Петр Устинович Бровка (белор. Пётр Усцінавіч Броўка) Белоруссиянинг Путилковиче қишлоғида туғилди. Белоруссия давлат университетида таҳсил олди.
Унинг ижоди 1926 йилдан бошланди. Шоир ўттизинчи йилларда «1914» (1938) ва «Катерина» (1938) достонларини яратди.
Петрусь Бровканинг «Дарёлар туташганда» (1957) романини унинг насрдаги дастлабки асарларидандир.
1967 йилда Белоруссия энсиклопедиясининг бош муҳаррири бўлган.
Петрус Бровка Т. Шевченко, В. Маяковский, П. Тичина ва А. Твардовский сингари рус ва украин шоирларининг асарларини белорус тилига таржима қилди.
У 1980 йили Минскда вафот этган. Минскда Петрус Бровка мемориал музейи мавжуд.
ЮРАК ОНТИ
Жуда миннатдорман мен қора нондан,
Муздай чашмаларнинг зилол сувидан,
Яшил ўрмондану,
Кўм-кўк осмондан,
Дала ариқларин тиниқ сувидан;
Жуда миннатдорман, ўсиб-унганим,
Кўп нарсани татиб,
Дили-бағридан,
Асл дўст орттириб, кўнгил қўйганим —
Серқуёш, сершовқин гўзал шаҳардан;
Жуда миннатдорман, қалбдан севганим
Сахий, очиқ кўнглим ёру дўстлардан,
Ҳамда ҳамма ерда доим ҳамдамим —
Белоруссия —
Деган ўлкадан!
УЙ
Шоир кун бўйи ўйлаб,
Ҳар томон кезиб юради:
«Яна нимани ёзсам,
Илҳом келар нимадан?»
У кезишдан чарчади,
Юриб мадори қурди,
Шунда ўтлоқ ичида
Чашмани кўрди бирдан.
Чашма тип-тиниқ эди,
Таги ойнадай равшан.
Ичган билан чашманинг
Суви қуримас экан.
У чашмадан сўради:
— Нега бунча тиниқсан?
Бунча сени одамлар
Мақтагани-мақтаган ?
Шунда кумуш тўлқинлар
Жонланиб ўйнай кетди,
Ўт-ўланлар қўйнига
Яйраб югурди шу тоб,
Биллур каби оқимлар
Жарангдор куйлай кетди,
Ва жарангдор куй билан
Шоирга берди жавоб:
— Халқнинг муҳаббатини
Қозонмоқчи бўлсанг сен,
Менинг тиниқлигимга
Ҳайрон бўлмагин, ўртоқ-
Мен ер сизиб ўтгандай,
Халқ қалбидан сизиб ўт,
Халқ дилидан ўтиб,
Сўнг ўзингга дадил боқ!
ЭМАН БАРГИ
Менга қўрқинч эмас қаттиқ ёмғир ҳам,
Увлаган шамол ҳам, бўрон ҳам — бирдай:
Ҳаёт курашида тураман маҳкам,
Она шохда турган эман баргидай.
У баргки, мис каби маҳкам, қайишқоқ,
То кечки кузгача тобланиб пишар.
Тинмагур шамоллар уни силкишар,
У-чи,—
Жаранглайди худди қўнғироқ.
Қор-бўронлар ўйнаб чинқирса атай,
Ва совуқ кўтарса ғазаб таёғин,
У, худди инсоннинг илиқ кафтидай,
Совуқлардан асрар ўсган бутоғин.
Фақат баҳор куни, табиат кулиб,
Ҳамма ёқ иссиқдан кетганда гуллаб,
У нозик ва янги баргларни кўриб,
Майса узра аста тушади қулаб.
СЕН — МЕНИНГ БОЛАРИМ
Сен — боларим,
Мен сен билан доимо хурсанд.
Сен, боларим,
Куйлайсан сен, тинмай куйлайсан.
Мен билан —
Ёшлигингдан сен шундай кўркам.
Мен ҳам сендан
афамасман, қадрдонгинам.
Сен эрта тонг —
Нури билан қоқасан қанот.
