Мушфиқий (1538-1588)

Абдураҳмон Мушфиқий (ابدوررحمآني موشفيقي) XVI асрнинг иккинчи ярмида яшаб, ижод этган шоир. У 1538 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Ота-онасидан барвақт ажралган шоир дарбадарликда кун ўтказиб, ҳаётнинг барча азобу уқубатларини бошдан кечирган. Бухоролик бир ҳунарманд хизматида бўлиб, ўша инсоннинг марҳамати билан мактабга кириб савод ўрганган. Сўнг мадрасада таҳсил олган. Мадрасада ўқиркан, билимларни ўрганиш билан бирга, шеърият билан астойдил шуғулланган. Унинг дастлабки ижодиётида ҳажвга мойиллик устун бўлди. Ўз давридаги, ўзи кўрган, ҳис этган замона носозлигини, инсон табиатидаги қусурларни ўткир ҳажв билан қаламга олди. Халқ орасида кейинчалик Мушфиқий ёки мулла Мушфиқий номи билан машҳур бўлиб кетган бу ажойиб юртдошимиз ўз асарларини тожик тилида яратди.
Мушфиқий бой адабий мерос қолдирган. Шоирнинг ҳажвиёт, ғазал ва қасидалари унинг «Девони мутойибот», «Девони ғазалиёт», «Девони қасоид», «101 тугун» (Саду як бувад) каби асарларида жамланган.
Мушфиқий 1588 йилда Бухоро шаҳрида вафот этган.

МЕРОС ТАҚСИМИ

(Ҳажвиядан парча)

Бобом мотамин харжи, сингилжон, сенга бўлур,
Сабр менгаю… чоп-чоп, оҳ-афғон сенга бўлур.

Омбор тўла ғалласи менга тегишдир албат,
Далада қолган хашак, хас-сомон сенга бўлур.

Бобомдан қолган танбур меникидир шубҳасиз,
Ундан чиққан тарона, авж-илҳон сенга бўлур.

Бобомнинг бор уй ичи менга насиб айлагай,
Сочилган эски тасбеҳ ва маржон сенга бўлур.

Бобом ўраган дастор, жомаю фўта – менга,
Бетоқатликда бўлмоқ андармон сенга бўлур.

Кафтгир, қозон, қозонча бобомдан менга мерос,
Бузилган ўчоқ-тандир ва мўркон сенга бўлур.

Танга тўла ҳамён ҳам менга аталгани рост,
Тангадан чиққан жаранг – шавқи жон сенга бўлур.

Барча гиламу қолин бобомдан менга ҳадя,
Титилиб кетган бўйра армуғон сенга бўлур.

Ҳовли саҳнидан тортиб томгача жой – меники,
Томдан Сурайёгача бор осмон сенга бўлур.

Бобом дафнига элни йўлламоқ – менинг ишим,
Кафану кўмиш ғами беармон сенга бўлур.

Бобом қабрин зиёрат этмоқ менинг бурчимдир,
Чалпак пиширмоқ, ёймоқ дастурхон сенга бўлур.

АГАР БЎЛСАМ САЛОМАТ

Муродинг ўлдиришми мени, эй сарв қомат,
Ўлдирсанг бугун ўлдир, эртан бўлур қиёмат.

Ҳар баргки турбатимнинг гиёҳинда кўрингай,
Ишқни инкор этганга бўлгай санги маломат.

Агарчи йиғлар эсам, дунёда қалқир тўфон,
Ҳар битта гардим аро ётгайдир минг надомат.

Мусофирлик балоси бизни мустаманд этди,
Ёр юзини кўргайман агар бўлсам саломат.

Йўлингдадир кўзларим, ҳар лаҳза минг интизор,
Эй, сабо, ёр гардини етказ айлаб каромат.

Ушбу фалак остинда мўъжизалар кўп бўлур,
Мушфиқий ҳам не ажаб ишқда қилса иқомат.

ЭТМА МЕНИ БЕҚАРОР

Кунларим тундек қаро ҳуснинг чароғисиз, ёр,
Агар хато гапирсам, ул ўтда ёнай зинҳор.

Майли, мени ўртайвер, истаганингча ёндир,
Майли, бу танг дилимни этгил яна тангу тор.

Сийнамни алам тийғи билан чок-чок этдинг,
Фироқинг оташинда бўлайин мангу абгор.

Қалбимизнинг фонуси хийра тортибдир обдон,
Зулмат кечамни ёрит, шуълангга жон интизор.

Мушфиқийман, оёғинг остида хоки пойинг,
Бундан бўлак бир жойда этма мени беқарор.

