Маҳмуд Ғазнавий (967-1030)

Маҳмуд Ғазнавий, Абулқосим Маҳмуд ибн Сабуқтегин (967— Ғазна, 1030) — давлат арбоби ва ҳарбий саркарда, Ғазнавийлар давлати ҳукмдори (998—1030). Сабуқтегиннинг ўғли. Ғазнавийлар давлатининг Нишопурдаги ноиби (994—997). Отаси вафотидан сўнг тахтни эгаллаган (998 й.дан).
Маҳмуд Ғазнавий қорахонийлар билан ўз мавқеини мустаҳкамлаб, асосий эътиборни Шимолий Ҳиндистонни охиригача забт этишга қаратган. У Панжоб ва Кашмир вилоятларига 17 марта ҳарбий юришлар уюштирган (1002—28). Маҳаллий аҳолини ислом динига киритган. Унинг ҳарбий сафарларида Беруний ҳамкорлик қилган. Берунийнинг машҳур «Ҳиндистон» (1030—31) асари ушбу сафарлар натижасида вужудга келган.
Маҳмуд Ғазнавий араб ва паҳлавий (форс) тилларини пухта билган, туркий тилда шеърлар битган. Ўз давлатининг пойтахти Ғазнада нодир китоблардан катта кутубхона тўплаган. Бу даврда ислом маданияти ривожланиши ва ислом дини тарқалишига катта ҳисса қўшган. Хусусан, ўз саройида 400 дан ортиқ олимлар, шоирлар ва санъаткорлар (Беруний, Унсурий ва б.)ни тўплаб, уларга ҳомийлик қилган.

“МАҲМУДНОМА”

1

Ғам доғидин дилки озод ўлди кўргач лолани,
Шармисордир оҳу кўргач сен гўзалнинг ҳолини.

Лаъли лабингдин чаманда лола нечоғ ийманиб,
Такрор олмас бўлди илгига бўлак паймонани.

Гарчи юз минг шоҳиди гулнинг бор, огаҳ бўлмади,
Дард юзидан гарчи булбул артди оҳу нолани.

Чиқди ташга гардидин анжомин анбарин ҳиди,
Гардини кас кўрмади Ой гирдида бу ҳолани.

Кимса васлингдин осонлик бирла баҳра топмади,
Мушкул олди қўлга қудрат бирла ким наволани.

Булбули ошиқки, гулдан иттифоқо англади,
Ўқимаган у каби ҳеч кимса бул рисолани.

Токай айлайди дилин Маҳмудни озурда Аёз,
Қилмаса мутолаа то гар ушбу қаболани.

2

Ой юзидин охири олди ниқоб,
Ҳусн даъвосин қилмасин деб офтоб.

Сен узотиб мунча гулгун бодани,
Жону дилга мунча бергайсан азоб.

Бошима кел, мақдаминг ўпгай баҳр,
Ташналик, очлик берар юз изтироб.

Кўзларимнинг сенга боқмоғи маҳол —
Бўлди ҳижрон туни қирғоқ — жойи хоб.

Ёдима базминг сенинг келтиргуси
Ҳар нафас най — нолани, ғамни — рубоб.

Бўлмади қаддинг баробар сарв билан,
Бўлди қошингда хижолатдан гул — об.

Чиқди Маҳмуд дилидан, Аёз сабаб,
Сабру қарор, ақлу егилигу хоб!

3

Сунар соқий лим пиёла гоҳи ўнг, гоҳ чапгаким,
Тутгани шаробни ол-а, гоҳи ўнг, гоҳ чапгаким.

Бода боис маслаҳатгўй панд этар, лек фойда йўқ,
Айлагай соқий ҳавола гоҳи ўнг, гоҳ чапгаким.

Қошида гар яхшилар лофи гул очгай, бод сочар,
Хижил ундан бу рисола гоҳи ўнг, гоҳ чапгаким.

Ўнгу чапда неча покбозларки, ишқингда турар,
Юзин очар мисли лола гоҳи ўнг, гоҳ чапгаким.

Шуълаи ҳуснинг эрур бизга умиднинг пайкали,
Лекин ҳажринг мисли жола гоҳи ўнг, гоҳ чапгаким.

Номаи чеҳрангга дайр пири ошиқдур жон дебон,
Тортади саф худди ҳола, гоҳи ўнг, гоҳ чапгаким.

Тобакай Маҳмудга тутгай майини ул покдоман,
Мушк сочар соқий — қулол-а, гоҳи ўнг, гоҳ чапгаким.

4

Юзинг шуъласи шамъи анжумандир,
Чиройинг гуллари зийнати — шаъндир.

Сен иккинчи Юсуфисан бугуннинг,
Шу боис ошиғинг ҳар марду зандир.

Чиройинг кўрди ҳар ким, деди завқ-ла:
Бу — Оллоҳ-Оллоҳ, не хил сиймтандир?!

Сеники бағрига ким қисди қаттиқ —
Муроди ҳосил-у, дили чамандир.

Юзингни хатти сабзинг янги этди,
Ки бандаси бинафша-ю, сумандир.

Аёз зулфин толаси эрса, Маҳмуд,
Оёғинг банд этар ажаб расандир.

5

Бўлмадинг ваъдангда собит сен ўзинг, ёр, алғиёс,
Ғуссадин шу бўлди жоним ҳам дилим зор, алғиёс.

Асли сут-ку жоним эрур, менга меҳнату фироқ,
Ўртасида сут билан сигирни пайкор, алғиёс.

Сен билан мен — ўртамизда бўлди-да пайдо рақиб,
У қаердан ҳам етишди қайта-такрор, алғиёс?

Гар унинг муғона майи бўлса чандон нақди жон,
Қўлидан бўлди яна у масту хуммор, алғиёс.

Қайд этилган ул таърифи ҳуснинг ҳамоҳанглигин —
Бир татиб кўрган давр мардуми бемор, алғиёс.

Соқий этса гар пиёласини ҳамки бахш тамом,
Ўйламай қуйгум бутун дардимники бор, алғиёс.

Не мурод олди Аёзнинг етти лахтак танидин,
Ғуссага бўлди охир Маҳмуд гирифтор, алғиёс!

6

Кўриб ҳуснингни минглаб соҳиби тож.
Бўлишди бир кўриш-чун доғи муҳтож.

Пиширди ғишт каби бизларни ҳажринг,
Ўйин олдида қўйилган каби ож.

Висол жомига топдиким ошиқ жой,
У бирла қилди гўё чархда Меърож.

Ожиз тийра жаҳонинг мен туфайли,
Софлиги ҳам топди мен боис ривож.

Зулфинг Чин мушки қилди жигарим хун,
Миср қандидин олди шаккаринг бож.

Оразинг офтобидин сенинг жудо
Кундузим қаро-ю, тун мендан ихрож.

Ўз жамолин Аёз ундан яширди,
Кўриш ойи эрур Маҳмудни, эй кож.

7

Сенда, эй моҳ, кўрмадим мен даҳон ҳеч,
Кўрмадим май васфин этган забон ҳеч.

Не дей васфига сочлар қуршаган чоғ,
Ақл огаҳ маҳал йўқдир миён ҳеч.

Нечун, ё Рабки, қилмас меҳрибонлиғ,
Ошиққа Моҳи ул номеҳрибон ҳеч.

У Ойнинг юзи қандоқ гул бўларкин,
Ки бу гулдан бўларми бўстон ҳеч?

Жонон ҳуснига шунча мойил ўлдим,
Бўлакни фикридин билмас забон ҳеч.

Биларсан ушбудин дилбар нечоғлик,
Нишона шарҳидин ўзга бу он – ҳеч.

Чаман-ку бўлди гул-гул, аммо Маҳмуд,
Сенинг-чун айтмади дили азон ҳеч.

8

Бўлди макруҳ беёри гул узор қадаҳ,
Лаълинг бодасига фидо ҳазор қадаҳ.

Ҳабиб ўлсин қадаҳимни олган соқий,
Даврада чарх урсин равон минг бор қадаҳ.

Ҳасаддан дил хуни бахилни жўш урсин,
Қўлимга тўлдириб узат, нигор, қадаҳ.

Лаъли майи соқий лабисиз ҳалолмас,
Ёрсиз бўлар ҳаром бир заҳри мор — қадаҳ.

Ёдга келар Жамшид жоми ҳикояти,
Халқда топди шундан-ку эътибор қадаҳ.

Шавқ йўлида бода қуяр рақиблар бор,
Нақди жон бўлмаса тутмас зинҳор қадаҳ.

Тавба-тақво сўзин сўрма Маҳмуддан ҳеч,
Аёз берар унга май-ла дучор қадаҳ.

9

Ҳолингдан олмади хабар ҳамон шўх,
Ундан ўзга кўрмадим дилстон шўх.

Не ҳарир кўйлак кийибдур ақлига,
Ким кўрибдур ул қадарлиғ жувон, шўх?

Кўзлари ҳар гўшада қилди хароб,
Бўлмас ундай дил сиёҳ ҳеч қачон шўх.

Худо қилди уни хубликда собит,
Кўрмади ундайни, бирон жаҳон шўх.

Худога қанча хуш иш қилди шўхлар,
Бўларми мунча инсон жовидон, шўх?

Муродинг шўхлигидин ақлим ҳайрон,
Ошиққа ошкордир ул ниҳон шўх.

Унинг ишқи хароби ўлди Маҳмуд,
Аёзидир унинг номеҳрибон шўх.

10

Дилимки, сенга, гул узор, гапиргай,
Сенинг васфингни юз минг бор гапиргай.

Сенинг анбарли холинг донасини
Халойиқ деб мушки тотор, гапиргай.

Забон бордирки ҳар қайси оғизда,
Ёр рухсори васфин такрор гапиргай.

Эй дилбар, маст кўзингни кўрди-ю халқ,
Бўлди, деб, бизга тарк шикор, гапиргай.

Ошиқдир ёрга дард дориси, дея,
Яъни бодайи қуруқвор, гапиргай.

Мабодо дуррин ашкимни кўрар ёр,
Уники гавҳари сувдор, гапиргай.

Сенинг дардингки, эй Маҳмуд, Аёзнинг
Кўзидин ҳар нафас — ашкбор, гапиргай.

11

Лабинг зикри ила бордир забон лазиз,
Шакар таъми туфайли бу даҳон лазиз.

Зокирки сен билан мен бу — жаҳон ўзга,
Шундан зикрим юзидур дилстон лазиз.

Чекар-да сенинг, унинг миннатини жон,
Ширин лаб миннати эрур ҳар он лазиз.

Солар чеҳранг-у меҳринг изтиробларга,
Шундан меҳринг, эй Ой, номеҳрибон, лазиз.

Эмас хуш иззату ғаминг шодликдан гар,
Заҳар олмоқ қўлингдан коми жон, лазиз.

Лабинг олдида қанд васфи эрур нурсиз,
Қанд лаби таъми мурод ҳар жонон лазиз.

Маҳмудга озурда Аёз феълидир шавқ —
Келиб олмоққа гўё бўстон лазиз.

12

Юзингдин олади бор шавқни гулзор,
Юзинг олдида гашти бўлди гулдор.

Эшигинг оша, эй, рози дилимни
Киши олдида қандай айлай изҳор?

Очмади дарча бир ҳабиб висоли,
Зинҳор, ёмон даврдан бери зинҳор!

Кунимдан то туним ҳажрим оташи, —
Ва қино раббано азобаннор.

Сенинг ғамингда рангим заъфарондир,
Оқизгай ашк гулин кўзларда гулнор.

Ўзи гулдан-да нозукроқ юзингни
Гўё гулдай руҳинг айлади йўлзор.

Аёзнинг тўғри ўқи, сени, Маҳмуд,
Дилингда чандиғини қилди-ку бор!

Форсийдан Жонибек Субҳон таржималари