Петко Славейков (1828-1895)

Петко Рачов Славейков (17 ноябрь 1828, Тирново — 1 июль 1895, София) — болгар шоири, публицист, жамоат арбоби ва фольклоршунос олим. Сиёсатчи Иван Славейков ва Христо Славейков, публицист Рачо Славейков ва шоир Пенчо Славейковларнинг отаси. “Рангин гулдаста”, “Куйчи”, “Масалчи”, “Қўшиқлар ва шеърлар” каби шеърий тўпламлар, ҳамда кўплаб поэмалар муаллифи.

АРАФА

Турақол, қўшиқлар келтирдим сенга,
Ғафлат дунёсидан уйғотмоқ учун.
Уйғон! Пешвоз чиққин ғаройиб кунга,
Боқсанг, олислар ҳам кўринар ёрқин.

Ҳур, куйчи қушчалар тонг палласида
Зумрад ўрмон ичра бўлмоқдалар жам.
Айғир пишқиради кенг даласида –
Тушун, нимадандир қувончда у ҳам.

Тургин! Келмадими уйғониш пайти,
Наҳотки, ёшлигинг уйқу-ла ўтар?
Биз узоқ ухладик, тўғрисин айтинг!
Эшикда арафа… Уйғонинг, етар!

Рус тилидан Гулноз Мўминова таржимаси