НАРГИС КЎЗИДАН КЎНГИЛ

Наргис кўзидан кўнгил мастона бўлди охир,
Аввал ҳушёр эдию девона бўлди охир.

Мажлисда ел эсдию шам шуъласи эгилди,
Ул шуълага дил куюк парвона бўлди охир.

Ул шўхга умрим бўйи вафо намоён этдим,
Ул эса не боисдан бегона бўлди охир?

Сенинг ишқингда, эй ёр, дардимни пинҳон тутиб,
Халқ орасинда номим афсона бўлди охир.

Ул ғизол кўзларингки, мени девона этди,
Мажнун каби масканим вайрона бўлди охир.

Мушфиқий дили ҳарчанд Каъбадин излаб нишон,
Зебо сувратинг кўриб бутхона бўлди охир.

ЖОНИМ ГУЛШАНИ, ЭЙ ЁР

Жоним гулшани, эй ёр, сенга остона бўлсин,
Унда очилган ҳар гул итингга хона бўлсин.

Майли, буткул бул таним, жамийки устухоним
Жабринг ўқига ҳардам аниқ нишона бўлсин.

Битта вафо ўрнига минглаб жафо қилурсан,
Майли, бунча ситамлар менга тўёна бўлсин.

Ул сарв қаддим томон бормоққа ҳаддимиз йўқ,
Эй қумри, майли, сенга унда ошёна бўлсин.

Салтанати ҳусн ила, майли неча жабр эт,
Чунки даврингдир сенинг, сенга замона бўлсин.

Мушфиқийнинг қалами ўт олди, куйди бирдан,
Сени таъриф айларда… майли, яксона бўлсин.

МУТРИБ КЕЧА ҲУСНИНГНИ

Мутриб кеча ҳуснингни таронайи соз этди,
Жамолинг шамъи сари кўнгиллар парвоз этди.

Қошларингни ёсидан меҳроб ҳам хижил ўлиб,
Имом уни кўрибоқ тақвою номоз этди.

Дедимки, ҳар нозингга минг жонни садқа айлай,
Бул сўзимга кўз сузиб, ишва билан ноз этди.

Мен киму сенга бунча таманно изҳор этсам,
Ҳар имонгга минг жонлар борлиғин ниёз этди.

Висол баҳори кетиб, бошланди фасли хазон,
Изтиробимни ҳижрон туни кўп дароз этди.

Мушфиқий, итларингга садқа этсам бошимни,
Аҳли вафо лол бўлиб, мени сарфароз этди.

МЕҲРИБОН БЎЛМАДИ

Меҳрсиз ой юзлигим ҳеч меҳрибон бўлмади,
Раҳму шафқатни билмас, ороми жон бўлмади.

Оҳим дудидан кулбам қоронғу зулмат бўлди,
Кўриб турса-да, бир тун бизга меҳмон бўлмади.

Ёрни кўзимга жойлаб, қалбимга нақш айладим,
Вале ул ёр бир лаҳза бир ҳамзабон бўлмади.

Оҳу нолам эшитиб, уйқудан кўз очмади,
Бахти қаро эканман, менга осон бўлмади.

Йилларки ёди бирла ўртаниб бўлдим адо,
Огоҳ бўлмади мутлақ, дилга дармон бўлмади.

Мушфиқийман, итлари олдида ҳам қадри йўқ,
Меҳру шафқатдан бизга асло нишон бўлмади.

ҲУСНИ НЕЧОҒЛИК ОРТСА

Ҳусни не чоғлик ортса, мен шунча зор бўлурман,
Ул қанча эъзоз топса, мен шунча хор бўлурман.

Дардимга чора истаб қайси томонга бормай,
Тобора дардим ортиб, беихтиёр бўлурман.

Бу турфа ғамлар аро бемор бўлибман андоқ,
Қанча парҳез этмайин, шунча бемор бўлурман.

Фироқида кўз ёшим дарёдек тўлқин отди,
Яна неча тўфонга албат дучор бўлурман.

Муҳаббат кўчасинда жафокаш бир ошиқман,
Қанча алам тортмайин, лек вафодор бўлурман.

Дардимга даво истаб Каъба сари йўл олсам,
Қанча ибодат этмай, кўп гуноҳкор бўлурман.

Бул ҳажр тўфонида Мушфиқий гум бўлгайдир,
Яна васлин излашга мен талабгор бўлурман.

БОВАР ҚИЛАБИЛМАС

Тарки жафо менга ситамгар қилабилмас,
Жон берсам ўшал лабгаки, бовар қилабилмас.

Ишқ йўлида жонни берур аҳли муҳаббат,
Ҳеч ошиқ буни менга баробар қилабилмас.

