Саят-Нова (Սայաթ-Նովա; асл исми – Арутин Саядян) Тбилисида, камбағал арман оиласида туғилган. У яшаган пайтда Тбилисида турли миллат вакиллари истиқомат қилишган. Шу боис Саят-Нова арман, грузин, озарбайжон тилларини пухта ўзлаштирган. Саят-Нова оташин муҳаббатни, ижтимоий адолатни, халқнинг асрий орзу-умидларини бир йўла уч тилда юксак маҳорат билан куйлаган бетакрор истеъдод соҳибларидан бири ҳисобланади.
* * *
Сира ҳам жоним демасман, жонона, жонимсан менинг,
Оби ҳаёт тўлиб-тошган олтин финжонимсан менинг,
Бошим узра соя солмас яйдоқ шийпонимсан менинг,
Севдим сени, ўлдир мени, золим султонимсан менинг!
Қадди-бастинг сарви равон, гул юзинг мастона аъло,
Сўзларинг қанд, лабларинг бол, тишларинг дурдона аъло,
Нигоҳингда ақлу ҳушим олар минг бир маъно аъло,
Бебаҳо дуру жавоҳир, лаъли рахшонимсан менинг!
Дарди ҳажринг ичра минг бир дардга дучор бошим, эй ёр,
Кўзларимдан оқар, ё Раб, мудом қонли ёшим, эй ёр,
Қолмади ҳеч танда ортиқ зарра ҳам бардошим, эй ёр,
Кўйинг ичра яйрай, жаннат каби бўстонимсан менинг!
Хушторингман, бедорингман, борми мендай гадо бўлган,
Наинки мен, жумла жаҳон ой юзингга шайдо бўлган,
Неларга, айт, қиёс айлай, бор ташбеҳлар адо бўлган,
Шамолдай ҳеч тутқич бермас гўзал жайронимсан менинг!
Дариғ тутмай ширин сўзинг Саят-Нова ёри бўлгин,
Ёри неки, бор давлати, номуси ва ори бўлгин,
Қалби ичра оташ ишқи, алангаю нори бўлгин,
Чиннигул ҳам атиргул ҳам тоза райҳонимсан менинг!
* * *
Мен – булбулни олтин қафас ичра тутар бўлдинг ўзинг,
Юрагимни шафқат қилмай топтаб кетар бўлдинг ўзинг,
Гарчи қалбим жаннат каби обод этар бўлдинг ўзинг,
Ёлворсам ҳам шоҳдай сукут сақлаб ўтар бўлдинг ўзинг!
Гулзор аро гулларни ҳам кўзга илмай ёндирасан,
Оташ-олов нигоҳ билан парво қилмай ёндирасан,
Мени ҳам, оҳ, мурувват нелигин билмай ёндирасан,
Барчани кул қилиб боши узра етар бўлдинг ўзинг!
Ошиқларинг ичра, эй ёр, мен ҳам сенинг бир қулингман,
Ҳажринг зиндонида мудом қон ютар бир мақтулингман.
Отимдан ҳам, зотимдан ҳам кечдим, шайдо булбулингман,
Дарё каби тўлғонарман, бағрим ўртар бўлдинг ўзинг!
Дурдона бир холинг билан элни асир қиларсан, ёр,
Менга ҳам минг жоду билан, эвоҳ, таъсир қиларсан, ёр,
Жондан буткул умид узган кўру басир қиларсан, ёр,
Эй маликам, содиқ қулинг ногоҳ нетар бўлдинг ўзинг?!
Саят-Нова кўзида ёш: “Йиғларман дер то имкон бор,
Дардларимни достон қилмам мисли мард эр то имкон бор,
Ва лекин наъра тортарман бамисли шер то имкон бор,
Ҳиммат қилиб олтин созим, не бахт, тутар бўлдинг ўзинг!”
Рус тилидан Абдуҳамид Пардаев таржимаси