Муҳаммад Азиз Лаҳбобий (Марокаш)

Муҳаммад Азиз Лаҳбобий – Марокашлик шоир

ТИНГЛА, ЎҒЛИМ

Ўғлим!
Сен яшашинг керак.
Бунинг-чун ўзгартмоқ керак дунёни.
Бунинг-чун қора қозонни
Юз йиллик қурумдан тозалагандай —
Роса артмоқ керак дунёни.

Ўғлим!
Ҳаётингни бераман ўзим.
Лекин тинч кунларни оласан қайдан?
Сенга укалар ҳам топилар, қўзим,
Лекин қардошликни, биродарликни
Осуда қалбингга соласан қайдан?

Сен улғайиб, юриб кетарсан,
Оқ кўйлакда қувнаб бир олам.
Йигит бўлиб, кучга тўлганда,
Оддий ишчи коржомасини
Кийганингда чекмагин алам.
Шунисига шукур қил, болам!

Агар сени мажбур этсалар,
Кийдирсалар аскарчасига
Ва десалар: от!
Чидаш мумкин, о, барчасига
Лекин, бу даҳшат!
Тепкини босасан
Кўзингни қисиб,
Рўпарангда чўзилар ўлик,
Димоғингга урар қон иси.
Бу оломон қони —
Одамлар қони.
Ўғлим, бунисидан
Йўқдир ёмони.

Сенга ўргатсалар
Юриш, отишни…
Отишу юришни
Одат этсалар,
Юртга ўт қўйишни,
Молни чавоқлаб,
Боғларни қиришни,
Одам ўлдиришни,
Одам сўйишни,
Сенга ўргатсалар —
Бу даҳшат, ўғлим!

Файзи Шоҳисмоил таржимаси.