Бернар Дадье (1916)

Бернар Дадье (Bernard Dadié, 1916, Асини, Абиджан яқинида, Кот-д’Ивуар) — ёзувчи, драматург, шоир, фольклорчи. Француз тилида ижод қилади.

XАЛҚИМГА

Уларга ёт дунёдан чиқдим,
бегонаман,
ўгайман уларга!
Улар тўқиган бирон китобда
мен ҳақимда битта ҳам сўз йўқ —
Чунки халқнинг боласиман мен!
Бироқ Африка ҳам уйғонди охир
алғов-далғов аср суронларидан.
Одамлар,
бўш келманг, бўшашманг!
Маҳбусхона,
чорраҳалар,
ишчи бараклари олдида
ҳайқираман дуч келган одамга;
Сен ўзига-ўзи хон, ўзига-ўзи бексан,
ахир сен халқсан!
Ким ўзин ҳар нега
эга деб билса,
Ким сени ишлатиб тишласа нонинг.
Ким боғлаб кўлингни кийдирса кишан,
Ким бўғса бўйнингдан асрлар бўйи
Лиқ тўла сандиқнинг устида турар.
Ўйлашар чирийди деб
шу сандиқда
бизнинг эркни, бизнинг бахтни.
Ана, кариллашар ҳаром бойлигу
зўравонлигидан қутуриб.
Ҳар оқшом ҳисоблаб фойдани
«Қора» деб кулишар устингдан.
Бунга ўзинг йўл қўйдинг —
Бўйнингга заҳматдан солдилар кишан.
Елкангда қамчинлар изи — ачишар.
Аммо сен ўзига-ўзи хон,
ўзига-ўзи бексан —
ахир сен халқсан!
У, эрки ўзида халқ!
Англармисан сен
Ҳақорат дилингни оғритмасми ҳеч?
Орзуинг топташар сурбетлик билан,
Аччиқ ҳасратингдан шодмондир улар,
Ифлос этик билан тепиб кўксингга
«Қулсан! — деб жириллар. — Қуллигингча қол!»
Хўрлик ўзлигингни қилди нотайин.
Сен эркинми шунда?
Ҳа! Фақат сен!
Сен ўзига-ўзи хон,
ўзига-ўзи бексан!
Сен суғординг ерни қон ила,
Шоли экдинг, қурдинг кўприклар.
Ип йигирдинг. Қилдинг —
неки келса инсон қўлидан.
Ва сен, фақат ўзинг
Бошпанасиз, нонсиз изиллаб юрдинг.
Маҳбусхона дарвозаси олдида
ётдинг чангга беланиб хор-зор.
Ў, ўзига-ўзи хон,
ўзига-ўзи бек халқ!
….Уларга ёт дунёдан чиқдим,
бегонаман. Кучлиман улардан.
Улар тўқиган бирон китобда
мен ҳақимда битта ҳам сўз йўқ —
чунки халқнинг одамиман мен.
Қадимий Африка уйғонди лекин,
алғов-далғов аср суронларидан.
Одамлар,
бўш келманг, бўшашманг!
Маҳбусхона, чорраҳалар,
ишчи бараклари олдида
ҳайқираман
ўз еримнинг одамларига:
Сен — заводлар шоҳи!
Сен — далалар султони!
сен — халқсан,
демак,
Ўзига-ўзи хон,
ўзига-ўзи бексан!

