Макнуна – Нодира (1792-1842)

Таниқли шоира, маърифатпарвар Моҳларойим Нодира Андижонда туғилган. Қўқон хони, Амирий тахаллуси билан ижод қилган завжи Амир Умархон вафотидан сўнг, гарчи тахтга расман 14 ёшли ўғли Муҳаммад Алихон (Мадалихон) ўтирган бўлса-да, давлатни, асосан, Нодиранинг ўзи идора қилади. У адабиётни, санъатни ривожлантиришга интилади, бозор ва расталар, масжид ва мадрасалар, карвонсаройлар қурилишига катта эътибор беради. Мадрасаи Чалпак, Моҳларойим мадрасасини бино эттиради. Бухоро амири Насрулло 1842 йилда Қўқонга бостириб кириб, Мадалихонни, укаси Султон Маҳмудхонни, 14 яшар ўғли Муҳаммад Аминхонни ва Нодирани қатл эттиради.
Нодиранинг адабий мероси ғоявий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан ўзбек мумтоз шеъриятининг гўзал намуналаридандир. Унинг ўзбекча асарларидан ташқари, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида “Макнуна” тахаллуси билан ёзилган ғазаллари ҳам мавжуд. Мазкур таржималар Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида (1971) форс-тожик тилида чоп қилинган китоблардан олинган.

ҚАНИ?

Ё раб, ул шамъи шабистоним қани?
Чун қуёш – боиси ҳижроним қани?

Тийра қилган кулбаи эҳзоними
Шамъ недур – хуршиди тобоним қани?

Айрилиқ даврони ҳам келди етиб,
Одилталаб шоҳи давроним қани?

Боз ниёз-ла ола келдим кафтда жон,
Айладим таслим, жононим қани?

Поймол бўлдим шаҳриёримдан жудо
Ҳуд чумоли, ул Сулаймоним қани?

Чиқди дастимдан висолин бари ҳам,
Билмайин қолдим – гирибоним қани?

Етди узоқлардан либосин бўйлари,
Мисрлик Юсуфи Канъоним қани?

Чун оёқ остида қолдим соядек,
Эй, Худо, сарви хиромоним қани?

Босди Макнуна дилин ғам лашкари,
Ул мададкориму Султоним қани?

ҒАНИМАТДИР

Фасли баҳор лола, райҳон ғаниматдир,
Булбул тўла боғу бўстон ғаниматдир.

Жонинг асраб, фахр қил анжуман бирла,
Беш кунлик суҳбати жонон ғаниматдир.

Яшину елдек кечар васл онлари,
Ушшоққа карашма, мастон ғаниматдир.

Тупроғин кўзларингга тўтиё қилғил,
Жаҳону даргаҳи Султон ғаниматдир.

Ҳаёт ташвишларини айламакка дафъ,
Соқий, жом айлантир, даврон ғаниматдир.

Макнуна, висол айёми тўкмагил ёш,
Бу кеч жилвадан чароғон – ғаниматдир.

ЎТКИНЧИ

Айш қилғилки, васли ёр ўткинчи,
Бода ичгил, фасли баҳор ўткинчи.

Қилиб қолгил ишингни ўз вақтида,
Ахир, фурсат ила рўзгор ўткинчи.

Сабр қилғил қўлга киргунча фараҳ,
Ахир, изтиробу хумор ўткинчи.

Васл хушхабари етгайдир, демак,
Ҳам навбату ҳам интизор ўткинчи.

Бино қўйма, фалак, ўз савлатингга,
Қўлда ҳар неки йўқу бор ўткинчи.

Умр суянчиғига бўлмас ишониб,
У мисли боди навбаҳор ўткинчи.

Жаҳон мисли бир ойина, Макнуна,
Унга ким бўлса-да дучор – ўткинчи.

НАЗОКАТБАХШ ЖУМЛА ГУЛЗОРЛАР

Маҳваш ҳуснидек назокатбахш жумла гулзорлар,
Зулфи тори орзусида сунбул боғлаб зуннорлар.

Дўпписин қийшиқ қўйиб саҳрога маст чиқди, магар
Урди Мажнун ерга даст, бошидин олиб дасторлар.

Айт қулоғимга, сабо, ишқ рамзидин бир-икки сўз,
Олам аҳли ичра камдур маҳрами асрорлар.

