Ридха Зили – тунислик шоир. 1943 йили туғилган.
* * *
Чақмоқ чаққанида агар ювош тортсангиз
Вулқон портлашидан қучса ногаҳон даҳшат
Тунги сокин уммон сизга ётдай туюлса
Қалбингизга оқиб кирса вулқон лаваси
Аччиқ севги шаробидан сархуш бўлсангиз
Қушлар жону жаҳди ила ўпишса агар
Агар шамол соядан қоча бошласа
Агар қуёш бош эгса
Ерда бодринг ўсмаса
Болалар нон ва ёғни ўйлашар экан
Кундан қочган арвоҳлар дайдиркан тунда
Юлдузлар кўз ёш бўлиб тўкилса агар
Юракдаги аланга ловуллаб турса
Атиргуллар ўсмаса агар дўзахда
Агар қалбда ҳаяжон қалқса қайтадан
Бош бомбага айланиб
Дарё ирмоқ бўлмасдан
Қабристонни яшириб тунлар
Сувлар узра тонглар отмаса
Менинг қуруқ калималарим
Нотинч айлаб сизни қийнаса агар
Ўтинчим шу:
Кўзингизни кўр қилиб дарҳол,
Тингланг тингланг тингланг
Тингланг менинг мурғак шеъримни.
Нормурод Нарзуллаев таржимаси