Стивен Крейн (1871-1900)

Америкалик шоир Стивен Крейн (Stephen Crane) кўпроқ ёзувчи – насрнавис сифатида машҳур. Унинг уруш мавзусидаги “Зафарнинг қизил рамзи” қиссаси, харобазор ва ташландиқ минтақаларнинг қашшоқ одамлари ҳаётидан олиб ёзган новеллалари диққатга сазовор. Адибнинг шеърлари ҳам теран фикр ва мазмун билан ажралиб туради.

* * *

Бир одам бор эди – тили оғочдан.
Ҳавасланиб қолди қўшиқ куйлашга.
Ҳаваслари кулги уйғотади-я…
Уни тинглаб турган бошқа бир одам
Оғоч тиллар қандоқ сас чиқаришин
Ҳамда куйлаётган қўшиқчи гапин
Англашга уринди,
Англаб етди ҳам.
Яйраб-жўшиб кетди шунда қўшиқчи
Одамлар ўзига эътибор қилиб,
Қўшиқнинг мағзини чаққанлигидан.

ЙЎЛОВЧИ

Йўлчи йўл танлади Ҳақиқат томон
Ва ҳайратга тушди шу замон:
Ҳақиқат йўлини ўтлар босганди,
Босгани не, йўлни ўтлар тўсганди!

– Э-ҳа, – деди йўлчи, – кўз билан кўрдим,
Кўп йиллардан бери бу йўлдан ҳеч ким
Юрмаган, бормаган Ҳақиқат томон,
Ёмон бу, ёмон!

Шунда пайқаб қолди – ҳар майса-гиёҳ
Ханжардай чақчайиб турарди ногоҳ!
Ўт босиб ётгани ё шунданмикан?
Атрофлар қип-қизил… тўкилганми қон?

– Э-ҳа, – деди йўлчи, бўйнини бурди,
Оёғига боқиб, ўйланиб турди.
Бошини қилди у сарак ва сарак –
Бошқа ёқда ҳам йўл бор бўлса керак…


ОДАМ ЧОПАР ЭДИ УФҚЛАР ТОМОН

Унга тутқич бермай қочар эди уфқ,
Мен уни кўрдим-у, ачиди жоним,
Ирод қилдим унга шундай сўзларни:
– Қилаётган ишинг ақлга сиғмас,
Сен уни ҳеч қачон…
– Ёлғон! – деб бақирди одам энтикиб,
Яна чопа кетди уфқлар томон.

ҲИКМАТ КИТОБИ

Набийга дуч келдим.
Қўлларида ушлаб турар
Ҳикмат китобин.
– Жаноб, – дея ўтиндим мен, –
Ўқиб берайин.
– Фарзанд, – дея гап бошлаган эди у,
Аммо
– Жаноб, – дедим шоша-пиша сўзини бўлиб, –
Мени бунча нодон билманг
Фарзанд деб атаб.
Қўлингизда тутиб турган китобдан кўпроқ
Нарсаларни биламан мен, ҳа, ҳа, биламан.

Табассум қилди-да, очди китобин.
Кўзларим олдига кўзгудай тутди.
Ажаб, ўша саодатли дақиқаларда
Қамашиб кетди-ё кўзларим нурдан!!!

* * *

Саҳрода улоқиб, адашиб қолдим.
Хитоб қилдим сўнг:
“Мени бу чўллардан қутқар, худойим!”
Шундай овоз келди: “Чўл эмас бу ер”.
Мен қичқирдим: “Балки айтганинг тўғри.
Бироқ манов олов, қумни, саробни, уфқни
Нима деб атай мен?”
Овоз вазмин эди: “Чўл эмас бу ер”.


ИНСОН КЎРДИ КЎКДА… ПУФАКЧА

Инсон кўрди кўкда олтин айлана;
Унга интилди.
Қўл чўзди, сакради. Ёнига борди –
Айлана олтинмас, тупроқдан эди.

Нима бўпти шунда, дейсизми?
Қаранг:
Инсон қайтиб тушиб заминга аранг,
Яна кўкка боқди –
Осмонда яна
Осилиб турарди олтин айлана.

Қизиғи шу эди, қизиғи – мана,
Осмонда турарди олтин айлана.
Худо ҳаққи,
Ана – олтин айлана!


ЮРАК

Саҳрода яланғоч-шир махлуқсифат,
Қўққайиб ўтирган бир одамизод,
Қўлларида тутиб ўз юрагини
Тамшаниб-тамшаниб ғажирди, ҳайҳот!

Мен дедим:
– Ош бўлсин, хушхўрми, ошна?
Жавоб берди:
– Аччиқ, аччиқ заҳардай.
– Аммо менга ёқар аччиқлигиким,
– Сабаби, бу – менинг, менинг юрагим.

* * *

Янгради урушнинг тахир овози!
Қоп-қорайиб кетди, чатнади замин;
Аёллар оҳ уриб, фарёд чекдилар;
Болалар чопдилар йўқотиб ўзин.
Бир одам билмоқчи бўлди: нима гап?
Додлайди, чопади ҳамма, нимага?
“Маъносини тушунтиринг”, – деди у одам.
Маъносини тушунтирмоқ бўлди минг одам.
Шундай ғала-ғовур қўптики, унда
Маъно-мазмун қолмаганди маҳшардай кунда…


МАЙСА

Фалакда,
Барра ўт, майса-гиёҳлар
Ҳолиқ ҳузурида эҳтиром сақлар.
Титрашиб, турарлар таъзимда бари,
Барининг ер чизиб турар кўзлари.

– Ҳаётда нима иш
Бажардинглар, хўш? –

Сўзга тушиб кетди барча майсалар,
Келтирган нафларин тилга олсалар –
Ҳар бирида мавжуд тоғ-тоғ эзгулик,
Эшитсанг, барига ҳавас этгулик!

Бир майса уялиб четда турарди.
Холиқ уни кўриб, сўради:
– Хўш, қани, сен айт-чи, нима иш қилдинг,
Қай ишни ҳаётга фойда деб билдинг?
– Парвардигор, – деди шунда майсача, –
Менинг қилган ишим – кичик пайса-ча!
Қилган эзгу ишим балки кўпдир, кўп, –
Барин унутибман дийдоринг кўриб!..

Қад ростлади шунда Халлоқи олам,
Тикка бўлди Жанант, Арши Аъло ҳам.
Янгради Холиқнинг меҳрли сўзи:
– Энг гўзал, энг Нофиъ ўзингсан, ўзинг!


УСТАЛАР

Тоғнинг тепасида сонсиз усталар
Ғиштдан ясадилар маҳобатли шар.

Шармисан, шар! Буни ким ҳам кўрибди,
Ана, тоғнинг тепасида турибди.

Ўз ишидан мамнун бўлиб усталар
Пастга – водий томон аста тушдилар.

– Туришини қаранг! – дедилар секин. –
Аломат бир ишни қилибмиз лекин!

Шунда, тасодифан, кутилмаган чоғ
Пастга қулай кетди улкан шар ногоҳ.

Қулади, ҳаммани босиб тушди шар,
Улгурмади қичқирмоққа ҳам кўплар…

* * *

Одамлар ичидан дўст изласанг, гар,
Бил: улар молларин мақтаётирлар.
Худодан сўрасанг улар ёзиғин,
Бил: улар молларин мақтаётирлар.
Одамларга бахту иқбол тиласанг,
Бил: улар молларин мақтаётирлар.
Одамларга илсанг тавқи лаънат, гар,
Бил: улар молларин мақтаётирлар.
Улар молларини мақтаётирлар,
Улар молларини мақтаётирлар.
Жалб қилмоқ истасанг улар диққатин,
Бил:
Уларнинг молини мақтамоқ керак,
Ё молни мақташдан тўхтамоқ керак.

Русчадан Музаффар Аҳмад таржимаси