Айладим хуршид рухсорини кўрсам деб умид,
Ҳар кеча юлдуз бўлиб чақнаб кўзим бедорлар.

Қилган каби меҳроб буржин ўғрилар доруламон,
Қошингда – анбархол аро тутмуш паноҳ айёрлар.

Нола чекмакдин қачон озод бўлғай дил қуши,
Тўлғонур юзда қаро зулфлар – мисоли морлар.

Макнуна, ёр қаддидек гулгун эмас ҳеч бир чечак,
Чунки кўрдим сарв ила гулларни ҳам бисёрлар.

БОШҚАДИР

Амал бошқа, лофу журъат бошқадир,
Мардда самар ила ҳиммат бошқадир.

Тожу тахту арзгоҳу қасрмас,
Шоҳда асбоб ила давлат бошқадир.

Кўрсатар бўлса гар шону шавкатин,
Подишоларда аломат бошқадир.

Итоатсиз ҳукмдорлар олдида
Узунқўл, аҳли каромат бошқадир.

Фитна, ғавғоси бўлак жунунликнинг,
Шовқину рўзи қиёмат бошқадир.

Иш бермайди асло мутриб нағмаси,
Лаззату оҳу надомат бошқадир.

Ярқиради тили Макнуна тийғин,
Жавҳари шамшоду ғайрат бошқадир.

ПАЙДОСИ ЙЎҚ

Эрса кўз ёш беқарор – пайдоси йўқ,
Кечса тузсиз рўзигор – пайдоси йўқ.

Кўзларим икки жаҳон кўзгусидир,
Кўринса унда ўзга ёр – пайдоси йўқ.

Дилда куйдирдим нафас-нафсимни мен,
Кўрсатса тупроғим ғубор – пайдоси йўқ.

Нодон ул котиб менга шундай деди:
“Бўлмағай пинҳон – ошкор, пайдоси йўқ!”

Олди этак чулғаб тунда “оҳ” тутуни,
Эрса-да шамъ шуъладор – пайдоси йўқ.

Ҳайратимдан юз чаман гул очди-ю,
Келмади бизнинг баҳор – пайдоси йўқ.

Мисли жаннатдур машраблар олами,
Топмагай хор эътибор – пайдоси йўқ.

Мўътадил кўнглим ҳавоси очди гул,
Монеъ бўлолмас унга хор – пайдоси йўқ.

Макнуна, шеър машқига создан бўлак
Бўлмас ҳеч зот ёдгор – пайдоси йўқ.

ЭНГ ТЎҒРИ ЙЎЛ

Эрса-да жаннат ёқимли – дилнишин,
Сенинг кўйингда тупроқдай камтарин.

Нечун қилмай шикаста дил шукрини,
Юзлаб ганжни яширгандир бу замин.

Баҳори эрмас ишқинг бир чаманнинг,
Шавқи дилдадир минг бор нозиктарин.

Кимнинг бўлай миннатин шармсори,
Карашмалар айлар кўзинг, офарин.

Пок назарлар кўзёши сайқалидан,
Гўё осмон оинасидур замин.

Муддао эрур ишқда борди-келди,
Гуноҳдир либосга ўрар эрса дин.

Чекмагил қадам ожизлик йўлидан,
Камол йўли, Макнуна, ушбудир чин.

ЎТ ИЧИНДА

Сенданмас куйганим, дил, соқиё, ўт ичинда,
Пиёлам қон устинда-ю саҳбо ўт ичинда.

Дилим чароғини равшан айлагайман юзингдан,
Ҳар негаки боқсам-да тамошо ўт ичинда.

Ёр ҳижратидан мисли бир доғ эрур бул чаман,
Гўё сарв шуъласидек сарупо – ўт ичинда.

Бир кўзадан сув ичгандек настарингул бирла шамъ,
Ул рангни дилга ҳар ким айлаб жо ўт ичинда.

Хирманим чақмоғидур оташ нигоҳу ёди,
Оҳим сингари танда бор аъзо ўт ичинда.

Холи қилма, Макнуна, шавқ шуъласидан дил,
Чун, аввал-азал шамъдек маҳлиқо ўт ичинда.

Форс тилидан Ошиқ Эркин таржимаси