Чақирасан:
«Кел, кезайлик ўтлоқларда шод!»
Ялқовмасман,
Бирга ишлаб қурдик биз хона.
Нур ва файзга
Тўлсин бу уй хонама-хона.
Ғўнғиллагин
Тонготардан токи қора шом.
Сен, боларим,
Ғам, ташвишни билмагин мудом.
Тасодифан
Сени тўлқин гар олса юлиб,—
Қутқазаман
Океандан мен япроқ бўлиб.
Иссиқ чўлда
Сувсизликдан юрагинг ёнар,
Шудрингга
Айланаман — чанқоғинг қрнар.
Чақмоқ чақиб,
Гумбурласа осмон, шунда ҳам,
Қоя бўлиб,
Ҳар балодан сақлайман, эркам.
Сен, боларим,
Тиниминг йўқ, куйинг беозор.
Куйларингни
Тинглар гулзор ҳамда буғдойзор.
ШЕЪРИЯТ
Қофияни тўла жуфтламоқ —
Учун қандай қилиш керак?— деб,
Танқидчилар, усталар ҳар чоғ
Куйиб-пишар қизғин баҳс этиб.
Бугун қандай бўлиши керак,
Бизнингча, бу катта шеърият?
Ёришсину ундан ҳар юрак,
Туйғулар ҳам олсин завқ, қувват!
Дўстлар! Осон қайин пўстлоғин
Шилиб олмоқ!
Сўз — пўстлоқ эмас.
Тўғри, ишнинг ўнгу сўл ёғин
Билиб олсанг, қийин ҳам бўлмас.
Шеър мажнунтоллар остида
Қайнаб оққан чашмадай бўлсин.
Келин каби тўйида роса —
Ясансину уялиб турсин.
Дугоналар йиғилганида
Гулдай яшнаб, қувнасин, кулсин.
Чоллар билан суҳбат қилганда,
Донолиги билиниб турсин.
Бўлсин унда бургутча қанот,
Парвоз қилсин, тоғлардан баланд,
Булбул каби ёниб, куйлаб шод,
Юракларни қилсин ўзга банд.
Тўсиқларни емириб ўтсин,
Олға томон интилсин ҳар он,
Чарчамасдан ишлаб тер тўксин,
Меҳнатда ҳам бўлсин паҳлавон.
Кўнгли очиқ, ҳар кимга ҳар он
Қарай олсин тик боқиб кўзи.
Гўдакларнинг кўз ёшисимон
Ҳақиқатни англатсин сўзи.
Шеъриятда йўл равон, бироқ
Тор кўчалар, айрилишлар бор,
Қандай мумкин унга етишмоқ?
Ана шунда ҳамма гап зинҳор.
Мамарасул Бобоев таржималари
САЙЁРАМ
О, сайёрам! Қариш билмай сен
Чарх урасан абадулабад.
Заминингда туғилдим, ўсдим.
Мавжудманки — ўзингсан сабаб.
Куррам менинг! Сахийсан мангу,
Кон-хазинанг билмайди поён.
Менинг мулким — экинзорлару
Нур ва ҳаво. Шундан мен шоён.
Бироқ умр битта эрур, нақд,
Қадрлайман лаҳза қимматин.
Ўтинаман, чақирма барвақт.
Муҳлатим чўз. Ўтай хизматим.
Бедор уфқ сари ёлғиз, жни
Сузасан ёт юлдузлар аро.
Истайманки, ям-яшиллигининг
Ҳайратига йўғрилсин само.
Қудратлидир инсон закоси,
Чўнгдир менда мақсад ва бардош,
Чиройингни тағин ҳам очиб,
Олам билан этгайман сирдош.
Бахтинг ёқлаш учун, сайёрам,
Ўт-оловга кирдим мен дадил.
Сенга хавфу хатар боққан дам
Кўкрагимни тутгайман адил.
Асрагайман сени омон, тинч,
Тўшалмишсан пойимга бу пайт,
Чақирмагин қучоғингга ҳеч,
Балки донғил йўлимни узайт.
Мирпўлат Мирзо таржимаси