Али Муҳаммад ар-Роқий (1934)

Али Муҳаммад ар-Роқий 1934 йили Ливияда туғилган.

МЕНИНГ ВАТАНИМДА…

Ишқ тарк этди.
Олисларда қолди муҳаббат.
Севгим кетди.
Армон қолди,
битмас яра каби ғам қолди фақат.
Бу аччиқ қасидам
ишқ ҳақда эмас,
аччиқ армон ҳақда ҳам эмас.

Бугун сени куйлайман,
она юртим,
ўйлайман бепоён кўзларингни.
Қашшоқ ўлкам —
фалокат, уқубат, қон ва тер,
қуллар туғаётган
мунис она ер,
шаҳарларнинг кўчаларидан отилаётган
бўғиқ нолалар,
ингроқлар қуйида.
Шармандалик,
чиркинлик,
абадий очлик
севиклим – юртимнинг ҳамма жойида.
Бунда ерости қоронғусида
гўдаклар дунёга келар чалажон.
Яраларимиздан
азоб зардоби сочилар,
юракларда —
ғазаб, оғриқ ва армон.

Оқшом
сенинг устингдан,
менинг устимдан
бир йиғи овози ўтар.
Қонхўр чивинлар учарлар,
сил
ва вабо кезар ҳар ёнда.
Ярим туннинг
хазин шамоли
минглаб оилалар
путурдан кетган бўйраларда
юмалашиб ухлаётган
чирик кулбаларни тебратар
менинг юртимда,
севимли еримда,
она Ватанимда.

Беташвиш сайёҳлар,
кўнгилчан,
сахий меҳмонлар:
тиланчига айланган халқимга
олийжаноблик белгиси сифатида —
мис тангаларни улоқтиришар.
Қадим мадрасаларга ёндош
майдонларда
аёллар баданларини сотаётирлар,
менинг мамлакатимда,
севимли юртимда,
шонли ўлкамда
фахшга ботаётирлар.

Жимсан,
чалажон замин,
қулларни туғаётган
ерим,
битмас ярам,
уйқусиз ишқим!

Ҳамма нарса сотилади —
оламдаги ҳамма нарса —
бир ҳовуч тангага сотилади
бугун
менинг юртимда,
севимли диёримда,
шонли ўлкамда.

Карим Баҳриев таржимаси