МЕН БУНИ БИЛАМАН

Машина олишга етмаса курбим —
Одам қаторига қўшишмас улар.
Ҳеч вақо бўлмаса киссамда агар —
Одам қаторига қўшишмас улар.
Ҳашамдор ҳовлим ҳам бўлмаса —
Одам қаторига қўшишмас улар!
Ҳа, мен буни биламан!
Тополмасам ҳеч нарса
Тўлашга сув пулини —
Одам қаторига қўшишмас улар.
Суришар у жойдан-бу жойга доим,
ортиқчаман улар ичида.
Эски, йиртиқ латтадек отишар деразадан,
қорним очдир, юрагим қалқар ички ларзадан.
Уяламан улардан!
Улар таъқиб этар мени ўғри деб,
Очлигим хавф солар бойликларига.
Изғир доим изимдан қўйилган айғоқчилар.
Хавфлиман сандиқлари,
сейфлари учун.
СарқитИ, банклари,
тартиб, ҳукумати учун.
Негаки мен — йўқсул, садақа қилолмайман.
Уларда шафқат ҳиссин қўзғатаман доимо.
Ҳа, мен буни биламан!
Аммо келар бир тун — улуғ дўнишлар туни,
Улар тортишар хира,
сўнгра чириб битарлар,
Уз ноҳақликларИ сўнг бор чақнаб ўлдирар.
Халқ қўзғалар, демак, эртага.
Ҳа, қўзғалади халқ.
Ҳа, қўзғалар қуллик ила кишанбанд этилган
халқ.
Меҳнатнинг музаффар қўшиғи
Бирлашган кишиларга
Бахш этади шодлик.
Ва юраклар зарбига бўлиб кетар ҳамоҳанг.
Ҳа, эртага! — Ғолиб чиқади инсон.
Қитъалар бирлашиб бахтиёр бўлгай.
Оқу қора, сариқ-яшил — ҳаммаси
Биродар бўладилар!
Ҳа!
Оқу қора, сариқ-яшил — ҳаммаси
Биродар бўладилар!
Бизларни муҳаббат бирлаштирар абадий.
Биз манманлик, очликни ўлдирамиз мангуга.
Ер юзида токи ҳеч инсон
Орзу қилаётган инсонни,
Қайғу чекаётган инсонни,
Севаётган инсонни,
Яшаётган инсонни —
Ўз жигарин эзмасин
Ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон!

ЗАНЖИРЛАР

Ёқайин деб хўжамга
ҳабаш ўзга ҳабаш бўйнига
осаётган занжирлар
қандай оғир, оғирдир.
Тўсманг халқнинг йўлини!
Битсин занжирлар,
Қочсин йўлдан ғовлар!
Тоза сувлар кўмсин ер юзин —
кирлик, ифлосликни супурсин!
Ёқайин деб хўжамга
ҳабаш ўзга ҳабаш бўйнига
осаётган занжирлар
қандай оғир, оғирдир.
Қўлларимни қисиб оғритган занжир
оғир, оғир, оғирдир ахир!
Парчалансин, битсин кишанлар!

Аъзам Ўктам таржималари

ЁҚТИРМАЙМАН

Биз қораларга бўйинбоғ нечун?!
Мен олифта Европа
бўйнимга таққан итнинг занжирини
осиб олганман.
Белимга камар эмас,
зобит Европанинг
занглаган кишанини таққанман.
Бошимда темир қопқоқ,
девона Европанинг қопқоғи.
Дубулғани менга раво кўришмас.
Ўлимни олиб юраман қўлимда,
алаҳсираган Европанинг ўлимини.
Қўлларим соат тақишни ёқтирмас.
Тошларни ёмон кўраман,
залворли қабр тошларини,
зиндонларнинг деворидаги тошларни.
Қабристонлар ёнидаги
тошдан тикланган маҳбусхоналарни
қўриқлаётган соқчиларнинг қўлидаги
калитларни ёмон кўраман.
Ёмон кўраман
рақсга тушаётган шаҳарлар узра
тун сукунатида сиртлон каби қичқираётган
қарғаларнинг чинқириғини.
Кўришни истамайман
болаларнинг кўзидаги ёшни,
оналарнинг қарашидаги ғам-ғуссани.
иложсизликдан тиришган пешоналарни,
азобга ботган нигоҳларни,
қўрқувдан сарғайган юзларни,
кўришни истамайман.
Кўр бўлсам яхшийди,
ҳар кун кўргунча
юпун аёлларни,
забун эрларни.
Тиланиб турган боланинг
дилдираган қўлларини
кўришни истамайман.
Садақа сўраб турган
Келажакни…
кўришни истамайман
Истамайман!..

ҚЎЛЛАРИМИЗНИНГ ЧИЗИҚЛАРИ

Кафтдаги чизиқлар,
Қўлдаги чизиқлар —
Параллеллар тўримас,
Меридианлар ҳалқаси эмас.
Тоғ йўллари эмас,
Дарахт пўстлоғидаги ўйиқлар эмас,
Қадим жанглар изи – чандиқлар эмас.
Кафтдаги чизиқлар,
Қўлдаги чизиқлар —
Илонизи хандақлар эмас,
Тиконзорлар аро ўтган
Сўқмоқлар тўримас,
Ўпқонларнинг қовоқ уйган дарзимас.
Кафтдаги чизиқлар,
Қўлдаги чизиқлар —
Уқубат илдиз отган
Торкўчаларнинг чалкашлигимас,
Кўз ёшларининг ачимсиғини шимган
Ариқларнинг нозик калаваси эмас.
Қаҳр занижиримас,
Дор ипи эмас…
Кафтдаги чизиқлар,
Қора, оқ, сариқ
Қўллардаги чизиқлар —
Чегара тасмалари эмас,
Далаларнинг марзасимас,
Уватлар эмас,
Жанжаллар тўпини боғлаган
Каноптола тўқимасимас.

Қўлдаги чизиқлар —
Ҳаёт йўлидир,
Дўстликнинг ва ёруғ Тақдирнинг,
Бахтнинг ва Кўнгилнинг чизиқларидир.
Қўлдаги чизиқлар —
Ўлганлар ва тирикларни
Абадий боғлаган,
Турли минтақалардаги дўстларни
Боғлаган
Нафис занжирдир.
Қўлдаги чизиқлар
Қорамас,
Оқмас,
Сарғишмас.
Қўлдаги чизиқлар
Орзуларимизни
Бир гулдаста каби боғлаган
Риштадир.

АРТ КЎЗ ЁШЛАРИНГНИ!

Африка, арт кўз ёшларингни!
Болаларинг қайтмоқда,
қайтмоқда жонажонлар,
Бўронлар, чақмоқлар оралаб,
самарасиз саргардонликдан
қайтмоқда
овворайи жаҳонлар.
Тўлқинлар қаҳқаҳаси ва елвизак шивири остида,
тонг шафағига ўраниб,
шом яллиғида товланиб,
мағрур чўққилардан тушиб,
офтоб оташ сочган саванналардан
дашту биёбонлардан
келмоқда сен томон,
бўронлар, чақмоқлар оралаб,
бесамар тентирашлардан
қайтмоқда улар.
Африка, кўз ёшларингни арт!
Бизнинг юракларимиз
аччиқ қисмат
ва шонларнинг
барча булоқларидан
тўйиб ичгандир.
Қалбдаримиз очиқ
ярқираган дийдоринг учун,
ўрмонларингнинг хуш бўйлари,
сувларингнинг жодуси,
осмонингнинг мовийлиги учун,
нурларингнинг эркалаши,
шабнамга чайилган майсаларингнинг жозибаси учун
ташна қалбларимиз.
Африка, арт кўз ёшларингни!
Болаларинг қайтмоқда.
Кафтларида туҳфалари бор,
қалбларида — ишқ.
Болаларинг қайтмоқда
сени орзулар ва умидларнинг
либосига буркамоқ учун.

ФАРАНГ ОҲАНГИДА МУНОЖАТ

Золимлар аҳлидан
қутқар, Худойим.
Жоҳиллар жаҳлидан
қутқар, Худойим.
Жосуслар сеҳридан
қутқар, Худойим.
Озод қиламан деб алдаётган Европанинг
алдамчи меҳридан
қутқар, Худойим.
Уларнинг чеки йўқ мулк даъвосидан
қутқар, Худойим.
Яна мансабдорнинг нафс балосидан
қутқар, Худойим.
Мустамлакачиликдан,
яккаҳокимликдан
қутқар, Худойим.
Африка “муаммосида илми зўр”лардан
қутқар, Худойим.
Музаффар мунофиқлардан, рибохўрлардан
қутқар, Худойим.
Ўлганлар руҳига ором бер, Тангрим.
Қўшиқларимиз ва орзуларимиз ҳақдир.
Аввало бизни
қуллигимизга сабаб бўлаётган
нафсимиздан
ва ҳаммага ишониб кетаверишимиздан,
лақмалигимиздан
қутқар, Худойим.
Омин!

ЗАНЖИРЛАР

Оғир, оғир, жудаям оғир —
Хўжайинга ёқмоқлик учун
Занжи
Занжи учун ясаган занжир.
Халқ йўлини тўсманг, олға йўл олсин!
Занжирлари синсин,
Тушов йўқолсин!
Тўсиқларни кечиб уйғонсин жонлар,
Йиқилсин деворлар, йитсин тўғонлар.
Тоза сувлар тошсин, боғларга юрсин,
Чиркин жиноятлар қонини ювсин!
Оғир, оғир, жудаям оғир —
Хўжайинга ёқмоқлик учун
Занжи оёғига
Занжи осган занжир.
Оғир, оғир, даҳшатли оғир
Қўлларим боғлаган бу темир занжир!
Синсин, ахир, йўқолсин, ахир!

Карим Баҳриев таржималари