Муҳаммад Иқбол (1873-1938)

Иқбол Муҳаммад (علامه محمد اقبال) (1877.22.2, Сиалкот — 1938.21.4, Лоҳур) — ҳинд шоири, файласуф. Урду ва форс тилларида ижод қилган. Сиалкот, Лоҳур коллежларида таълим олган. 1905—08 йилларда Англия ва Германия университетларида ўқиган.
Илк шеър («Етим ноласи», 1899) ва достон («Ҳимолай», 1899)ларидаёқ инсонни, табиатни, халқ дарди ва кайфиятини куйлайди. «Эронда тасаввуфнинг тараққиёти» (1908) асарида Шарқ фалсафаси ва диний таълимотларини таҳлил қилади. Ибн Сино, Ибн Арабий каби файласуфларнинг дунёқарашини юксак баҳолайди.
«Шахс сирлари» (1915), «Шахс сирларининг очилиши» (1919) достонларида, «Забуре Ажам» (1927), «Жовиднома» (1932), «Жаброил қанотлари» (1935), «Ҳижоз арғумони» (1938) ва бошқа диний-фалсафий, ижтимоий-ахлоқий асарларида шахс ва жамият, табиат ва худо, севги ва ақл, Шарқ ва Ғарб, шахс ва жамият ҳақидаги фалсафий карашларини илгари сурган.
Иқбол мустақил ҳинд конфедерацияси таркибида мусулмон давлатини тузиш тарафдори бўлган. Иқбол баъзи масалаларни ҳал этишда ислом таълимоти асосида иш курса, айрим масалаларда Ғарб файласуфлари, хусусан, Гегель, Кант, Бергсон, Лейбнис ва Эйнштейн позициясида туради. Олимнинг моддий бойлик ва билиш назарияси Гегель диалектикаси таъсирида бўлган.

ИШҚ ВА ЎЛИМ

Гўзал эди олам яралган чоғи,
Гўзал эди чиндан борлиқ қучоғи.

Қуёшнинг бошида олтин тож эди,
Ой кумуш шуъладан боривож эди.

Тун эгнида эди тим қора мато,
Шамдек нур сочарди Миррих ва Зуҳро.

Дарахтлар чулғаниб зумрад япроққа,
Кўклам нафасини уриб тупроққа.

Фаришталар берди шабнамга кўз ёш,
Гуллар чеҳрасида кулки бўлди фош.

Ҳурларнинг сочидек тим қора булут
Кўк сайрига чиқди — йўли беҳудуд.

Ғунча хомуш, булбул сернаво бўлди,
Шоир юрагига дард ато бўлди.

Шунда замин деди — мен ўзим осмон,
Макон нидо қилди — менман ломакон.

Хуллас, ҳоким эди ерда ободлик,
Ҳаёт ҳам мужассам кулгу ва шодлик.

Мангулик шуъласи ёритиб юзин,
Малаклар парвозда синарди ўзин.

Ишқ деб аталарди уларнинг бири,
Доимо эзгулик эди тадбири.

Изтироб ва нурнинг тимсоли эди,
Бадбинлик, макрдан у ҳоли эди.

Бир кун у гулшанда учарди якка,
Учраб қолди ўлим отли малакка.

Сўради: «Сен кимсан, недир касб-коринг,
Бунчалар даҳшатли турқу атворинг?»

Ўлим жавоб берди: «Номим ажалдир,
Мени ато қилган тақдир азалдир.

Тириклик либосин пора қилурман,
Борлиқ рўзгорини қора қилурман.

Менинг кўзларимда адам жодуси,
Йўқликдан хабардир унинг ёғдуси.

Ва лекин оламда бордир шундай куч.
Унинг оти ишқдур — келолмайман дуч.

Даҳшат солур менга ўша куч фақат,
Унинг кўзларида нури ҳидоят.

У гоҳи кўзлардан ёш бўлиб оқур,
Аммо тирикликка бу кўзёш зарур».

Ишқ тинглаб бу сўзни кулди. Бу кулгу
Лаҳзалик чақмоқдек таратди ёғду.

Ўлимнинг юзига тушди-ю бу нур
Уни пора қилди. Барҳаёт, мағрур.

Ишқ олдида ўлим тору мор бўлди,
Ўлим ўлди, севги барқарор бўлди.

 

АЛИГАРҲЛИК ТАЛАБАЛАРГА

Турли пайғомлар бўлур, мен битгучи хатдир бўлак,
Меҳрлар кўп, лек ватанга чин муҳаббатдир бўлак.

Сен қафаснинг банди бўлган қуш овозин тингладинг,
Лекин озод қуш наво қилганда лаззатдир бўлак.

Қорли тоғлар бу ҳаёт маъноси сокинлик, деса,
Камтарин мўр айтадурким: завқи меҳнатдир бўлак.

Телба анжумлар хиромида не қилгай жозиба,
Ярқироқ сурат бўлакча, лек ғайратдир бўлак.

Кимки маҳрумдир хаёт завқидан, ул марҳум эрур,
Чархи гардундир бўлак, жоми саодатдир бўлак.

Шамъи субҳ, айтур: ёнишдур бу ҳаётнинг лаззати,
Ишқ ўтида ёнса дил, роҳи ҳидоятдир бўлак.

Дайр аро хум оғзига қўйгин калисо ғиштини,
Ким шароби ишқ кетурган чин камолатдир бўлак.

ЯНГИ ИБОДАТХОНА

Эй бараҳман, сенга бир сўз айтгали дил ёнадур,
Турфаҳол бўлмиш санамлар, бутларинг вайроанадур.

Сен мусулмонларни ҳиндуга рақиб деб сўйладинг,
Бизга воизлар ҳам айтмиш: ҳинду ёв, бегонадур.

Тоқатим тоқ бўлди, кечдим икки маслакдин тамом,
Менга на масжиддур ошно, на ибодатхонадур.

Тош санамлардин, жарангдор ваъздин не наф менга.
Жоним ўлкам зарра тупроғи асл дурдонадур.

Кел, биродар, ўртадин ол шармисорлик пардасин,
Икки миллат асли бир мақсаддадир, дўстонадур.

Уйғотиб уйқуда ётган бу кўнгуллар мулкини,
Бир ибодатхона қургаймиз, деманг афсонадур.

У жаҳонда тенгсиз ўлгай, қомати тоғдай баланд,
Гумбази мовий самонинг гумбазидек ёнадур.

Бир ажойиб куй таралсин ҳар томон тонг чоғида,
Куй эмас — бу ишқ, шароби, эл дили — паймонадур.

Тинчлигу қудрат бўлур ушбу ибодатда абад,
Лек нажот қасрига бирлик ҳам меҳр остонадур.

ГЎЗАЛЛИК МОҲИЯТИ

Бир кун тангрига шундоқ, савол қилди гўзаллик:
«Нега мени этмадинг мангулик ва азаллик?»
У шундай жавоб берди: «Олам бир суратхона,
Тун билан кун бўлмаса — хаёт ўзи афсона.

Борлиқ, ахир ҳар лаҳза ўзгаришдан иборат,
Одамзодни банд этар — неки бўлса омонат».
Ой бу сўзни тинглагач, ғамгин бўлди, бўзлади,
Ўз дардини тонготар юлдузига сўзлади.

Зуҳро тонгга сўйлади, тонг сўйлади шабнамга,
Бу нидодан ғамгинлик, сукут чўкди оламга.
Гул ёқасин чок этиб, аста эгди бошини,
Ғунча барри кон бўлди, шабнам тўкди ёшини.

Чаманларни тарк этди армон билан гул кўклам,
Кетди гулшанга шодлик излаб келган ёшлик ҳам.

Эркин Воҳидов таржимаси