюқ;
барги — соя,
танаси — соя,
остигача жамулжам соя
хайрли кеч, талабчан дафна,
хайрли кеч тунги устозим.
Хайрли кеч, тинч ухлагин сарв!..
* * *
Поёни йўқ коинот аро
Ўша-ўша: мубҳам юлдузлар
Порлашига писанда қилиб
Саволларга тутасан мени.
— Ростми,— дейсан пичирлаб базўр,—
Шу гап ростми, Роберто, ростми,
Ишонмайсанми сен дунёнинг…
Шамол бу пайт лабингдан учган,
Тутаётган ушбу саволни
Кўтариб боради ердан самога.
Мен юксакка — юлдузлар сўниб
Бораётган осмону фалак
Буржларига қарайман тўниб.
Бу ақиқ лабларнинг бир умр
Сўлмаслигин истар эдим мен…
Қўлимдан нима ҳам келарди бироқ!
ОДАМ БОЛАСИ
Хатинда,
безавол бир сокин кечада
алаҳсираб, чинқириб
хонани бошига кўтарди
бешафқат қисматнинг
синовларида чиниққан одам:
Тушига киргандир, эҳтимол, уруш.
Тошдан эмас, ахир, чиниққан одам.
Одам бу — аввало одам боласи.
НИМА БИЛАН МАШҒУЛ ЭДИК?..
1966 йилнинг 15 июлида
нима билан машғул эдик биз?
Денгиз,
Қуёш,
Кулгу таъмин берар бу сана.
Аммо худди шу кун
Тинч океаннинг шўрхок эпкинларин симираётган
Нгутуй балиқчилар шаҳарчасида
илк бор америка бомбалари портлади
кунпаякун бўлмагунча то
соҳилдаги барча кулбалар.
Ёғаверди улар беш кун устма-уст.
Нима билан машғул эдик ўша кун
биз — бадбахтлар?
ДАҲШАТЛИ ВА ЖУДА ҲАМ ОЛИС…
Америка* чандиқларини
пайпаслайман қоронғуликда.
Неча бор қон йиғлаб
биз ташлаб чиққан
Жанубнинг соя-салқин
ўрмонлари,
Оташнафас вулқонларига
иссиқ кафтларимни босаман.
Ўз еримнинг юраги бу —
Мўъжиза бу — ғуссали, нажиб.
Яллиғланган зулматининг
даҳшатидан қўрқгулик!
О, Кашфиёт, бардам бўл, чўкма!
Даҳшатли ва жуда ҳам олис
Бу юрт узра безгак тутгандек
Қалтирайман саросимада…
_____________
*Америка — бу ўринда Лотин Америкаси назарда тутилмоқда
ОҚШОМ ВА ЁМҒИР
Осуда ва мусаффо оқшом.
Ҳаводан нафаси турса-да, анқиб,
зарралари —
жовдир кўзли томчилар
шапалоқ баргларда титраб турса-да,
ёмғир тинди.
Ва лекин осмон
Мовийлашиб борар бежоду.
Ҳолбуки, ложувард булутлар
увадаси силкинмоқда бешумор.
Солланиб сузмоқда, кулмоқда…
Шамол ҳам ухлади.
Ёмғир шовқинлари остида
кўзларингни эсладим бугун.
Ёмғир баданингни эслатди менга.
Оқшом эса ложувард булутлари-ла
нимагадир ёдимга солди
сенинг мунис қарашларингни.
Бир оқшом худди шундай ёмғир қуяди,
дедим ўзимга-ўзим,
Худди шундай намхуш ёмғир
гулларимизга ёғар,
баргларимизга,
уйимизни йўргаклар томчилар билан.
У узун-узун шиша толалар
ўраб олар одимимизни…
Ҳа, бир оқшом ноғора қилиб,
Томимизни чертади ёмғир.
Шу боис, мен бирорта балиқ
илинмаган шаффоф жала тўрига боқиб,
боқиб чечакларнинг лаб очишига,
муттасил бу бўсани ичиб,
худди меникидай ғамгин нигоҳинг,
кафтларинг,
ўзинг,
бугунги оқшомга менгзайдиган хўб
бўлғуси оқшомлар ҳақида ўйладим.
Муҳаммад Раҳмон таржималари