Хожа Самандар Термизий (1638-1740)

Термизий Хожа Самандар Муҳаммад ибн Бақо (тахаллуси: Самандар) (тахминан 1638, Термиз, — тахминан 1740, Қумқўрғон туманидаги Қоптўқай қишлоғи) — тарихчи олим ва шоир, уламо ва давлат арбоби. Термиз саййидлари оиласида туғилган. Бухорода Мадраса таҳсилини олган. Дастлаб Нарпайда қозилик қилган (1660— 62). Сўнгра Шарқ ва Ғарб мамлакатлари, жумладан, Ҳиндистонда дарвеш сифатида яшаган. 1670 йилларда Бухорога қайтиб, Аштархонийлардан Абдулазизхон саройида тарихчи (воқеанавис) лавозимида ишлаган. Субҳонқулихон ҳукмронлиги даврида саройда унинг нуфузи ошган. Хива хони Анушахон қўшинлари Бухорога бостириб келганида жангларда бевосита қатнашиб, жасорат кўрсатган (1678—80). Элчи сифатида қўшни мамлакатларга борган. Насафда раис (муҳтасиб) диний лавозимида ишлаган.
Термизий форс-тожик тилида Қаршида «Дастур ал-мулук» («Подшохларга қўлланма»; 1695) ва Термизда «Анис ул-фукаро» («Фуқаролар дўсти»; 1734) асарларини ёзган. «Дастур ал-мулук» асари Бухоро хони Субҳонқулихонга бағишланган бўлиб, у муқаддима ва 22 бобдан иборат. Китоб ахлоқий-таълимий хусусиятга эга тарихий ва адабий асар бўлиб, унда давлатни бошкдриш тўғрисида подшохларга қимматли маслаҳатлар мавжуд. Асарда муаллиф яшаган даврда юз берган тарихий воқеалар: Бухоро хонлари қўшинларининг Хива хонлари Анушахон ва Арангхон босқинларига қарши олиб борган жанглари, Мовароуннаҳр ва Хуросонда марказий ҳокимиятга қарши кўтарилган исёнлар ва бошқалар баён этилган. Асар қўлёзмаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти ва Санкт-Петербургдаги Шарқшунослик институти фондларида сакланади. Асар рус тилида факсимилеси билан (таржимон М. Салоҳиддинова; М., 1971), тожик тилида (нашрга тайёрловчи С. Ҳалимов; Душанбе, 1990), ўзбек тилида (таржимон Ж. Эсонов; Т., 1997) нашр қилинган.

* * *

Тарбиядан тупроқ гавҳар бўлади.
Ноф ичра қон мушки асғар бўлади.
Қийматсиз қора бир темирни иксир,
Тарбия айлагач соф зар бўлади!

* * *

Ўликдир ҳаётда ҳунарсиз киши,
Ҳунарсиз бўлгандан ўлгани яхши!

* * *

Гўдакликдан ёмон феълга ўрганса,
Юз меҳнат-ла уни кам қилиб бўлмас.
Яхши йўлга солай дебон уринма,
Ўсиб қотган шохни хам қилиб бўлмас! .

* * *

Аттор каби бўлгин, чунончи аттор,
Ўзгалар дибосини қилар муаттар!

* * *

Дўстинг учун жонни фидо айлагин,
Дўстингни душмандан жудо айлагин.
Яхши ишга ундар дўстинг ҳар онда,
Ёрдам берар ташвиш етган замонда!

* * *

Хизмат ҳақин билмайдиган кимсаларнинг хизматин,
Қилма асло курмайсан на ҳурмату, на мақтов!

* * *

Душман сўзларига ишонса киши,
Пушаймон тортишдир оқибат иши!

* * *

Душманга ишонмоқ самараси ғам,
Гъафлат тухмин эккан тортажак алам!

* * *

Душман агар дўстлик лофини урса,
Ақл соҳиблари санамас ҳеч дўст.
Илон илонликча қолади доим,
Тери ўзгартириб, ташласада пўст!

* * *

Душман иши аввал ҳийла-ю найранг,
Сўнг ҳужум бошлайди, қилади гаранг.
Бу селнинг йўллари тусилмаса гар,
Юзланар беҳисоб фитна-ю зарар.
Фитна йўлин бугун тусмасанг маҳкам,
Эртага кучаяр бўлиб мустаҳкам!

* * *

Душман қасд айласа йўқотмоқ учун,
Оқил бўлсанг жидду-жаҳд айла тамом.
Мақсад ҳосил бўлса бахтга етарсан,
Акси бўлса, маъзур тутарлар мудом!

* * *

Душман зараридан бўларсан омон
Мозорга чироқ ёқилган замон!

* * *

Ботир бўл, майдоннинг соҳиби — ботир,
Тулки дадил бўлса шерни қулотир!

* * *

Инсоннинг шарафи ақлдан маҳкам,
Ундан обрў топар ҳар қандай одам!

* * *

Дўстинг бўлса агар беақл, нодон,
Ундан оқил душман яхши минг чандон!

* * *

Доно билан зиндон ичида хуррам,
Нодон билан ҳатто бўстон жаҳаннам!

* * *

Гъарибликни энди хавас қилмайман,
Дўстлар дийдори-ла бўлиш кўп хушдир.

* * *

Уйида юраги ғуссага тўлган
Кишига ҳаммадан яхшиси сафар.
Сафарким қанчалар оғир бўлмасин,
Уйда сиқилишдан яхшию, беҳтар!

* * *

Ватанни тарк этмоқ хазил иш эмас,
Бу иш учун ҳар ким тоб беравермас!
Жудолик дарахтдир барги йўқ, ёлғиз,
Барги бўлса ҳамки, аммо мевасиз.
Бугун айрилиқдан юрагим гирён,
Азиз ерни қўлдан чиқариб ҳайрон.
На кўзда уйқу бор, на дилда роҳат,
Азоб ўти барин айламиш ғорат!

* * *

Покиза инсонлар курмайди хорлик,
Лаъл ҳам кондан чиқиб, зарга етишди.

* * *

Жондан кечиб майдон сари сурган от,
Бахту-иқболига бўларсан муяссар!

* * *

Бургут каби жавлон уриб сайр қил,
Бойўғлидек токай жойинг вайрона?!

* * *

Номусдан афзалроқ бўлса агар бош,
Салламас чимматни ёпингин, эй ёш!

* * *

Тинчлик истасалар, тинчликдан кечма,
Жангга талаб қилса юз буриб қочма!

* * *

Ҳилм тиғи пўлат тиғдан ўткирроқ,
Ҳилм юз лашкарни енгар беяроқ!

* * *

Терлар чиқди юзингга қилган насиҳатимдин,
Мендан хафа бўлмагин, обрўйингни уйлайман.
Ёмон билан кам ўтир, десам терга ғарқ ботдинг,
Келажагинг ўйлаб мен ҳақ гапларни сўйлайман!

* * *

Мушкул ҳодисани кўрса хирадманд,
Бу мушкулдан қўли бўлиб қолса банд.
Ўз ақлига ўзга ақлин қилар ер!
Ақл ҳал қилмоққа бўлар мададкор!
Ёлғиз шамдан хона бўлмаса равшан,
Бошқа шамлар ёнар бу шамдан!

* * *

Кимки ҳасад ўтин ёқса жаҳонда,
Бу ўт унинг ўзин қуймас омонда!

Ҳамиджон Хомидий таржималари