Ованес Туманян (1869-1923)

Туманян Ованес Тадевосович [1869.7(19).2, — Арманистон ҳозирги Туманян тумани Дсеҳ қишлоғи — 1923.23.3, Москва] — арман ёзувчиси ва жамоат арбоби.
Тбилисидаги арман диний консисториясида, сўнг арман нашриётлар жамияти идорасида (1887—93), «Аскер» болалар журналида (1905) ишлаган. Арман ёзувчиларининг Кавказ жамияти (1912— 21), Арманистонга ёрдам қўмитаси раиси (1921—22).
Туманян миллатлараро қонли тўқнашувларга (1905—07) қарши чиққан, 2 марта (1908, 1911) қамалган. 1899 йилда Туманян раҳбарлигида Тбилисида «Вернатун» адабий тўгараги ташкил қилинган. «Шеърлар» тўпламлари (1—2-жилдлар, 1890—92) нашр этилган.
90-йилларда яратган қатор шеър, достон ва балладаларида ижтимоий-психологик конфликтлар, арман халқи урф-одатлари фольклор анъаналарида акс эттирилган. Достонлари деҳқонлар ҳаёти ҳақида («Маро», 1887; «Лореци сако», 1889; «Ануш», 1890 ва б.).
«Сосунлик Довуд» достони (1902), «Охтамар» (1892), «Парвона» (1903), «Асал томчиси» (1909), «Шоҳ ва хабарчи» (1917) балладалари арман ва шарқ афсоналари асосида яратилган. Болаларга бағишлаб бир қанча асарлар ёзган («Мушук ва кучук», «Бахтсиз савдогар» ва б.).
Айрим асарлари ўзбек тилига таржима қилинган («Менинг қўшиғим», «Шеърлар», «Поэмалар», 1962, «Охтамар», «Афсоналар», 1972 ва б.).

ҚЎШЧИ ҚЎШИҒИ

Юр, омочим, юравергин жим,
То кечгача қиламиз шудгор.
Ер катламин ағдар бетиним,
Худо бўлсин паноҳ, мададкор.

Тортавергин, ҳўкизим, ҳормай,
Дадилроқ юр, ишлайлик иноқ.
Қамчинингни, ўғлим, туширмай—
Юр, қора кун даф бўлсин тезроқ!

Қарз берганлар қистар қарзини,
Жазоламоқ истар оқсоқол.
Поп ибодат қилиб, арзини —
Айтди, муддаоси: пул ё мол.

Гадой келди сўраб садақа…
Ҳаммасига пул керакдир, пул!
Озгина ер, йўқ сариқ чақа,
Гангитмоқда ночорлик нуқул.

Кундан-кунга кетмоқда мадор,
Болалар оч, йўқ гамхўр киши.
Соғ бўлсанг ҳам, бўлсанг ҳам бемор,
Ҳўкиз каби лозим ишлашинг.

Юр, омочим, юравергин жим,
Кечга қадар қиламиз шудгор.
Ер қатламин ағдар бетиним,
Худо бўлсин паноҳ, мададкор.
1887


АРМАННИНГ ҚАЙҒУСИ

Арманнинг қайғуси тубсиз ва чексиз,
Худди денгиз каби бепоён.
Лойқа тўлқинланиб турган шу денгиз
Қаҳрида мен ҳасратда ҳамон.

Аламзада бўлиб баъзида бу жон
Узин урар сароб — қирғоққа.
Баъзан сув тубига шўнғийди нимжон,
Туролмасдан у тик оёққа.

На у қирғоқ топар, на денгиз тубин,
Узидан ҳам ҳаттоки безор.
Арманга бу жаҳон тордир бус-бутун,
Жон қийналур ночор, беқарор.
1903

ОНА ЮРТ ҒАМИ

Кўркам далаларингнинг мафтуниман азалдан,
Қалбимда зўр меҳринг бор чақалоқлик маҳалдан.
Аммо ҳар гал тикилсам ғамга тўлади юрак,
Жафокаш азиз элим, хуноб бўлади юрак.
Қувғинга дучор бўлган фарзандларинг беҳисоб,
Вайрона қишлоқларинг, шаҳарларинг ҳам хароб:

О, афсус, ўлкам,
Кўп маъюс ўлкам!

Кўриб турибман: душман сени поймол этмоқда,
Гуллар сўлиб, кўркингга бир-^бир путур етмоқда.
Қишлоғу, шаҳарларда йиғи-сиғи ва нола,
Қўшиғу куйларинг ҳам маъюс, ҳасратга тўла.
Золимларнинг дўқидан кар ҳам бўлгудек қулоқ,
Зулм занжири туфайли ёш тўла кўзлар булоқ.

Бағри қон ўлкам,
Жонажон ўлкам!

Жароҳатинг кўп, бироқ бардамсан, ўлкам, ҳали,
Ҳали куч бор танингда қаддингни ростлагали.
Уйлайсанми, йўлдасан, сафардасан-у, фақат —
Ёлғиз худодангина кутиб турибсан мадад?
Биз эса фарзандларинг, қулоқни сенга тутиб,
Амрингни кутаяпмиз, турибмиз фармон кутиб.

Уйғон, бас, ўлкам,
Муқаддас ўлкам!

Ишончимиз комилдир, пайт келиб тонг отади,
Уйқуда соғлом юрак қачонгача ётади?
Ишоичимиз комилдир, кўтарганда бош қуёш,
Кекса Араратдаги ҳар бир гиёҳ, ҳар бир тош
Нурни хуррам қаршилар ҳаётдан мамнун бўлиб,
Шоиринг янги қўшиқ яратар завққа тўлиб.

Сақлама сукут,
Истиқболли юрт!
1915


ГРУЗИЯ ШОИРЛАРИГА

Улуғ Шота! Шеърларинг
Ҳароратлидир ҳамон.
Ҳамон улар қалбга яқин,
Руҳ бахш этар бир жаҳон.
Уша созинг қўлда бугун
Мағрурона янграйди.
Жондош, қондош Грузия
Бўйлаб шўх жаранглайди.
Шоталарни етиштирган
Кўркам диёр, ассалом!
Қучоғингга Араратдан —
Келдим, қалбда эҳтиром.
Келинг, дўстлар, биргалашиб
Бир куйлайлик-чи, қани.
Шонли ўтмиш ва истиқбол
Қувонтирсин ҳаммани.
Шундай қўшиқ куйлайликки,
Бўлиб момақалдироқ,
Золим кучга даҳшат бўлсин,
Боссин танин қалтироқ.
Майли, Кавказ, фарзандларинг
Шу қўшиққа жўр бўлсин.
Иноқ дўстлик тўйи бўлсин,
Тантанаси зўр бўлсин.
Ака-ука, опа-сингил,
Дўстлар, ота-оналар,
Тўпланингиз катта-кичик,
Йигитлар, жононалар.
Янги кунни қаршилайлик,
Қаршилайлик ҳамнафас.
Кўп ёш тўкдик — бизга сабоқ,
Зулмга йўл йўқ, энди бас
Улуғ Шота созини биз
Чалаяпмиз, бир қара,
Тушунарли ҳаммага ҳам,
Ҳаммага бу куй ярар.
Хизмат қилар улуғ қўшиқ
Улуғ мақсад йўлида.
Қалблар энди завққа тўлиқ,
Соз — бахтлилар қўлида.
Янги дўстлар, салом сизга,
Улганларга шараф-шон!
Араратдан олиб келдим —
Салом, дўсту қадрдон.
1919

Мамарасул Бобоев таржимаси