Ул икки кўзи менга беҳад жабрлар этди,
Бул жабру жафони пари пайкар қилабилмас.

Ошиқ дилини шўхи санам лолазор этди,
Ҳеч маъшуқа бу ишни муқаррар қилабилмас.

Майли кўзим кўр бўлибон кўрмасин элни,
Бул бошим итинг хизматини гар қилабилмас.

Хўбларга боқиб кўз ёшимиз дарёдек оқди,
Шодлик дегани бир лаҳза назар қилабилмас.

Мушфиқий умрин ҳосили бўлди гўзал ёр,
Бундан-да улуғ бахтни муяссар қилабилмас.

ҚАЙСИ ТОМОН БОРУРСАН

Эй, сарвиноз, қай томон уриб жавлон борурсан?
Мен ўзимдан кетяпман, сен-чи, қаён борурсан?

Кўксимни чок-чок айлаб, интилурман ёнингга,
Сен бепарво, тонг ели янглиғ равон борурсан.

Кўз ёшларим шашқатор оқаётир бетиним,
Дейман, сен ҳам ёр томон кўп фаровон борурсан.

Ошуфта насим бўлиб ёки саргашта сабо,
Сунбул бўйин таратиб, шўху шодон борурсан.

Ҳайрат ичинда, эй дил, оҳ урарсан устма-уст,
Ёр жамолин кўргали ошиб довон борурсан.

Сенсиз бу Мушфиқийнинг дили ҳар лаҳза қондир,
Шафқат истабми ёрдан, эй дил, нолон борурсан?

БИР КУНГИНА КЕЛ ДЕСАМ

Ноз қилиб, мен томонга ул ёр бир келмайдир,
Бошқалар кўп келару аммо нигор келмайдир.

Толеи йўқ ошиқман, боқмас дилором қиё,
Бир кунгина кел десам, ойда бир бор келмайдир.

Ул шўх жоним балоси, нигорон айлар мудом,
Ҳеч бўлмаса балодек бир бор дучор келмайдир.

Дунё гўзалларининг шоҳидир ул дилором,
Йўқлаб бир оқшомгина бедор бир келмайдир.

Жоним оғзимга келди зулми изтиробинда,
Кулбамни этиб обод гулзор бир келмайдир.

Токи тирик эканман, аҳдимда барқарорман,
Тилимда йўқ бошқа ном, зинҳор бир келмайдир.

Мушфиқий бу ишқ аро кийди бало либосин,
Бул кийим унга ғоят тангу тор, бир келмайдир.

НА ХУШ ДАВЛАТКИ

На хуш давлатки, ҳар тун дилдорни тушда кўрсам,
Шод уйғонурман ҳар тонг ул ёрни тушда кўрсам.

Тонглар гулистонидир чеҳранг, оё гўзалим,
Насим бўлай боғингда, гулзорни тушда кўрсам.

То жоним бор оёғинг изларини излагум,
Ҳар кўйга киргайман шўх рафторни тушда кўрсам.

Шўхи ситамкор эрур, хўблар аро бераҳм,
Жон олғувчи ул кўзи маккорни тушда кўрсам.

Зулфингни бир толасин қўлда тутмоқ умидим,
Аммо қўрқиб кетурман озорни тушда кўрсам.

Кўз ёшларим мавжлари бало тўлқини янглиғ,
Емиргай сени тўсган деворни тушда кўрсам.

Ғам туни албат ўтгай, шамингни ёқ, Мушфиқий,
Тонггача оғир бўлгай, нигорни тушда кўрсам.

ДИЛИМНИ БИР НАФАС

Дилимни бир нафас хурраму шод кўрмадим,
Ғам чангалидан ўзни лаҳза озод кўрмадим.

Ғам чекмасанг, дейдилар, бўлмассан манзилобод,
Ғам чекдиму аммо дил уйин обод кўрмадим.

Замонанинг зулмидан нолалар урдим, вале
Жаҳон элида бундоқ оҳ-фарёд кўрмадим.

Ошиқ бўлиб сабр уйин тиклай дедиму, аммо
Умр ўтиб, бу бинони асло бунёд кўрмадим.

Зоҳид хилватгоҳига йўл тутай дедим, лекин
Бу йўлда ҳам кўнгилга лаҳза нажод кўрмадим.

Ишқинг ўти қалб уйин андоқки этди барбод,
Замон элида бундоқ зулму бедод кўрмадим.

Мушфиқий, ишқ айшининг не бўлурин билмадим,
Бу йўлда ҳосил ўлган мақсуд-мурод кўрмадим.

Форсчадан Жуманиёз Жабборов таржималари