Поль Верлен (1844-1896)

Поль Мари Верлен (Paul Marie Verlaine, 30 март 1844 — 8 январь 1896) — француз шоири, импрессионизм ва символизмнинг асосчиларидан бири.

АЁЛГА СОНЕТЛАР

* * *

Норасо тушлар ичра азобдадир қалбим лол –
Буткул бегона менга ҳар қандай ҳаловатгоҳ.
Мени севган, мен исмин унутган ўша аёл,
Ўзгага эврилади, ўзига айланар гоҳ.

Юрагимнинг сирларин ўша аёл биларди,
О, мени у қанчалар англай оларди теран,
Аччиқ кўзёшлар билан эритарди ҳар дардни,
Менинг оғир ҳолимга у йиғлар эди фақат.

Телбами, девонами, ошиқми? – аён билмам –
Номаълумдир исми ҳам. Қайдан билай, шу сафар
Ҳеч эсимга тушмайди сочин силаганим ҳам.

Билганим шудир ёлғиз – нозик бели, дур лаби,
Қараши ҳайкалларнинг қарашини эслатар,
Овози ҳам кўпдан жим қадимий қўшиқ каби.

* * *

Ёшликнинг эҳтироси, эй, суюкли аёллар –
Кокиллари олтинранг, кўзлари мовий денгиз,
Гул каби бўй таратган тар ва иссиқ баданлар,
Юрак ҳаяжонининг нозик титроқлари – сиз.

Йўқолган зулмат куннинг мағрур ва шан сасидан,
Айтинг, покиза ишқлар қайлардадир ботдими?
Ёки соғ чиқишмайин кузакнинг нафасидан,
Сўнгра пушаймонлик ва қишларда совқотдими?

Сўнгги кунин кўзлаган ёлғиз кексадек талош,
Энди бутун бўлдим мен – ғамгин ҳамда дилафзо –
Кимсасиз бир етимдек қолдим кўзларимда ёш.

Бировларнинг кўнглига сира солмадинг малол.
Гўзал табассум ила пешонангдан ўпган бахт –
Қалби муҳаббат тўла, сен эй меҳрибон аёл!

* * *

То ўлиб кетгунимча ёддан чиқмас у оқшом,
Хотиримдан ўчмагай сокин ётганинг фақат.
Ҳар ненинг ҳечлигини у сукутда сезганман,
Ҳар тараф бўшлиғини сезган эдим ўша пайт.

Севгилим сенга менгзар илоҳий мўжизанинг
Озод чечаклар каби бир баҳорлик умри бор.
Қора қўрқув, бўғилдим зулматларингда сенинг,
Сен ухла, мен уйғоқман. Ухла жоним, бахтиёр!

Менинг безавол ишқим. Бу не қашшоқ ҳавасдир,
Уйқучан кўзларингдан ўлим аксланар сенинг,
Нафасинг ҳам гўёки олинган сўнг нафасдир.

Ичингда энг серазоб ҳўнграшларинг яширин.
Эй уйқучан табассум. Йиғиларинг толган пайт,
Уйғон, жавоб бер менга: руҳлар ўлимсизми, айт?

* * *

Мен ёзган бари шеърлар сизгадир, фақат сизга,
Шип-ширин хаёлларнинг кулгуси ила нигун,
Мовий кўзёшлар томган ғамгин кўзларингизга,
Сизга кўнгил берганман тоза қалбингиз учун.

Муҳташам руҳингизга юз тутиб ёзайин ман,
Юрагимни берайин тайёрман аввал, қадим.
Бироқ дардларим – улкан. Мени мудом излаган,
Аждарҳо келбатидек ортар қўрқув, даҳшатим.

Бутун ҳаётим қонга булғанади, оҳ, ахир,
Мен чеккан бу даҳшатли изтиробнинг ёнида
Жаннатдан қувулмоқнинг ноласи шан нағмадир.

Ва сизнинг азобингиз бу ноланинг жонида,
Шомда беманзил учган қалдирғочларга ўхшар,
Кўк юзида, ажиб бир сентябр кунида…

* * *

Улкан-улкан шифтларнинг улкан оғирлигидан,
Тўрт девор ҳам букмишдир бунда гўёки қаддин.
Зулмат ҳамда дабдаба асир олинганидан
Бу хона асрор тўла яширин чодир каби.

Бу эскирган мебеллар Нуҳ замонидан қолган:
Ранги йитган пардалар, кўзи синган дераза.
Изтироб ҳар нарсага сирли бир соя солган,
Йўқ, бунда кўзни олар девордан ўзга нарса.

На ҳайкал бор, на табло, на китоб, пиянино,
Қоронғу бир бурчакда фақат қолгани ўша –
Оёқдан то бошгача оппоқ аёл қомати.

Қатрон ҳидли анбарнинг таъсири остидадир –
У эса англашилмас қадим тўй қўшиғига
Ғамгин табассум билан жавоб қайтарган аёл!

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси