Егише Чаренц (1897-1937)

Егише Чаренц (Եղիշե Չարենց) 1897 йилда кичик савдогар оиласида дунёга келган. “Рангпар қиз ҳақида уч қўшиқ” шеърий тўплами, “Мовий кўз Ватан”, “Данте афсонаси” номли достонлари унинг илк ижодини ташкил этади. Кейин унинг “Ҳаммага, ҳаммага, ҳаммага”, “Чаренцнома” сингари кўплаб шеърий асарлари дунё юзини кўради.
Е. Чаренц жўшқин ижоди билан ўз халқининг энг севимли шоирига айланади. Шоирнинг ижодий меросида таржима асарлари ҳам салмоқли ўрин тутади. Жумладан, унинг А.С. Пушкин, В.В. Маяковский, И.В, Гёте, Э. Вархарн, У. Уитмен шеъриятидан қилган таржималари арман тилидаги шеърий таржимачиликнинг юксак намуналари саналади.
Оташқалб шоир ўттизинчи йиллар қатағонида ҳибсга олинади. 1937 йили оғир хасталик туфайли қамоқхонада ҳаётдан кўз юмади.

ВАТАНДА

Музли оқ чўққилар, фируза кўллар…
Осмон — руҳимнинг тушидек равшан.
Болалар кўзидек тиниқ ва лобар,
Гарчи ёлғиз эдим, аммо — сен билан.

Тўлқинлар шовуллар кўлда бемалол,
Сирли уфқлардан дилимда ҳайрат.
Менга сингар эди ғалати бир ҳол:
Узоқ юлдузлардан азалий ҳасрат.

Куннинг охирида кимдир бақириб
Мени чорлар эди тоғ чўққисига.
Аммо водийларга тун келиб кириб
Мени чулғар эди ғам уйқусига.

Мақсуд Шайхзода таржимаси

* * *

Ким саломлаб қаршилар мени,
Ким қоронғи кўнглим ёритар?
Ким парвосиз жилмаймай энди,
Дил сўзи-ла бахтиёр этар?

Ким қучоқлаб қақшайди зор-зор,
Кимни қилар ҳасратим адо?
Ким билади! — қайлардадир бор
Балки мендек ғариб, афтода?

Балки мени ҳозир чулғаган
Ташвишлар — бир алдамчи рўё.
Фақат, фақат ўнгингда аён —
Бўладиган қизиқ ҳол гўё.

Аччиқ алам дамлари балки
Ўзгаларнинг дардин куйладим,
Бу зулматда юрагимдаги
Дардларни тўкдим деб ўйладим…

Салом, менга нотаниш ўртоқ,
Ҳасратларда адо бўлган жон!
Салом, келгусидаги қувноқ,
Гўзал ёшлик ва рўйи жаҳон!

Сизни, ерга кирганларни ҳам
Тўниб-тўниб эслаб қўяман.

ФИРОҚ ПАЙТИДАГИ ИЛТИЖО

Озмунча ўчирдимми кўзларингнинг ўтини,
Озмунча кул сепдимми қалбим чўғига секин.
Фироқ дамлари бироқ қарғама ёш ютиниб,
Қўшиғим тафти қолар, ҳаёт сўнса-да лекин.

Элас-элас жимирлов ботқоқ ўтларидек жим,
Ҳаёт липиллаб сўнар ғамгин ва ошуфта ҳол.
Пинҳон қўшиқларим-чи? Маъносига етар ким?
Бировларга қолажак ҳасратларим бемалол.

Сукут сақладим ичда. Пайқай олдими хилқат,
Қандай яшаб соп бўлдим, аслида ким, нимаман?
Фалон шоир шеър ёзиб ўтган дейишар фақат…
Мен ҳам сенинг умрингни шундай тахмин қиламан.

Атиргулим деб сени, товушинг майинлигин,
Кўзларинг ҳасратини мафтун куйладим ҳатто.
Севгинг ёндирса ҳамки, эвоҳ, узоқ ялиниб
Чўзилган қўлларимга дилинг қилмадинг ато.

Шомим яқинлашмоқда — умрнинг қора шоми,
Ҳўнграб юбормаслик-чун, нима қилай, оппоғим?
Қўлимдаги титровчи юқи қолмаган жомни
Уриб чил-чил қилайми, симириб бўлган чоғим?

Мени йўқолган кунлар уволи тутмасмикин,
Дилни ғаш қилмасмикин, ҳамма қилган ишларим?
Бўлганча бўлди, эвоҳ, қўлларни чўзиб секин
Ялинганимда, жоним, урмасин қарғишларинг!

* * *

Шодлик кулар энди ҳорғин қалбимда,
Шодлик кулар қизил дала лабида.

Қалбим узоқдаги ўт бўлиб ёнар,
Ёлқинини шамол силаб тўлғонар.

Уфқларга тегиб инграру шамол,
Ҳасратлардан қўшиқ тўқир бемажол…

Зулмат ичидаги бошоқларга жим
Куйлаб берар эрка тили мулойим.

Мўъжизани ўйлаб орзиққансимон
Дала елпинади ва пишади дон…

ҚАЙТИШ

1

Тепалик орқасида юлдуз лип этиб ўчди,
Ва бир одам ўзининг тинч уйидан жим кўчди.
Ёмғир ювган даладан ўтиб борар бетиним;
Олисда қизартириб осмоннинг бир четини,
Олов кемадай сузар эди думалоқ қуёш,
Қирмизи шуълалари ёйиқ елканга ўхшаш.
Иссиқ тегмаган ҳали нам ўтларнинг лабига,
Одам кетарди ёлғиз, сукут сақлаб қалбида.
Юртда жудо бўларди куйиб, ҳаяжонланиб,
Зангори уфқ эса қоларди тумонланиб.
Лекин йўлчининг қалбин ўярди ҳасрат тиғи,
Сал тезлатар қадамин, ғамгин-ғамгин қўшиғи…
Уфқ-чи, узоқлашар, осмон туби-чи, зилол…
Йўловчини бир товуш чақирар эди хиёл.
Зангори бўшлиқлардан бу сас имларди юмшоқ,
Гуё ўтган кунларда бирга қайғурган ўртоқ
Унга ваъда қиларди бошқа бир ошиённи,
Унутилишу кўклам ва ҳавойи осмонни.
Йўлчининг юз-кўзидан енгил ўпарди шамол,
Маъшуқанинг қўллари шундай эркалар хушҳол.
Осмони тубсиз, тиниқ зангори бир тахт томон
Олисдан чорлар эди кўринмас руҳдай жонон.
Йўловчи борар худди соядай, ўйсиз, холис,
Ўт-ўланлар қоплаган йўл эса олис-олис.
Қўшиқдай чарх урарди гоҳ ўтлоқлар остида,
Гоҳ отилиб чиқарди қияликлар остидан,
Гоҳ буралиб чопарди бинафша чўққиларга,
Сўнг сингиб кетар эди у яланг уфқларга.
“Чўчима, кела бер” деб, бир товуш имлар эди,
Каптарлар ғув-ғувидай майин жимирлар эди.
“Унут тирикчиликни, дунё ғамини унут,
Янги ғамлар беркинган сўқмоқлар сари йўл тут.
Севгилим, акажоним, осмондаги ягона,
Осмон юлдузидай ёлғиз учасан ёна-ёна.
Қоронғи ер устидан кун қизариб пориллар,
Бизнинг жафокаш олам лаққа чўғга қорилар.
Чўққига интил, сабаб чиқиб келаётган кун
Жинни қилар, қўрқитар, тутаб ёндирар бутун.
Ҳалокат йўли қизил қонга бўялмасин-чун,
Эски оғриқларингни водийларга ташлаб кет,
Остонани унутиб, кўзларингни ёшлаб кет”,
Йўлчи номаълум юртга равона бўлар эди,
Видолашув қўшиғи секин қуйилар эди,
Шамол тўзғитар эди сочлар жингаласини
Ва тегизиб ўтарди ёқимли нафасини.

2

Зулмат бош қўймоқчидай тоғлар тўшига секин,
Ҳамон оқариб борар қор элоғ сўқмоқ лекин,
Зил тоғлар устидаги чўққиларнинг қирраси
Зангор кўзи-ла имлар гўзаллик асирасин;
Сўқмоқ учи чувалиб йўқолиб қолган каби,
Осмон қаърига кириб, жо бўлиб олган каби.
Гир айлана шарпасиз, осойиш, муздак ҳаво,
Дайди, туш саҳросида тентирарди бенаво.
Толиққан, совуқотган, аламдийда, дарбадар…
Сўқмоқ айтарди балки, кўп нарсадан хабардор.
Аммо одамнинг бунга ҳуши йўқ; мажоли йўқ,
Киприкларин кўтармай, санғиб юрар, ҳоли йўқ,
Тоғлар қиясидаги жазира йўл, қор йўли
Наздида адоқ бўлмас йўл боссанг аср бўйи.
Унутилган нарсалар эски тушдай хирадир.
Ҳаммаси тамом бўлган, ғарқ бўлган хотирадир,
Сукунат ва қор босган, чўққилар қолган, холос,
Пастликка қараб ҳорғин шу дам қўққисдан, бехос,
Йўлчи кўрди у ерда тирқираган шуълани,
Зулмат яширолмаган ўтган кун — ғулғулани.
Қайлардадир, олисда, қуёш ял-ял ёнарди,
Жизғинак бўлиб лов-лов қиларди, товланарди;
Ерга сепиб турарди қизил зар, қип-қизил гул,
Лаъли тошдан ҳам оташ, қирмизи эди буткул.
Қуёш шу тарзда сўниб, дили қонаб кетарди,
Алвон байрамдагидек, шафақ ёниб кетарди,
Қон тирқираб оқарди сокин водийлар узра
Ва қоришиб кетарди сўқмоқлар гарди ичра.

3

Қуёшга боқар жимжит — қуёш мис қалқон каби,
Юзингнинг руҳи сўниб, қовоғин солган каби,
Аламзада юраги бўғилиб секин урар,
Дарз кетган қўнғироқдай дўриллаб титраб турар.
Ёнаётган юракка ўхшарди кун гардиши,—
Ернинг бир чеккасида ўчай дер қизариши,
Токи шамолда қизил гулдай очилсин сўнгра,
Эрталаб чарақласин, чўғи сочилсин сўнгра,
Зангор осмон қўйнида ғужғон ўйнасин тағин,
Жизғанак бўлиб адо бўлишин қўймасин тағин.
Шудрингли далаларга сепсин олтинларини,
Тун чўккан ботқоқларга қизил ёлқинларини.
Дайди ссзар: юракнинг музи эриганини,
Қайноқ ёшлар иссиғи юзга берилганини.
Бир ўгирилиб, ўрнидан турган эди, ўша зум
Ажал муҳрини кўрди, гўё хилқатга маҳкум.
Ориқ елкасигача титраб кетди шу замон…
Бир овоз эса уни кўкка чорларди ҳамон…
Йўлчи бунга лоқайддай, қарар пастга, водийга,
Қуёш тожи яшнаган зангор тоғлар олдига,
Нигоҳини узмасдан, мамнун бўлиб қуёшдан,
Уйига ошиққандай, тез тушар тоғу тошдан.
Осмондан ерга қайтиш роҳатижон, хуш эди,
Қийқирарди дил — худди чирқиллоқ оққуш эди.
Узоқ осмонда бужур ажалгина ҳукмрон,
Зим-зиё кечаларда чинқиратиб олар жон.
Лекин жилвалар қилиб, ёниб бўларди шафақ,
Ҳовуч-ҳовуч нурларга ғарқ бўлганди ҳамма ёқ.
Дайди тушиб келарди қия тоғдан бус-бутун,
Нур ўйнаган ерларни қучиб ўпмоқлик учун.

* * *

Бир дилбар висолини кўрдим Гуржистонда мен,
Лаб учида холини кўрдим Гуржистонда мен.

Атлас кийганча ёлғиз, оппоқ булутга ўхшаб
Кўпирган рўмолини кўрдим Гуржистонда мен.

Олтин сувида қуёш чўмилтирар ўзин нақ,
Кўлнинг тимсолини кўрдим Гуржистонда мен.

Имо-ишора қилиб, «Шунда қол!» демоқчийдим,
Афсуским, ғов борини кўрдим Гуржистонда мен,

Нола қиламан, дилни ёқиб ўшандан бери,
Аламлар шамолини кўрдим Гуржистонда мен.

* * *

Куйчилар бирталай-ку, жазиллатувчи куй йўқ,
Атроф томоша, аммо кўнгил интизор тўй йўқ.
Боғини тополмайман, ёр боғисиз хушбўй йўқ,
Ётоғи қайда экан, дилдор уйига йўл йўқ.

Худо ярлақаган бу шакароб қўшиғимни
Кимга айтай — ҳеч кимса тингламаса йиғимни,
Жавобсиз дилдан чиққан зоримни ва қайғумни?
Кўз ёш-ла ювай десам, шабнамли атиргул йўқ.

Оҳ, созимни синдириб сўкилай – айни вақти,
Тикани йўқ гулманми? Тўкилай – айни вақти.
Ёв қалбин ёриб ёвдек, жим тилай айни вақти,
Демасинларким: «Чаренц, куйингда журъат, ўй йўқ!»

Одам бағритош, ушоқ, жаҳон эса кенг, Чаренц!
Заҳар томган сўз аччиқ тутун билан тенг, Чаренц.
Суюкли ва ёқимтой бўлолмаган денг, Чаренц,
Негаким, юрагида оғриқ деган буткул йўқ.

* * *

Туманянни қилмасдан канда,
Ўқиганда бир ўй қилар банд:
Қариб, қуруқ суяк бўлганда,
Бўлурманми ундай донишманд?

Ларзаларни мен ҳам унингдай
Қалтирамай кутармиканман?
Гуноҳларим кечган кунида
Қалбим чўғин тутармиканман?

Одамларга ишониб, зимдан
Қайнаб-қайнаб, чарчамай таним?
Ақалли мен қариганимда
Ундай баланд чиқоламанми?

Султон Акбарий  таржималари

* * *

Қуёш яллуғини эмган армани забонини севгайман,
Қадим сози таратган оҳ ила фиғонини севгайман,
Чечаклар гуркирар, муаттар гуллар ҳам дилга хуш,
Наири қизларин нозик рақс ила хандонини севгайман.

Менга хушдир мовий осмон, чақин кўл, тип-тиниқ сувлар,
Қуёш ўти ва тоғларда бўрондан учган ғув-ғувлар,
Қоронғи кулба бепардоз, дилимга хушдир ушбулар,
Менга тоши табаррук қадим шаҳар-қўрғонини севгайман.

Қаёнда бўлмайин дардли қўшиқларни унутмасман,
Дуодек кўҳна битиклардан асло ўзни айри тутмасман.
Ватан жароҳатидан ортиқ не юракни айлагай пора,
Бағир қон, етим Ҳаястон, дил ёронини севгайман.

Менинг мунглуғ дилимга ўзга армон йўқдир оламда,
Кучук, Нарекатсидек асл инсон йўқдир оламда,
Арарат мисли нуроний, чўққи бир шоён йўқдир оламда,
Масис тоғимнинг то мангу шавкат-шонини севгайман.

Абдулла Орипов таржимаси

* * *

Вужудимда ёлқинланасан,
Оташларда ёқасан жоним.
Ишқдек мангу олов ичрасан,
Пок ва тоза йўқдир гумоним…
Мен-чи, ғариб, мискин, оввора,
Юртим каби андуҳдан гирён,
Юз ўгирса дунё, на чора –
Дил озурда, тасалли – гумон…
Не деб чорлай, энди мен сени:
Қачон таъминг тотгай дудоғим?
Сўйла, эй Бахт, қийнамай мени,
Насибдирми Сени кўрмоғим?!

“ДОРИЛБАҚО ШЕЪРЛАРИ”

Қалбимга андуҳлар заққумдек инар,
Бу заҳар зардоби, оҳ, қачон тинар?!
Аждодлар пандига қулоқ қоқмадим,
Шафқатсиз дунёнинг мағзин чақмадим…
Дўстим ҳам душманим ўз ичимдадир,
Уларни жабридан танийман, ахир…
Бошимга иш тушса, юрагимда доғ,
Дўстим юз ўгирар, душман – кўнгли чоғ…
Ҳаммамиз бир жону бир танмиз, гарчи,
Лек бордир ҳар кимнинг ўзин кўмачи…
Қайда намоёндир фойда, манфаат,
Ўзин урар ҳар кас шу жойга фақат…
Мен-чи, бир кунжакда ғариб, нотавон,
Қисмат ёзуғини кутарман ҳамон…
Нетай, менга насиб заҳар томчиси,
Ажалнинг элчиси… гўр илҳомчиси…

Қалбимга андуҳлар заққумдек инар,
Бу заҳар зардоби, оҳ, қачон тинар?!

АЛАҲЛАШ

Мен тенгсиз даҳо деб билган бош чаноқ,
Тишсиз эди мутлоқ ва яна аҳмоқ.
Кечаси эгнимга заҳар сочарди,
Ва ўзин “меҳрибон дўст” деб атарди.

* * *

Тўққизинчи сана, гўё шу кундан –
Меъдага теккудек ғаройиб тарзда,
Чормихга тортилган ҳар шеърим мендан,
Қиёфа, чеҳрамни олмишдир қарзга,
Билмадим, бу менга иснодми, шараф,
Туссиз сатрларим аҳволи мубҳам,
Совуқ хочни кўрдим шеъримга қараб,
Унда ўлим каби порлар шум рақам.

* * *

Тағин паришонман юрак қошида,
Майдон аро ёлғиз эмандек ночор,
Эманки, кимсасиз, лекин бошида –
Эсгувчи шамоллар, шафқатсиз, беор…
Бу ерда уч бута ерга қапишиб,
Бамисли бир сирдан воқиф уч нокас,
Кимнингдир номини такрорлар шипшиб,
Эмансиз майдонни қилганча ҳавас…

* * *

…Офтоб қайдан чиқди, бахт кулдими ё,
Ўз-ўзидан ашъор битмоқда қўлим.
Ҳар сатри – бир сана, камтар, бериё,
Уларда акс этар азобли йўлим.
…Наздимда сарлавҳа улар шунчаки –
Туси ўчиб, рангсиз бўлган бир сиёҳ,
Балки ишорадир йўл четидаги
Хочсиз қабрларга саноқсиз, эвоҳ….

* * *

Бўлганмикан шу пайтга қадар
Бирор шоир ўзин унутган,
Рақам қўйиб шеър ёзган чоғда,
Мўъжизавий жарангни кутган?
…Бир жарангки, таъсир кучи-ла
Муждаларни қолдирмиш доғда?!
Гарчи эзар қирқ ёш залвори,
Изланишлар – кони машаққат,
Дилда ҳар он дуо такрори,
Ножоиздек гоҳо ибодат…
О, Яратган эгам, бокарам,
Эй, тахайюл, орзу эгаси,
Бизда неки бўлса мужассам,
Бари – Сенинг меҳринг меваси.
Қатъияту қўрс сўзлигимиз,
Шеърда – идрок, рақсдаги маъно,
Ақлу зако ҳам ўзлигимиз –
Бари учун шукур, Раббано!
Шон-шуҳратга чорлаган Сенсан,
Томирларда ғайрат тўлқини,
Илҳом, ижод неъматин берган
Олий зотсан, алқайман Сени…
Мени сийлаб, этиб сарафроз,
Шоир деган мақом берибсан.
Ўзгалардан билибсан мумтоз,
Юрагимга чилтор илибсан…
Тангрим, шукур то сўнгги нафас,
Қулингдирман қошингда қарздор.
Халқ қайғусин билдим муқаддас,
Эзгуликни айладим шиор.
Энди кечмас умрим армонда,
Юрт дардидан оғриган жонман,
Шундай манфур, қаттол замонда
Эл дардига балогардонман!
То андуҳдан дилимда садо,
Бари учун шукур, Раббано!

* * *

Туш кўрдим, олисда бир карвон
Қўнғироқ садоси остида,
Чайқалиб ошарди қир-довон,
Билмадим, қай манзил қасдида…
Кўрдимки, қалбимнинг дилбари,
Бормоқда карвонда, зар либос.
Бошида келинлик чамбари,
Пойига йиқилдим:
Илтимос!
Эй, Санам, карвонинг қистама,
Муштоқ дил бир Сенга интизор,
Жоним ол, ўзга ёр истама!
Оҳ, нетай бепарво, ул жонон,
Юмшамас, қалбдаги тош-санги,
Тупроққа йиқилдим, лек ҳамон,
Тинмасди қўнғироқ жаранги…
…Тинмасди, диловар оҳанги…

Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси