ОТАМНИНГ ВАСИЯТИ
Яқинроқ кел,
Яқин кел.
Бўйрага ўт,
Бўйрага.
Оловни ёқма,
Оловни.
Истамайман тутунни,
Истамайман тутуннинг
Сени йиғлатишини,
Сени йиғлатишини.
Магар йиғласанг, унда
Марҳум бобонгга йиғла,
Марҳум момонгга йиғла.
Йиғламагин қошимда,
Йиғламагин бошимда,
Ўғлим — авлодим менинг.
Яқинроқ кел,
Яқин кел.
Бўйрага ўт,
Бўйрага.
Оловни ёқма,
Оловни.
Ёдда тут, ўғлим:
Оғанглар билан
бирлашиб яша,
бирлашиб яша.
Ўн чўпни букмоқ
Осон битталаб,
Боғлам бўлса мабодо
Азобдир, азоб.
Сўзларимни унутма
Ўғлим — авлодим менинг!
Сенга тағин айтаман:
Кўра олмай, эшитган
Нарсаларига шукр
Этгувчи ожизларга
Ўхшамасдан тўғри юр.
Ва мана, эшит яна,
Нималарни айтаман:
Қамиш янглиғ яшагин —
Шамолда эгилувчан.
У бош ирғар, эгилар
Аммо ёвуз бўрон ҳам
Синдира олмас уни…
Яқинроқ кел,
Яқин кел.
Бўйрага ўт,
Бўйрага.
Оловни ёқма,
Оловни,
Ўғлим — авлодим менинг.
МЕНИНГ ЯХШИ ДОСТОНИМ
Бу достон —
Барча достонлардан гўзал.
Кўрганим, меҳнатим
Нури самари.
Бу достон
Умримдан ривоят сўзлар,
Менинг иқтидорим,
Юрагимда бўртаётган
Хатарли ғудда.
Бу достон —
Сонетлар дафтарчаси эмас,
Лирик бўтқаларнинг тўплами эмас.
Дунёда исм йўқ
Бу достон учун —
Инқирозга элтар танқидчиларни.
Бу достон —
Энг улуғ достон.
У яшар
Мана қанча йиллардан буён,
Тугалланмаган, деб айтиб ҳам бўлмас.
Бу достон —
Мен уни ёд биламан.
Кўнглимда варақлайман
Кундуз ҳам,
Орзуларга чўмган дамда ҳам,
Тунги ғафлат онларида ҳам.
Биламан, бу достон,
Яратилмай қолмас,
Гарчанд бошланмаган шу дамга қадар.
Биламан, бу достон,
Ҳеч қачон бошланмас —
Мумкин эмас уни бошламоқ,
Чунки уни тугатмаса бўлмас.
Бу достон
Миямнинг энг ишончли
Пучмоғида шундай қолажак.
ЖАРАЁН
Бу қабоҳат —
Янги қабоҳат эмас.
Биз унга чидадик
Жуда кўп йиллар.
Унга қараб туриб
Чеккадан
Фақат ликиллатдик
Думларимизни.
Ҳамд-сано ўқидик
Лайчалар мисол,
Ҳо-ҳоладик
Лозим бўлмаган пайтда,
Ўлтирдик
Югурмоқ керак лаҳзада.
Тек турдик
Курашмоқ зарур паллада,
Ётдик сакраш керак бўлганда,
Уйқуга кетдик биз
Уйғонмоқ пайти.
Энди,
Ҳаёт отлиғ бу чангалзорда
Ҳар бир чирмовуқ
Ўзи хоҳлагандай яшаш ҳаққига
Эга чиқмоққа мажбур.
Ҳатто ожиз,
Нимжон гиёҳ ҳам
Озод юксалишга кўк қадар
Маҳкум сезажакдир ўзини.
Ва мана, кучаниб
Қабоҳатнинг эсдан оғдиргувчи
Қўланса исларин йўлин тўсамиз.
Биз қарши ҳужумни бошлаймиз энди.
Ожиз зарб — бари бир зарб,
Зарбларимиз кўпаяр экан
Қабоҳатни яралар тайин,
Яра эса ҳалокатли бўлиши мумкин.
Чори Аваз таржималари