Шарль Бодлер (Charles Pierre Baudelaire) француз шоири. 1848 йилги Француз инқилоби қатнашчиси. Француз символизми даракчиси. 1857 йилда эълон қилинган «Ёвузлик гуллари» тўплами буржуазия дунёсига, тутуруқсиз бошбошдоқликка нафрат билан суғорилган.
ЎҚУВЧИГА
Гумроҳлик, баднафслик, гуноҳу хато,
Онгимиз забт этган, ўртар танамиз.
Виждон азобини битдек боқамиз,
Тиланчи қуртига бўлгандек ғизо.
Тавбамиз заифдир, гуноҳлар саркаш,
Тўловлар тўлаб биз айбларга иқрор
Ва шодон наҳс йўлга кираркан такрор
Аминмиз ювар деб доғларни кўзёш.
Бош қўйсак ёвузлик ёстиғи узра
Онгимиз аллалар ул Ҳермес – Шайтон,
Ирода маъданин эритиб чунон
Буғга айлантирар – кимёгар уста.
Қўғирчоқдек бизни бошқарар Иблис,
Нажасни кўрсатгай бизга у чаман.
Ҳар кун жаҳаннамга қараб бир қадам
Қуярмиз бадбўй тун аро қўрқувсиз.
Сўлғин фоҳишанинг сўлғин сийнасин
Тановул этгандек йўқсил зинокор
Хуфиёна лаззатга кўнгил беқарор,
Шаймиз бир норанждай сиқмоқлик учун.
Миямизда миллион қурт-қумурсқалар –
Иблис қавми ғужғон ўйнар базм этиб.
Ҳар нафас Ажалнинг мавжлари етиб,
Домига тортади чун қасирғалар.
Ночор қисматимиз матосига гар
Ҳали зўрлаш, ёқиш, заҳарлаш, ханжар
Солмаган бўлса ўз нақшини агар
Демак, журъатимиз етмас бир қадар.
Бироқ шу шоқоллар, қоплону итлар
Маймунлар, чаёнлар, қузғун, илонлар
Ўрмаловчи, наъра тортгувчи жондор –
Иллатлар ҳайвонхонаси ичра бор. –
Бир махлуқ – энг жирканч, энг қабиҳ, манфур
Унда бор на ғайрат, на шавқ, шижоат,
У қобил заминни этмоққа ғорат,
Дунёни эслабон ютишга қодир. –
Бу махлуқ – Зерикиш! Кўзи тўла мунг,
Оғзида чилими, орзуси – сиртмоқ,
Ўқувчи, сенга ҳам таниш у мутлоқ,
– Эй, мендек мунофиқ ўқувчи, иним!
“ЁВУЗЛИК ГУЛЛАРИ”
Биринчи бўлим: ТУШКУНЛИК ВА ИДЕАЛ
I. ШУКРОНА
Қачонки низоми ила Тангрининг
Келганда шоир бу файзсиз дунёга
Шаккок сўзлар билан онаси унинг
Муштумин тугиб арз қилди Худога:
– Оҳ, бу касофатни боққандан кўра,
Туғсам бўлмасмиди заҳарли илон!
Лаънат ўша тунги оний лаззатга
Сийлаган мени шу ҳомила билан!
Аёллар ичидан танладинг мени,
Ношод эри ундан жиркансин, дебон,
Итқита билмасман бу зумрашани
Ишқий мактуб каби ўтга беомон.
Мени банди этган нафратинг йўллай
Қаҳрингнинг лаънати асбоби узра
Яъни, бу ниҳолни шундай эзғилай
Чиқара билмасин куртак ҳам сира!
Англамай қисматга не битмиш Қадар
Нафрати кўпигин ютар у пурғам –
Жинояткор она учун ҳозирлар
Жаҳаннам тубида абадий гулхан.
Ўкситилган гўдак ризқини албат
Қуёш берар, бошин силар малаклар.
Не ичса, туюлар унга бол, шарбат,
Не еса, жаннатий лаззат у топар.
Шамол-ла ўйнар у, булут – суҳбатдош,
Куйлаб Хоч йўлига қўяркан қадам,
Зиёратда ҳамроҳ Руҳуллоҳ кўзёш
Тўкар кўриб уни қушдай ҳур, шодон.
У севган эл унга ҳадик-ла боқар,
Лек уни кўришса беозор, сокин,
Изларлар, қани, ким унга тош отар,
Синайдилар унда ваҳшийликларин.
Тупуриб, булғарлар улар сепиб кул –
Оғзидаги ризқи – нону шаробга,
У не тутса – топтар мунофиқ бу эл,
Ким унга эргашса, солар азобга.
Оламга жар солар унинг хотини:
“Бўлсин деб у ҳусним асири мудом
Кўҳна маъбудларнинг тутай касбини,
Улардек ўзимга берай зеб, оро;
Мушку анбар, эту шароб этиб нўш,
Уни тиз чўктириб айласам тутқун,
Қалбини илоҳий завқдан этиб бўш,
Ошиқ бу юракни забт этсам буткул.
Зериксам куфрона бу эрмаклардан
Нозик қўлларимни эгнига қўйиб,
Ҳарпияникидек тирноқларим-ла
Қалбигача кира билурман ўйиб.
Қушчадай кўксида потирлаб турган
Қип-қизил юрагин олурман ёриб.
Ва нафсим итини этишчун хурсанд
Олдига отурман тупроққа қориб!”
Муҳташам Тахт кўкда кўриб кўзлари –
Шоир қўлларин ҳам чўзар кўк томон,
Ёвуз эл юзида ғазаб изларин
Соф ақли ёғдуси этади ниҳон:
– “О, Тангрим, азобинг учун сенга ҳамд,
Нопок қалбимизчун илоҳий малҳам,
У асли энг афзал, энг тоза неъмат,
Мардларга валоят этгувчи инъом!
Билурман, Шоирга жой этдинг тайин –
Валийлар сафидан ўрин олгай у,
Фаришталар хайли силсиласининг
Илоҳий базмида мангу қолгай у.
Билурман, азобинг – олий бир мақом,
Унда на йиқилиш, дўзах хавфи бор.
Тиканли гулчамбар – тожим – у билан
Безай – то бошда тож бўлсин барқарор”.
Кўҳна Палмиранинг бор ганжи бироқ,
Ёқуту забаржад, дуру гавҳари
Азоб-ла безалган бу тожга – порлоқ –
Тенглаша олурму уларнинг бари.
Зеро, у ясалган азалий нурнинг
Муқаддас ўчоғи ёғдуларидан,
Ки башар кўзлари хира ва нурсиз
Бир ойна кабидир унинг олдида.
Француз тилидан Абдувоҳид Ҳайит таржимаси
ҚОҚ ЯРИМ ТУНДА
Тамом! Хайрият, энди ёлғизман! Онда-сонда қайлардандир кеч қайтаётган извошларнинг ҳорғин “тақир-туқур”ини ҳисобга олмаганда, атроф сув қуйгандек жимжит. Роҳатланиб ором олиш насиб қилмаса-да, бир неча соат сукунатга муяссар бўлсам, қанийди… Ҳаммасидан қутулдим! Суллоҳ башаралар йўқолди кўздан, энди ортиқ азоб чекмайман.
Барчаси барҳам топди! Нимёруғлик чулғаган хонамга кетишим мумкин сингиб. Авваламбор калитни икки марта айлантириб, эшикни қулфлайман, – гўё мени ташқи дунёдан иҳота қилиб турган ғов янаям метинлашиб, танҳолигимга ҳеч ким раҳна сола олмайдиган бўлсин дегандек.
Бу қўрқинчли шаҳарда яшамоқ даҳшат!
Пировардига етган кунни ўзимча “хомчўт” қиламан: бир қанча ёзувчилар билан учрашдим, улардан бири Ўрусияни орол деб ўйлади чоғи, у ёққа қуруқлик орқали борса бўладими деб сўради; бир журнал муҳаррири билан узоқ ва астойдил тортишдим – у ҳар эътирозимга: “Бу ерда ҳалол одамлар ишлашади!”, деб жавоб қилар, афтидан, унингча барча таҳририятларда ғирт муттаҳамлар хизмат қиладигандек; йигирма чоғли киши билан қўлқопсиз саломлашган бўлсам, уларнинг ўн бешга яқини менга нотаниш эди; шаррос ёмғирдан қочиб бир актрисаникига кирдим, у гўзаллик илоҳи Венеранинг либосини чизиб беринг деб туриб олди; бир муддат театр директорининг кўнглини овладим, у хайрлаша туриб: “Башарти фалончига учрамоқчи бўлсангиз, тўғри қиласиз, у асарларини мен қўяётган муаллифлар ичида услуби энг ғализ, энг дағал, ва шу билан бирга энг машҳуридир; унинг ҳомийлигида ишингиз юришиб кетса, ажабмас. Бир учрашиб кўринг-а, у ёғини бир бало қилармиз”, – деди; кейин умри бино бўлиб кўрсатмаган уч пулга қиммат жасоратлари ҳақида лоф урди (кимга керак экан?), ва сўнг ўзи ҳузурланиб содир этган қабиҳликлардан юзсизларча тонди; дўстига арзимаган хизмат кўрсатишдан бош тортган бўлса-да, қай гўрдаги аммамнинг бузоғига жон деб тавсиянома ёзиб берди. Эҳ-ҳе, қанийди ҳаммаси шу билан тугаган бўлса?!
Барча-барчасидан ва ҳатто ўзимдан-да домангир бўлиб мана шу жимжитлик ва ёлғизликка эришган хушҳол тунда яна ўзлигимга қайтмоқ, қадр-қимматимга етмоқ истайман. Кимники суйиб эъзозлаган, кимники мадҳ этган бўлсам, менга куч-қувват ато қил-син ва мени бу ўтрик ва фосиқ дунёнинг балчиғу ботқоқликларидан олис-олисларга олиб кетсин.
Эй, Халлоқи Олам, бу оқшом илҳомим келиб, пурмаъно, пурнафас шеърлар битишимга Ўзинг мададкор бўлгин, қайсики яратилажак бу назмларим мени шу дамгача нафратланиб келган одамлардан-да ёмонроқ эмаслигимни эътироф эттира олсинлар.
ЎЗЛИКНИ ЙЎҚОТИШ
– Бу қанақаси, азизим? Қайси шамол учирди? Сизни бу ёқларда учратаман деб сира ўйламагандим. Жаннатмонанд боғларда обизамзам билан чанқоқ босиб, беҳиштий таомлардан ризқланишга одатланган Сиздек… Дарҳақиқат, тонг қоласан, киши.
– Азизим, отлар ва фойтунлардан ўлгудай қўрқишимни биласиз. Ҳалигина, шошганча хиёбонни кесиб ўтаётиб, ўлим ҳар ёқдан бирданига чанг солишга шай турган талотўп, серқатнов кўчадан илдам, сакраб-сакраб ўтиб кетмоқчи бўлдим, шу лаҳза бошимдаги шон-шавкатим дасторини тушириб юборсам, денг. Ер билан битта бўлди. Бироқ уни лойдан кўтариб олишга юрагим бетламади. Извошлару отларнинг туёқлари остида қолиб, абжағим чиққандан кўра, қадр-қимматим, ғуруримдан мосуво бўлишни эп кўрдим, “Ёмонлик бор жойда яхшилик ҳам бўлади”, – дедим ўзимга ўзим.
– Ўзлигингиз йўқолгани ҳақида эълон қилсангиз ёки полицияга хабар берсангиз бўлармиди…
– Э, йўқ. Нималар деяпсиз. Ҳаққи рост, менга бу ер жуда маъқул тушди. Атиги сиз танидингиз мени. Довруқ, юксак мартаба деганлари ўлгудек жонимга теккан. Дасторимни бирон пастарин, ношуд шоир топиб олиб, пешонасига қўндирсами, роса хурсанд бўлардим-да. Бировни бахтли қилганга не етсин! Боз устига, у сен устидан кула оладиган кимса бўлса… Дейлик, анави Фалончи ёки Писмадончи… Роса ичакузди кулги бўларди-да. Нима дедингиз? А?
ДАРВЕШ
– Ҳаммадан ҳам кимни яхши кўрасан, эй тилсим одам: отангними, онангними ёки ака-сингилларингними?
– Менинг на отам, на онам, на ака-сингилларим борки, уларни яхши кўрсам.
– Балки дўстларингни яхши кўрарсан?
– Сиз маъносини мен умуман билмайдиган сўзлар ҳақида сўраётибсиз.
– Эҳтимол Ватанингни севарсан?
– Ватан қайси жуғрофий кенгликда жойлашганлиги менга қоронғи.
– Гўзалликни-чи?
– Мен уни илоҳий ва жовидон шамойилда севишни истар эдим.
– Бўлмаса, ҳаммасидан ҳам олтинни яхши кўрарсан?
– Сиз Худони нечоғлик тан олмаганингиздек, мен ҳам олтинни шунчалик ёмон кўраман.
– Ҳм, унда ўзи нимани яхши кўрасан, ғаройиб жаҳонгашта?
– Менми?.. Мен… булутларни, ҳув анави учар булутларни… яхши кўраман… Қаранг, ҳов ана… Хўп ажойиб булутлар-а!..
ТУШКУНЛИК
Нақадар дилбар, ёқимтой болажонни кўриб жиккаккина, қоқшол кампирнинг дили ёришиб кетди. Сабий барчага завқ-шавқ бағишлар, ҳамма унинг кўнглини олгиси келарди: мафтункор бу бола ана шу мункиллаган момо янглиғ мўрт, нозик, худди шу буви мисол тишсиз ва сочсиз эди. Ширинтой сабий бўлса бемисл хилқатга ўхшарди.
Хушҳол, майин табассум қилганча кампир болажонга яқинлашди.
Меҳрибон, бироқ силласи қуриган момонинг ўпичларидан гўдак ўзини ҳар ён уриб, бутун ҳовлини чинқироқ йиғисига тўлдириб юборди.
Шунда кампир ўзининг зоҳидона кун кечириб келаётган хилват гўшасига йўналаркан: “Шартимиз кетиб, партимиз қолган биз қарияларни ҳатто беғубор, мурғак сабийларга-да ёқадиган давримиз ортда қопти; биз эркалатиб, суймоқчи бўлган кичкинтойларни ҳам совуқ турқимиз билан даҳшатга соламиз”, – деб ўзига ўзи пичирлаганича, унсиз йиғлай бошлади.
НОШУКУРЛИК
– Қани, бери кел-чи менинг юввош, ёқимтой ва ўйноқи итгинам, кел, кела қол. Парижнинг энг машҳур атторларидан харид қилган мана бу хушбўй атирни бир ҳидлаб кўр-чи…
Кучук думини ликиллатганича (бечора жониворларнинг бу ҳаракатини уларнинг кулиши ёки жилмайишига менгзайман) қулоқларини чимириб, ҳўл тумшуғини оғзи очиқ атир шишасига яқинлаштирди, сўнг бирданига ниманидир сезгандек ортига тисарилиб, худди ёзғиргандек, менга қараб акиллаб юборди.
– Вой, ношукур, палид-ей, шу топда атир ўрнига нажас тутганимда, сен уни маза қилиб ҳидлаб, мендан миннатдор бўлармидинг. Бу жиҳатдан сени бир тўдага, оломонга ўхшатгим келади, афтодаҳол ҳаётимнинг эй ношоён йўлдоши! Оломонга ҳам ёқимли атирни ҳидлатиб бўлмайди: ширин бўйлар кўпларнинг ғашига тегади, уларнинг насибаси аслида обдон тобига етган сарқитлар, вассалом.
ОЙИНА
Таъвия-тараққос киши уйга кириб олиб, ўзини кўзгуга солди.
– Нечун ўзингизни кўзгуга соласиз? Ахир бедаволигингизни кўриб дилингиз хира тортмайдими?
Тасқара жаноб саволимга жавобан:
– Тақсир, 1789 йилнинг устивор ва жовидон тамойилларига асосан бани одамнинг ҳуқуқлари мусовийдир; шундай экан, ўзимни ойнага солишга ҳаққим бор деб ҳисоблайман; бундан завқ олиш ёки олмаслик ўзимнинг виждонимга ҳавола, – деди.
Нафсиламрини айтадиган бўлсак, мен, шубҳасиз, ҳақ эдим, бироқ қонун нуқтаи назаридан у ҳам янглишмаётганди.
ОШИҚ ЎҚЧИ
У извошда Булон ўрмонидан ўтиб бораётиб, тирандозлик бобида беллашаётган кишилар сафига қўшилиб, ўзининг нечоғлик мерганлигини синаб кўрмоқчи, бир неча ўқ билан ВАҚТ отлиғ мавҳумотни маҳв этмоқчилигини билдирди. Вақт аталмиш махлуқни маҳв этиш ҳар бир кишининг энг ғайриодатий ва энг ғайриқонуний машғулоти эмасми, ахир?! Ўқчи айри илтифот билан ўзининг ардоқли, жозибали, шу билан биргаликда манфур, асло тушуниб бўлмайдиган рафиқасининг қўлтиғидан олди, қайсики бу аёл унга қанчадан-қанча лаззат, қанчадан-қанча азоб-уқубат етказган, эҳтимолки, даҳолигининг ҳам катта бир улуши у туфайлидир.
Ўқларнинг бир нечтаси нишонга тегмади; ҳатто биттаси шифтга бориб қадалди; соҳибжамол бағоят илтифотли бу “мерган”нинг ноқобиллигидан телбаларча кулганда, у зарда билан рафиқаси сари бурилди-да: – Ҳўв анави ўнг тарафдаги бурни танқайган кибр-ҳаволи қўғирчоқни кўраяпсизми? Уни сиз деб тасаввур қиламиз, менинг малагим, хўпми? – деб бир кўзини сал қисганча тепкини босиб юборди. Қўғирчоқнинг боши кифтидан учиб кетди.
Шунда у ўзининг суюкли, мафтункор, шу билан биргаликда жирканч ҳамда муқаррар ва бешафқат соҳибжамолига энгашиб, унинг нозик қўлларини такаллуф билан ўпаркан: “О менинг малагим, мерганлик бобида эришган зафарларим ҳам сиз туфайлидир. Бунинг учун сиздан беҳад миннатдорман”, – деб қўйди.
Русчадан Илҳом Ҳафизов таржималари
МУШУК
Мушукчам яқин кел,сапчи кўксимга,
Аввал яшириб қўй тирноқларингни.
Зумрад кўзларингга зумга чўксамда,
Тиндирсам асабий титроқларимни.
Секин тегиб қўйиб панжаларингга,
Қўлларим бошингда аста қимирлар.
Гўёки электр зарраларидек
Кафтларим остида недир жимирлар.
Бир аёл тушади яна ёдимга;
Унинг нигоҳи хам чиройли,қаттик,
Сеҳрли боқарди,тўла жодуга,
Ифорли кунларни этарди тортиқ.
Димоғимда қолган ўткир бўйлари,
У томон тортқилар ҳамон ўйларим.
ТУШКУНЛИК
Чўян ,босқон бўлиб босганда осмон,
Тушкунлик забт этса ҳорғин жуссани.
Уфқ ҳам тундлашиб эзганда ёмон,
Нур ҳам қуволмаса қора ғуссани.
Ер-ер емас ,гўёки заҳлаган зиндон;
Вужудга қўрғошин ҳислар қуюлса.
Кўрқушлар мисоли чарх урган ишонч
Ёмғир тўрларига келиб урилса.
Хаёлни бўғмоқчи бўлар панжара,
Қайғу илонлари шошар зафарга.
Бошимга нишлари ботар ханжардай,
Мия ҳам айнийди бадбўй захардан.
Тўсатдан қўнғироқ бонглари янграр
Муқаррар заволдан бергандай дарак.
Ҳудди аъзадорлар ингроқларидай
Бағрига сингдириб юборар фалак.
Ана шу лаҳзада илинж ҳам сўнар
Изтироб энг сўнгги иродам янчар.
Азобим эгилган бошимга келиб
Ўзининг қоп-қора байроғин санчар.
ЎТКИНЧИ АЁЛГА
Мен бир аёлни учратдим,суронлар ичра.
Мотам аломати сокин,ойдин юзида
Назокат мужассам,виқор кўзида
Кўча тошқинида ўтди ялт этиб.
Туйғулар мавжланди,вужуд жим қолди.
Дудоғи шивирлар ғамгин ифода,
Хаёллар чарх урди масрур,пойида.
Кўнгил тусар эди захарли болни.
Бир зум ёниб ўчди…зулмат пардаси.
Хаётбахш қорачиқ бағримни эзди.
Қайта учрармисан,о севги шарпаси,
Васлинг умидида дунёлар кезсам?
Тақдирнинг аёвсиз мавҳум зарбаси,
Севган бўлар эдим буни сен сездинг.
ХАЁЛОТ
Оғир бўл,азобим,чида,сабр қил,
Оқшомни кутгандинг.Мана кеч тушди.
Заминни қоплади мавҳумлик ва сир,
Кимлардир ҳаловат кимдир дард қучди.
Разиллар топишар,аянчли,савил,
Нафсидан қамчи еб ҳирсига учган.
Ишратлар кетидан қон йиғлайди дил…
Азобим,кимсасиз ер борми-ўчман!?
Юксакка кўз ташла;бесамар кунлар
Сўраб тургандайин гуёки хунлар.
Алвон толалар ҳам кўкни этди тарк-
Тавба малаклари келар дамодам.
Зулматга ғарқ бўлар секин аста шарқ,
Кафан судраб келар тун ҳам самодан.
Дилшод Жамолиддин таржималари