Григол Абашидзе (1914-1994)

Абашидзе Григол Григорьевич [გრიგოლ გრიგოლის ძე აბაშიძე; 1914.19.7(1.8), Чиатура – 1994] – грузин ёзувчиси. Грузия Фанлар академияси академиги. (1979). Дастлабки шеърлари 1938 йилда матбуотда эълон қилинган.

Илк поэмаси «Қора шаҳарда баҳор» 1938 йили нашр этилган. «Душманлар» (1941), «Георгий Олтинчи» (1942), «Байроқлар» (1943), «Енгилмас Кавказ» (1943) поэмаси ва бошқа асарлари 2-жаҳон уруши ҳақида.

Абашидзенинг «Биринчи тбилисиликлар ҳақида афсона» (1959), «Уч даврга саёҳат» (1961) поэмалари, «Олтин узумзор» (1969) тўпламига кирган шеърлари замонавий мавзуда. «Лашарела» (1957), «Узоқ тун» (1963), «Карнали» (1969) тарихий романларида Грузиянинг 13-асрдаги ҳаёти акс этган.

Абашидзе Грузия Давлат гимни ҳаммуаллифларидан.

ТОҒЛАР МАДҲИ

Қояларнинг рангига монанд –
Гоҳо қийин эрур ажратмоқ.
Она қишлоқ турар омонат –
Чўққи узра мисоли қалпоқ.
Ёнбағирлар кўм-кўк майса ўт,
Қуроқ-қуроқ ҳовлилар, боғлар,
Кўкда кезар бир парча булут,
Нурга чўмган яқин-йироқлар.
Чор-атрофда тўлқинлар гўё –
Тоғлар турар саф тортиб, қатор.
Баъзилари сокину аммо,
Баъзисида ажиб шиддат бор.
Булутларга бош қўйган бири,
Паҳлавондай турар қад кериб.
Ҳу бошқаси – замин асари,
Ётар ерга кўксини бериб.
Тоғлар сафи карвонга ўхшар,
Бир карвонки, узилмас кети.
Болаликда сўнгги чўққилар,
Дунё чеки туюлар эди.
О, тоғларим, кўнглим сарвари,
Гарчи баъзан йироқсиз кўздан.
Юксакларга ҳамда нур сари,
Интилмоқни ўргандим сиздан.
Буюкликни қилардим орзу,
Чўққингизга боққанча масрур.
Асли сиздан бу шеърий туйғу,
Сиз туфайли қалбимда ғурур.
Тоғ олдида қарздор юртдошлар,
Тикилингиз, у эмас рўё:
Туман ичра чўққилар сафар –
Кемасига ўхшаган гоҳо.
Тўфонларни қилмасдан писанд,
Тўсиқларни, ғовларни тилиб.
Кезсам дейман у билан пайванд,
Мангу қорлар елканин илиб!
Келмоқдаман, қучоғингни оч,
Эй, севимли тоғлар диёри!
Мадҳинг куйлай, қалбимда қувонч,
Янграшга шай туйғулар тори.

Носир Муҳаммад таржимаси

БАҲОР ГУЛИ

Кутмоқдаман сени ахир,
Қайдасан, гулбаҳорим!
Топдим, мана, топдим охир,
Мен сени, эй наҳорим!

Тун бўлмаса кун қадри йўқ,
Юрагим тин олар, лекин –
Қалбимда ўт доим ёниқ –
Шуъласига чайгум бу кун.

Сен – яшариш, бахт ҳамиша
Интилмоқлик даркор сенга.
Кўнглим ўлка, юртлар оша
Талпинажак такрор сенга.

Одимларинг енгил, қутли,
Сой куйидай янгроқ торинг.
Кўзим гирён сени кутиб,
Эй, сен менинг илк наҳорим.

ТОК НИҲОЛИ

У ҳали навниҳол, феруза рангли
Кимхоблар эгнига бўлмаган либос.
Шипшийдам новдани безай деб янги
Куртаклар мугуздай бўртибди, холос.

Лекин тез, тез кунда куртак барг ёзиб
Палапон қушлардай кўкка интилар.
Новдалар сунбулсоч қиздай бўй чўзиб
Жингала сочларин сўртокка илар.

Мана шу токзор деб жон берган аскар,
Севинчдан порларди кўрса бу ҳолни.
Куйган боғ ўрнида қолган тақирлар
Яшнатмоқда яна диёр жамолин.

Азиз халқнинг шонли меҳнати такрор
Тупроқдан жон олиб гулламиш, мана.
Кимгаки мангулик бўлса дахлдор
Ёвузлик устидан қилар тантана.

Мукаррама Муродова таржимаси