Расул Юнон (رسول یونان) – шоир, ёзувчи, таржимон. 1969 йили Эроннинг Урмия кўли яқинида туғилган. Озарбайжон ва форс тилларида ижод қилади.
* * *
Мен ханда отмасман
бугундан бошлаб,
Ортиқ сўзламасман
Баланд овозда.
Ҳатто тингламасман
шамолнинг,
дарёнинг,
қушнинг
Ва Паваротти овозин.
Оёғим учида юраман
ва яшай бошлайман
шовқин кўтармай.
Сен менда
уйқуга кетгансан…
* * *
Сен ҳаммадан кўпроқ
ойни севасан,
У сени ёдимга
солар ҳар оқшом.
Унутмоқ истайман.
Аммо бу ойни
артиб бўлмас ҳеч бир
дастрўмол билан
деразалардан.
* * *
Ўтмагил тушларим йўлагидан ҳам
ва яна ёдимга солма ўзингни.
Ўтмишда қолгансан:
орқа кўчада
отамдан беркиниб чеккан тамаки
лаззати каби.
Вақт орқага қайтмас.
Агар қайтса ҳам
на у шаҳар бордир,
на кўча…
отам…
* * *
Умид – яхши нарса
сўнгги чақа каби,
сўнгги чипта каби,
сўнгги ўқ каби,
сўнгги кема каби.
Ғурурингнинг синишига
йўл қўймайди
охирги чақа.
Қўналғадан қайтсанг,
сўнгги чипта қўймас умидсиз.
Аскарнинг асир тушишига
имкон қолдирмайди сўнгги ўқ.
Умидвор фақат камбағал эмас…
Ҳамиша бир нарса ёдимдан чиқар –
бу гал ҳам унутдим
сўнгги кема ҳақда айтишни.
Сўнгги кема
ўзи келмаса ҳам
унутишга қўймас денгизнинг номин.
* * *
Юзинг сузаётир қаршимда,
ётоғинг,
столинг,
телефонинг ҳам.
Газетлар, китоблар, гитара
ҳамда
сузиб юрар уйнинг барча ашёси.
Кўзёши ортида
шундай кўринмоқда
“Ўтмиш”.
* * *
Мен яхши кўраман
бепоён йўлларни,
Мен яхши кўраман
муҳташам боғларни,
Мен яхши кўраман
тошқин дарёларни ва фильмларни –
уларда маҳбуслар қилади удда
қамоқхоналардан қочиб кетишни.
Озодлик истайди юрагим –
қуёшни симирмоқ,
тупроқни ўпмоқ.
Силамоқ истайман шаффоф сувларни.
Ичимда маҳбус бор кекса ва ҳомуш:
қўлидаги заррабин билан
ўрганади қочиш харитасин у.
* * *
Мен бу ерни тарк этиб кетгум
Ва фарқи йўқ, билсанг, аслида,
қўлимда фонуснинг бор ё йўқлиги.
Билсанг, қочаётган бир одам
йўқолиб қолишдан асло қўрқмагай.
* * *
Нақадар гўзалдир олис манзиллар.
Прага,
Истанбул,
Шанхай,
Амстердам.
Сен – олис манзиллар сингари гўзал!
Асло яқин келма менга, севгилим.
* * *
Мен учун ёзган илк дастурхонингда
бой бериб улгурдим
ҳамма нарсани.
Сенга кўнгил бермасман энди…
Эшитиб бўлганим ҳикоя каби
ва бир шеър мисоли – мен тугаллаган –
унутгум сени.
Қўшиққа айлансанг,
тилимни ютгум,
Ўлимга тайёрман агар нон бўлсанг.
Ва бундан ташқари,
Ва бундан ташқари
умид қиламан,
ҳаргиз ўқимайсан ушбу шеърни сен.
Форс тилидан Башорат Отажонова таржимаси