Лидия Койдула (1843-1886)

Лидия Койдула (Lydia Koidula) – эстон мумтоз адабиётининг таниқли намояндаси. Шоира, драматург. У Эстониянинг Вяндре шаҳарчасида адиб ва журналист, ўқитувчи оиласида туғилди. Шаҳардаги қизлар Олий мактабида ўқиб, уй ўқитувчиси бўлиб етишади. Отаси очган газетада хизмат қилади.
Адабий фаолиятини носир сифатида бошлаган бўлса-да (биринчи ҳикояси “Тегирмончи ва унинг қайнонаси”), аммо ҳақиқий шуҳрат, обрў-эътиборга у шеърлари туфайли эришди. Унинг ватан, табиат, туғилган юртнинг гўзал, бетакрорлиги ҳақидаги шеърлари эстон шеъриятининг мумтоз намуналаридир. Шунингдек, у эстон миллий драматургиясининг асосчиси ҳисобланади. Кўплаб шеърлари халқ қўшиқларига айланиб кетган, эстон халқининг миллий ўзлигини англашида беқиёс хизматлар қилган.

ТУҒИЛГАН УЙ

Кўчамизнинг ҳув чеккасида
Девор турар, олди майсазор.
Ўйнар эдик шу ерда бизлар
Майсазорда чопқиллаб такрор.

Гул терамиз, тошлар отамиз,
Гоҳ соламиз роса тўполон.
Бобом келиб қўлимдан тутиб,
Судрагунча мени уй томон.

Мен девордан бўйнимни чўзиб,
Боққим келар: у ёқда ким бор?
Бобом кулар: “Шошилмасанг-чи,
Кўрарсан-да, ҳали вақтинг бор!”

Денгиз, дала, кентларни сўнг-сўнг
Кўравердим вақт етиб бир-бир.
Ўша кўча, туғилган уйим
Ҳеч эсимдан чиқмас негадир…

МУҲАББАТ ГУЛИ

Юрагингда ўсмаган бўлса,
Муҳаббат деб аталган бир гул.
Бу покиза туйғу бобида
Яхшиси шу: гапирмай тургил.

Севиб қолсанг (бу-ку турган гап),
Нақ жаннатга айланар олам.
Кўз олдингда чор атроф яшнаб,
Гуллар дала, тоғу тошлар ҳам.

Биргина тун кифоя билсанг,
Очилади муҳаббат гули.
Сабр ила кут, сенинг учун ҳам
Тонг отади албатта ҳали.

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси