Фикрат Қўжа (1935)

Қўжаев Фикрат Гўйуш ўғли (Fikrət Qoca) 1935 йилда Ағдаш туманининг Котанарх қишлоғида туғилган. Озарбайжон халқ шоири, хизмат кўрсатган санъат ходими. 1964 йилда Москвадаги Горький номли Адабиёт институтини битирган.
«Озарбайжон ёшлари» газетаси ва «Озарбайжон» журналида ишлаган. Бир қатор поэмалар ва қиссалар, шеърий китоблар муаллифидир. М. Лермонтов, Т. Шевченко, Э. Межелайтис, И. Волкер, Х.Рисал, И.Тауфер асарларини озарбайжончага ўгирган.

ИЛК СЕВГИ

Сени севганимдан қўрқиб қолганман,
Ўзим ҳам ўзимга бераман савол.
Биллур ўйинчоқли бола бўлганман,
Қўрқаман тушириб синдирсам увол.

Кўзларим ҳамиша юзингда бўлар,
Қўрқаман қарашинг совуса бирдан.
Ўйласам кўзларим ёшларга тўлар,
Бундай бахтиёрлик кўрган эмасман.

Севгилим, сен менга кўнгил очганча,
Ҳижронинг васлингдан итқитар мени.
Бахтиёрлик менга ёндашса қанча,
Бадбахтлик шунчалар қўрқитар мени.

Бунга ишонмайди ҳатто тентак ҳам,
Умр узун бўлар, бахт ундай эмас.
Узоқ умр бордир олдинда ҳали,
Умрни бахтиёр яшамоқ бўлмас.

Ҳар ширин дамларнинг аччиқ они бор,
Бизнинг у онимиз аввал бўлсайди.
Ҳар сокин денгизнинг бир тўфони бор,
Бизнинг тўфонимиз аввал бўлсайди.

Аввал қолсам эди ёмғирда, қорда,
Захматим шу қадар ишқда ёқсайди.
Аввал чиниқсайдим пўртаналарда,
Сўнг эса юзимга қуёш боқсайди.

Шунда бирданига қаршимдан чиқдинг,
Дедимки: Севаман… — Севаман дединг.
Сен бутун умримни йўллардан йиғдинг,
Бир оннинг ўзида бахтли айладинг.

Япроқдек титрайман сенинг ёнингда,
Куним қуёшсиздир, туним ҳам ойсиз.
Учраб қолиб ишқинг гирдибодига
Чўкиб кетаяпман жим ва дод-войсиз.

КЕЧА ЖУДА ҲАМ УЗУН

Кўзим нурига, эркам,
Ҳар киприк бир юк бўлар,
Кеча жуда ҳам узун,
Баъзан бир умрдан ҳам
Бир кеча буюк бўлар.

Ўйларимда сен ҳар зум
Хаёллар ширин-ширин
Хаёллар аччиқ-ожи.
Кеча жуда ҳам узун,
Қалб висолинг муҳтожи.

Шодон кеча кундузинг,
Балки тушингда ўзинг
Хумор-хумор куларсан.
Эҳ,… қайданам биларсан,
Кеча жуда ҳам узун.

ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ

Уйим — автобуслар,
вагонлар, тайёралардир.
Манзилим — қишлоқпар,
шаҳарлар, сайёралардир.
Мил ёнлаб чақирим билан
Ўлчанади умрим — ҳаётим.
Ким билади,
Қайда сўнгги бекатим?!

Файзи Шоҳисмоил таржималари