Нэнси Фотерингем Като (Nancy Fotheringham Cato; 11 март 1917, Аделаида, Австралия — 3 июль 2000, Нуса, Квинсленд) — австралиялик шоира ва адиба. Филология фанлари доктори. “Рақс тушаётган новда”, “Дарёлар югуради”, “Вақт ичра йўқолган аёл”, “Минтақа юраги”, “Хира тортган ойна” каби насрий ва шеърий китоблари нашр этилган.
ҚИЗ ҚЎШИҒИ
Қуёшга тўладай эди пиёла,
Дарчадан оқарди субуҳий салқин,
Осмон мовий эди. “Сизни севаман”, –
Дединг менга, жоним, кўзларинг ёлқин.
Мана, тунги кўлда сузган балиқдай,
Осмонда юлдузлар чарх урар ғужгон,
Қаҳратон тунида нима деб айтай?..
Кутяпман.
Келақол.
Кел, жонон.
Шаробдан ёришган ойдин қадаҳлар
Тонгача тахтада қолди нигорон…
Тонгда эса… Ўзи ким айбдор?..
Эртага кечани топмасмиз, ишон.
Баҳор нафасидан барглар ипакдай,
Қишнинг ажинини текислар яна,
Юрагимнинг тинди дукур-дукури,
Энди биз ошномас,
Бўлдик бегона…
ДАРАХТ
Мен бир дарахт бўлсайдим,
Ёш, наниҳол бир кўчат –
Шу яйдоқликда ўсардим,
Барг ёзардим, яшнардим.
Илдизим қучарди бутун заминни,
Юксалардим – юлдузларни кўрардим,
Танамда оққан шарбатини сезардим,
Шохларимда чуғурчуқлар учарди ғужгон…
Ҳижолат занжири нега бўғмоқда?
Дарахт бўлсам, тайёр эдим
Қушларга ҳар куни силкитардим бош,
Баргларимни ҳар дам ерга эгардим.
Узоқ йиллар турар эдим яйдоқда,
Она еримизнинг сувин шимардим,
Илдизимдан шохларимга оқар эди жон,
Шохларим қўл каби ўсаверарди.
Дарахт бўлсам эди, қимирламасдан,
Кузатиб турардим – на боши, на охири йўқ дунё
Ёнимда турланиб ўтаверарди…
Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси